12.05.2015

ЮҚОРИ МАЛАКАЛИ ЮРИДИК КАДРЛАР

тайёрлашнинг янги босқичи

Бугунги кунда юртимизда олий таълим тизимининг таркибий қисми бўлган юридик таълимни тубдан ислоҳ қилишга, бўлажак ҳуқуқшуносларни ҳар томонлама билимли ва маънавий баркамол қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маълумки, Президентимизнинг «Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига  мувофиқ, Тошкент давлат юридик институти университетга айлантирилиб, «юрис­пруден­ция» мутахассислиги бўйича юридик кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш бўйича базавий давлат олий таълим ва илмий-методик муассасаси этиб белгиланди.

Юридик таълимни ислоҳ этишга қаратилган мазкур қарорнинг мақсади, мазмун-моҳияти билан боғлиқ саволларимизга Тошкент давлат юридик университети ўқув ишлари бўйича проректори, юридик фанлар номзоди Мансурхон КАМАЛОВ жавоб беради.

—      Мазкур ҳужжатда ТДЮУ­нинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари  белгилаб берилди. Хусусан, давлат ҳуқуқи ва бошқаруви, жиноят ҳуқуқи ва процесси, фуқаролик ҳуқуқи ва процесси, тадбиркорлик ҳуқуқи (бизнес ҳуқуқи), халқаро, халқаро тижорат (хусусий) ҳуқуқи ва юридик таълимнинг бошқа устувор йўналишлари бўйича талабаларнинг фундаментал базавий, шунингдек, амалий касбий тайёргарлигини таъминлайдиган дастур ва ўқув режалари асосида бакалаврлар ҳамда магистрлар тайёрлашга алоҳида эътибор берилиши кўзда тутилган. Ўқитишни замонавий шакл ва методлар, педагогик, ахборот-коммуникация, инновацион технологиялар асосида ташкил этиш мақсадида университетда бака­лавр­лар тайёрлаш бўйича бешта соҳа мутахассисликлари белгиланди.

Давлат қурилиши ва бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизимини модернизация қилиш, бозор ислоҳотларини чуқурлаштиришнинг ҳуқуқий асосларини ривожлантиришнинг  долзарб ҳуқуқий муаммолари бўйича комплекс илмий тадқиқотлар ўтказиш, халқаро тажрибани ўрганиш, қонунни қўллаш амалиётига, ўқув жараёнига илмий ишланмалар натижаларини самарали жорий этишни таъминлаш мақсадида Ҳуқу­қий тадқиқотлар маркази ташкил этилди.

Ўрта махсус, касб-ҳунар ҳам­да олий юридик таълим муас­сасаларида ҳуқуқий фанлар бўйича дарс бераётган педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, улар учун замонавий талаб ва стандартларга жавоб берадиган ўқув адабиётлар, ўқув-методик материаллар яратиш ҳам муҳим вазифа қилиб қўйилди. Ҳозирда университет профессор-ўқитувчилари томонидан янги авлод дарсликлари тайёрланаётганлигини алоҳида қайд этиш лозим.

Юридик таълимни замонавий халқаро стандартларга мослаштириш ва таълимнинг модулли тизимига ўтишини назарда тутувчи мазкур қарор назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлашга қаратилганлиги билан эътиборлидир. Ушбу норматив ҳуқуқий ҳужжат юридик билим ва амалий кўникмаларни чуқурроқ эгаллашни ихтисослаштирилган ҳолда, блокли тарзда, замонавий шаклларда амалга оширишни назарда тутади. Айни пайтда халқаро таълим стандартлари талабларини эътиборга олган ҳолда модулли тизимни юридик таълим тизимига татбиқ этиш фаол давом этмоқда. ­

­­Модулли тизим ва унинг аҳамияти ҳақида қисқача тўхталиб ўтсангиз.

— Модулли тизимнинг таълим жараёнига татбиқ этилиши 1999 йил 19 июнь куни имзоланган Болонья декла­рация­си билан боғлиқ. Болония декларациясининг моҳияти Европадаги олий таълим тизимини бир-бирига яқинлаштириш ва уйғунлаштириш ҳисобланади. Ҳозирги пайтда Болония таълим тизими жараёни 40 дан ортиқ мамлакатни ўзида бирлаштирган.

Модуль тизимига кўра, барча аъзо мамлакатларда олий таълимнинг даража ва стандартлари бир-бирига максимал даражада яқин, берилаётган илмий даражалари эса нисбатан тенг бўлиши керак.

Модуль тизимида ўқув жараёнининг асосий мазмуни талабаларда мустақил таълим олиш қобилиятини ривожлантириш, ўз соҳаси йўналишларига қизиқишларидан келиб чиқиб, ўқув фанларини танлаш имкониятини бериш ва уларнинг мустақил таълим олишига кўмаклашиш мақсадида ўқув адабиётлари билан тўлиқ таъминлашни назарда тутади. Энг муҳими, модулли тизим университетда сифатсиз кадрлар тайёрланишига барҳам бериши билан аҳамиятлидир.

