Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
12.05.2015

ИНСОН, ХАЛҚ, МИЛЛАТ

тарихий хотира билан тирик ва барҳаётдир

Бугун ҳеч кимга сир эмас: миллион-миллионлаб одамлар ҳалок бўлишига сабаб бўлган, мислсиз йўқотишлар, талафот ва мусибатлар олиб келган бу уруш инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлганини ҳеч ким унутмайди. Ва фашизм устидан қозонилган ғалаба нақадар қимматга тушганини юртимизда яшаётган ҳар қайси оила, ҳар қайси одам яна ва яна бир бор англаши, қалбидан ўтказиши табиийдир...

Президентимизнинг Хотира майдонида билдирган ушбу фикрлари халқимизга мустақиллик қадрини, тинчлик қадрини яна бир марта англатди.

Мирсултон ҲАСАНОВ, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, Юнусобод тумани «Оқтепа» маҳалласидан:

— 17 ёшимда урушга кетганман. Мендан олдин отам ва акам ҳам сафарбар қилинган эди. Отам яраланиб, уйга қайтди. Акам эса бедарак кетди. Уруш бизнинг оиламизга катта мусибатлар олиб келди. Телевизор орқали Президентимизнинг Хотира майдонида билдирган фикрларини эшитиб, уруш йилларини эсладим. ...Жанг майдонларида қурбон бўлган ота-боболаримиз қандайдир тепалик ёки қандайдир «улуғ доҳий» учун эмас, аввало, ўз юрти, ота-онаси, севган ёри, фарзандлари учун жон берган, «Қани энди, юртимни, ўзимнинг азизларимни яна бир бор кўрсам», деб ҳаётдан кўз юмган, деган сўзлари урушда ҳалок бўлган акам Мирғани Файзиевнинг ёзган хатини яна бир бор ёдимга туширди. Унда шундай жумлалар бор эди.

«Онажоним, яқинларим, мен соғ-саломатман. Уруш ҳам тугай деб қолди. Ғалаба деярли биз тарафда. Сизларни жуда соғиндим. Худо хоҳласа, дийдор онлари яқин...»

Афсус, дийдор қиёматга қолди. Акамнинг охирги хатини онам бир умр қўлидан қўймади. Умрининг охиригача акамни кутиб яшади. Онам мисолида шуни ҳис қиламанки, юртимиздаги юз минглаб оналар ана шундай оғир жудолик, армон билан дунёдан ўтди...  

Пойтахтимиз марказидаги Хотира майдонига невара-эвараларим билан тез-тез бориб тураман. Уларга урушнинг оғир йиллари, акам, отам, қуролдош дўстларим ҳақида гапириб бераман.

Президентимиз суҳбат давомида яна бир бор ҳаммамизнинг эътиборимизни тинчликни асрашга қаратди. Биз, уруш қатнашчилари уруш нималиги, тинчлик қадрини жуда яхши биламиз. Тўғрисини айтганда, Юртбошимиз қалбимизнинг туб-тубидаги гапларни айтди. Эътибор берган бўлсангиз, Президентимиз бизга тинчлик ва омонлик керак, деган даъватни қайта-қайта такрорламоқда. Бу ҳақиқатни барчамиз яхши англаймиз. Тинчликка эса ўз-ўзидан эришиб бўлмайди. Бунинг учун курашиш керак бўлади. Ҳаммамиз кўриб турибмиз, билиб турибмиз, Юртбошимиз мамлакатимизда, минтақада тинчликни асраш учун жони-жаҳонини бағишламоқда. Хотира майдонида айтилган фикрлар тинчлик ва тотувликни асрашга қаратилган яна бир қадам бўлди.    

Сахобиддин АРЗИҚУЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Инсоният тарихида рўй берган саккиз мингдан ортиқ урушлар мобайнида қарийб уч ярим миллиарддан кўпроқ одам ҳалок бўлган. Иккинчи жаҳон уруши эса тарихдаги энг мудҳиш, одамзод бошига мислсиз кулфатлар келтирган қирғин бўлди. Бу даҳшатли уруш халқимиз бошига ҳам оғир мусибатлар солди.

Президентимиз Хотира майдонидаги мулоқотда ушбу масалага алоҳида тўхталди. ...Қарийб ярим миллион юртдошимиз шу урушда ҳалок бўлгани, қанча-қанчаси ногирон, майиб-мажруҳ бўлиб қайтгани, қанча-қанча аёллар бева, болалар етим бўлиб қолганини ҳар қайси оила ҳали-бери эсидан чиқармайди. Бошқача қилиб айтганда, юртимизда бирорта хонадон йўқки, мана шу муд­ҳиш уруш жабрини ўз бошидан ўтказмаган бўлса...

Ана шундан келиб чиқиб фикр­лайдиган бўлсак, урушда қатнашган, фронт ортида меҳнат қилган кексаларимизни қадр­лаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир.

