12.05.2015

КЕКСАЛАР СУҲБАТИ — ҲАЁТ ҲИКМАТИ

8 май. Кундуз соат тўрт. Баҳор баҳорлигини қилди. Аввал томчилаган ёмғир сал ўтмай жадаллашиб кетди. Шу куни Китоб туманида Хотира ва қадрлаш куни ҳамда «Кексаларни эъзозлаш йили» муносабати билан тадбир мўлжалланган эди. Тадбир бошланиши олдидан ёмғир бирдан секинлашди, осмонда қуёш юзини кўрсатди.

— Кексалар айтганидек, осмондан бол ёғди, — деди тадбирни очар экан, Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев. — Бу — барча экинлар яхши ўсади, лалми ерларда мўл ғалла битади, йил баракали келади, деганидир. Тоғолди тумани Китобнинг табиа­ти эса сўлим ва дилбар. Бундай гўзал масканда нималар хаёлимиздан ўтади? Юртни обод қилиш, янада яхши ва фаровон ҳаёт учун меҳнат қилиш, бир-биримизга меҳр-оқибат кўрсатиш. Президентимиз айтганидай, тинч­лик, аҳиллик, қадр-қиммат юртимиз тараққиётининг пойдевори ҳисобланади.

Касаба уюшмалари вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Эсон Ражабов кексалар, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, умуман, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш соҳасидаги ютуқлар ва навбатдаги вазифаларга эътибор қаратди.

Дарҳақиқат, нега тадбир айнан Китобдаги вилоят сил касалликлари шифохонасида  ўтказилди? Шу ҳақда ўйлар эканман, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Акром Акбаровнинг ҳикоясини эсладим. Унинг айтишича, эллигинчи йилларнинг ўртасида Китоб туманининг тоғли Паландара қишлоғи ва унинг атрофида сил касаллиги тар­қалади. Аҳоли ўртасида ўлим ҳодисаси кўпа­йиб кетади... Шу сабабли Паландарада катталар ва кичиклар санатория­лари, Китоб шаҳри яқинида вилоят сил касалликлари шифохонаси қурилиши бошланади. Албатта, бунда Китобнинг сўлим табиати, шифобахш ҳавоси ҳам ҳисобга олинган.

— Қирқ икки йилдан буён шу касалхонада ишлайман, — дейди шифохона бош ҳакими ўринбосари Жўрақул Аҳмедов. — Ҳукуматимиз томонидан касалхонамизни капитал таъмирлаш учун 7 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Бундан барчамизнинг бошимиз осмонга етди.

— Шу касалхонада йигирма олти йил ҳамшира бўлиб ишладим, — дейди меҳнат фахрийси Сожида  Зиёдуллаева. — Бугун шароитни қаранг, инсон саломатлигига катта эътибор намунаси эмасми?.. Ушбу тадбирга таклиф қилишганидан кўнглим тоғдек кўтарилди...

— Мен узоқ Миришкор туманидан келганман, — дейди бемор Азим Расулов. — Туманимиз чўл минтақасида. Аммо Китобнинг иқлими, табиати беназир экан. Тадбир муносабати билан бизга совға-саломлар улашишди, чексиз миннатдормиз.

— Бугунги тадбирга маҳалламиз фахрийлари, кексаларимиз ҳам келишган, — дейди Улуғбек МФЙ маслаҳатчиси Бодом Қурбонова. — Вилоятимизда аҳоли саломатлигини сақлаш йўлида олиб борилаётган ишлар одамларни қувонтирмоқда. Инсонни қадрлаш ишларидан ҳамма мамнун.

— Отам урушдан ногирон бўлиб қайтган, — дейди Ибодулла Зиёдуллаев. — Биз уруш йиллари очликдан ўлмаслик учун исмалоқ, ёввойи буғдой, ўт-ўлан еганмиз. Шундай қилиб жон сақлаб қолганмиз.

Ибодулла бобонинг сўз­лари — ҳаёт ҳикмати. Қадр-маънавий хазинамиз, ундан барча баҳраманд. Вилоятда Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан эҳтиёжманд оилалардан, уруш ва меҳнат фронти иштирокчиларидан хабар олинди. Кўмак берилди, совғалар топширилди. Гап сов­ға-саломда эмас, эътиборда. Китоб туманининг Бештерак қишлоғида яшайдиган 111 ёшли онахон — Умида Алмуродованинг турмуш ўртоғи урушдан қайтмади. У қўлида қолган гўдакларини улғайтириб, эл-юртга қўшди. Аммо етмиш йилдан буён жанггоҳлардан қайтмаган умр йўлдошининг йўлларига интизор.

Шу ҳақда ўйлар эканман,  Президентимизнинг Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан айтган сўзлари ёдимга тушади. Йиллар ўтади, Ватанимиз бундан-да юксалади. Шу қутлуғ кунлар учун курашганлар, эл-юрт корига яраганлар, барча азиз инсонларнинг ёди унутилмайди. Уларнинг руҳи ҳамиша биз билан!..

 

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири. 



DB query error.
Please try later.