Жорий йилнинг 12 январидан бошлаб Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда, ҳозирча фақат Тошкент давлат юридик университетида модулли тизимни шакллантириш мақсадида алоҳида янги тартиб белгиланди. Ўқув жараёнини жаҳон таълим стандартлари асосида такомиллаштириш мақсадида «Тизимли таҳлил», «Қарорлар қабул қилиш назарияси», «Телекоммуникация ҳуқуқи», «Энергетика ҳуқуқи», «Халқ­аро арбитраж ҳуқуқи», «Транс­миллий корхоналар ҳуқуқи» каби фанларнинг ўқув жараёнига киритилиши ҳамда 12 та мутахассислик фанларининг инглиз тилида ўқитилиши йўлга қўйилди.

Ҳозирги кунда университетимизда модуль тизими асосида талабалар 2-курсдан бошлаб, ўз хоҳишларига кўра, 5 та соҳа мутахассислигидан бирини танлаб, юридик таълим олиши жорий этилган. Ҳар бир йўналиш доирасида барча юрист билиши шарт бўлган 26 та мажбурий ва 14 та танлов фанлари ўқув дастурига киритилган ҳамда бу жараён соҳа мутахассислигининг ўзига хос ҳуқуқий жиҳатларидан келиб чиқиб, шунинг­дек, иш берувчилар билан келишилган ҳолда шакллантирилади. Илгари бундай амалиёт бўлмаган ва барча талабаларга мажбурий равишда бир хил фанлар ўқитилган. Бу эса бўлажак юристларнинг муайян йўналишда профессионал маҳоратининг шаклланишига салбий таъсир кўрсатган.

Яна бир янгилик: «Тошкент давлат юридик университети талабалари билимини баҳолаш ва назорат қилиш тўғрисида»ги низомга киритилган ўзгартиришга кўра, баҳолашнинг янги электрон шаклига ўтилди, университетда деканатлар ўрнига жамоатчилик асосида курс раҳбарлиги ташкил этилиб, талабаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларидан келиб чиқиб, янги мезонлар белгиланди.

Хусусан, олий таълим муассасаларида модуль тизимининг ҳуқуқий асослари ўз ички тартиб-қоидаларига таяниши белгиланди. Ўқув жараёнида рейтинг дафтарчаларини юритиш тизимига барҳам берилиб, электрон ҳи­собга олиш тизими йўлга қўйилди. Ушбу янгилик турли расмиятчиликларга чек қўйиб, талабаларга мустақил ишлаш учун қулайликлар туғдириши билан аҳамиятлидир.

— Қайси хорижий мамлакатларнинг етакчи турдош таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган?

— Таълим соҳасини ташкил этишда тажриба алмашиш ҳамда олий малакали юридик кадрлар тайёрлаш мақсадида Тулуза университети билан доимий ҳамкорлик ўрнатилган.

Германиянинг Конрад Аденаур номидаги жамғармаси Марказий Осиё бўйича вакиллиги билан университетимиз ўртасида турли таълим лойиҳалари, илмий-тадқиқот ишлари (конференция, давра суҳбати, илмий семинар ва ҳоказолар), таълим соҳасида дистанцион ахборот алмашиш борасида икки томонлама манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Япониянинг Нагоя университети билан профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг тажриба алмашишини ташкил этиш ҳамда ҳар иккала университетнинг магистратура ва катта илмий ходимларини тад­қиқотчи сифатида қабул қилиш бўйича ҳамкорлик самарали амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, талабаларда ҳуқуқни қўллаш, таҳлилий фикрлаш ва ўзи ўқиётган соҳа бўйича ҳам назарий, ҳам амалий билимнинг шаклланиши ҳамда мустақил қарор қабул қилиш кўникмасини ошириш мақсадида университетимизнинг мутасадди давлат органлари ва вазирликлар билан ҳамкорлик келишуви амал қилмоқда. Бундай ҳамкорлик, яъни етарли тажрибага эга амалиётчиларнинг таълим жараёнига жалб этилиши ўзининг ижобий самарасини беришига ишонамиз.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, бўлажак юридик кадрлар учун қонунларни пухта билиш, уларни амалда қўл­лаш, процессуал ҳужжатларни ёза олиш, муаммовий-ҳуқуқий масалаларни таҳлил қилиш, суд жараёнида иштирок этиш, ўз фикрини ёзма ва оғзаки равишда баён этиш, компьютерда ишлаш, чет тилларда эркин иш юритиш каби кўникмаларни шакл­лантиришни замоннинг ўзи талаб қилмоқда.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Равшан ШОДИЕВ

суҳбатлашди



DB query error.
Please try later.