Яқинда бир маълумотга кўзим тушди. Барчамизга яхши маълумки, Ўзбекистонда Президентимиз ташаббуси билан 1999 йилдан бошлаб  9 май Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланиб келинади. Мана шу санадан бир неча йил ўтгач, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 8-9 май кунларини бутун дунёда тинчлик, хотира, қадрлаш куни сифатида байрам қилиш белгиланди. Бу юртимизда амалга оширилаётган инсонпарвар сиё­сат, одамларнинг хотираси, қадр-қимматига кўрсатилаётган эътибордан жаҳон жамоатчилиги ибрат олаётганининг исботидир.

8 май куни Халқ таълими вазирлиги томонидан мамлакатимиздаги 9800 га яқин умумтаълим мактабларида уруш ва меҳнат фронти фахрийлари иштирокида «Тинчлик дарслари» ўтказилди. Уларда уруш даври, боболаримизнинг қаҳрамонликлари ҳақидаги ҳикоялар, бугунги тинч ва фаровон кунларни қадрлаш борасидаги фикр-мулоҳазалар билдирилди. Бундай кенг қамровли, катта маъно-мазмунга эга бўлган лойиҳалар энг аввало ёшларимизни ватанпарвар, дов­юрак, матонатли бўлиб улғайишларига хизмат қилади. Тинчликни асраб-авайлашга ўргатади. Ажаб эмас, эртага мазкур тажриба ҳам бутун дунёга ёйилса, жаҳон мактабларида тинчлик дарс­лари ўтилса.

Бунга ўхшаш тадбирлар барча жамоат ташкилотлари, хусусан, сиёсий партиялар томонидан ҳам ўтказилмоқда. Ўзбекис­тон Халқ демократик партияси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси билан ҳамкорликда республикамизнинг барча минтақаларида уруш ва меҳнат фронти фахрийлари билан учрашувлар, мулоқотлар ташкил этилмоқда.

Президентимизнинг 9 май —Хотира ва қадрлаш куни оммавий ахборот воситалари вакиллари билан бўлган суҳбатда билдирган фикрлари бу борада янги вазифаларни илгари сурмоқда. Энг аввало, биз, депутатлар, партия фаоллари бу фикрлар маъно-мазмунини чуқур англаб олишимиз зарур, деб ўйлайман. Ана шундан сўнг мазкур ғояларни жамоатчилик, хусусан, партия аъзолари, электорат вакиллари ўртасида самарали тарғиб этишга эришамиз. Тинчлик ва осойишталик, озодлик ва мустақиллик қадрини чуқур англаган, бунинг учун астойдил курашган халқни эса ҳеч қандай куч енга олмайди.

Ойтўла АБДУРАИМОВА, «Истиқбол» ёшлар қаноти Самарқанд вилоят бўлими етакчиси:

Хотира ва қадрлаш куни нафақат уруш қатнашчилари, нуронийлар, балки биз, ёшлар учун ҳам жуда муҳим сана ҳисобланади. Чунки шу кунларда уруш кўрган боболаримиз, фронт ортида меҳнат қилган сабр­ли момоларимиз билан суҳбатлар қиламиз, уларнинг ҳаёт мазмуни, тинчлик қадри ҳақидаги фикр-мулоҳазалари, ўгитларини тинглаймиз.

Президентимизнинг мана бу сўзлари бутун Ўзбекистон ёшлари қатори мени ҳам тўлқинлантириб юборди. ...Истиқлол даврида туғилиб вояга етган, мустақил ва янгича фикрлайдиган, буюк мақсадлар сари интилаётган фарзандларимиз ота-боболаридан мерос бўлиб қолган ўз юртини, туғилган тупроғини муқаддас деб билиши, унинг эртанги ёруғ куни учун бутун борлиғини бағишлашга, керак бўлса, жонини фидо қилишга тайёр бўлиши — буларнинг барчаси бугун ҳал қилувчи кучга айланиб бораётган ёшларимиз ҳаётининг узвий бир қисмига айлангани ҳаммамизга ишонч ва куч-қувват бағишлайди.

Албатта, бу ишончга муносиб бўлишимиз, бизга яратиб берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланишимиз, халқимизнинг келажаги буюк бўлиши учун биз бугун кўпроқ ўқиб ўрганишимиз, меҳнат қилишимиз ва фидойи бўлишимиз талаб этилади.

Президентимиз ўз сўзида яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШ­нинг Колумбия университети социологлари томонидан «Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари» деган мавзуда тадқиқот ўтказилгани, унга кўра, Ўзбекистонимиз мазкур рейтингда 158 мамлакат орасида 44-ўринни, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари орасида эса биринчи ўринни эгаллаганини алоҳида қайд этди.

Мамлакатимиз аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этишини инобатга оладиган бўлсак, дунёдаги энг бахтиёр ёшлар Ўзбекистонда камолга етмоқда, дейишга тўла асосларимиз бор.

Биз ана шу бахтни асраб-авайлашимиз, мамлакатимиз тараққиёти йўлида янада мус­таҳкам бирлашишимиз лозим.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.