10.05.2015

ИНСОННИ ХОТИРЛАШ ВА ҚАДРЛАШ — ЭЗГУ ФАЗИЛАТ

Эл-юрт тинчлиги, осойишталиги, эрки ва озодлиги учун курашган инсонлар ҳамиша халқимиз ардоғидадир. Жанг майдонларида жонини фидо қилган боболаримиз, хотирасини абадийлаштириш, сабр-бардош билан катта қийинчиликларни енгиб ўтган момоларимизни шарафлаш, уларга ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш мустақиллик йилларида янгича маъно-мазмун билан бойиди.

Хотира, қадр тушунчалари азал-азалдан халқимиз қалбидан чуқур жой олган, маънавий ҳаё­тимизнинг ажралмас қисмига айланган. Бу — ёшларни ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, аждодлар анъаналаридан фахрланиш, уларга муносиб ворислар бўлиш руҳида тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга.

Жорий йилнинг «Кексаларни эъзозлаш йили» деб номланиши ЎзХДП ташкилотлари зиммасига ҳам улкан масъулият юклади. Партиямиз Сайловолди дас­турида кексаларимизни, хусусан, имконияти чекланган фуқаролар, ёлғиз кексаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, жамиятда ҳурмат-эътиборини жо­йига қўйиш вазифалари ўрин олган. Ушбу масалаларда партиямиз тизимида муайян ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларида бюджетдан ташқари моддий ёрдам жамғармаларини шакллантириш бўйича ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш масалалари ўрганилмоқда. Бу йўналишдаги фаолиятимиз Давлат дастурида белгиланган вазифалар билан ҳам­оҳангдир.

Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан партиямизнинг дастурий мақсад ва ғояларига асосланиб, турли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, Марказий Кенгаш томонидан «Инсон қадри улуғ, хотираси муқаддас» шиори остида 10 кунлик (1 майдан 10 майгача) тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Бундан кўзланган асосий мақсад кексаларимизни эъзозлаш, уруш қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилган инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашдан иборат.

Ушбу лойиҳа асосида ЎзХДП ташкилотлари мамлакатимизнинг барча ҳу­дудларида 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ҳамда нуронийларга бир пиё­ла чой устида, ҳомий ташкилотлар кўмагида совға-саломлар улашилиб, эҳтиром кўрсатилди. Кўп­лаб хонадонларга бориб, нуроний кишилар ҳолидан хабар олинди. Олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида «Кеча ким эдигу, бугун ким бўлдик» мавзусида икки авлод учрашувлари  ўтказилди. Бундан ташқари, жой­лардаги қабристон ва зиёратгоҳларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларида пар­тия аъзолари фаол иштирок этишди.

Айниқса, «Кексаларимиз ёшлар эъзози ва эътиборида» шиори остида ўтган тадбирлар минтақавий пар­тия ташкилотлари масъ­ул­лари, «Истиқбол» ёш­­­­­лар, «Фаол аёллар» қанотлари вакиллари, депутатлар иштирокида кўтаринки руҳда ташкил этилди. 10 кунлик доирасида шу мавзуда 30 дан ортиқ ва «Кексаларимизнинг фаровон ҳаёти учун масъулмиз!» шиори остида 150 га яқин тадбир, давра суҳбати ва учрашувлар ўтказилди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ҳамюртларимизнинг ёши улуғ инсонларга бўлган эҳтироми юксак экани яна бир бор намоён бўлди.

Учрашувлар давомида отахону онахонларимиз ўзларининг босиб ўтган ҳаёт йўллари ва унда дуч келинган қийинчиликлар, суронли кунлар ҳақида сўзлаб беришди. Суҳбатларда тинчликни асраб-авайлаш, бугунги кунимизга шукроналик ҳиссини ёшларга сингдириш, уларда ватанпарварлик туйғусини кучайтиришга эътибор қаратилди.

Тадбирлар доирасида Мотамсаро она ҳайкали пойига гуллар қўйилар экан, тинчлигимиз абадий, мустақиллигимиз барқарор бўлиши ният қилинди. Шу юртда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиши, уни асраб-авайлашга муносиб ҳисса қўшиши кераклиги айтиб ўтилди. Бу каби тадбирлар ёшларни турли ёт ғоя ва оқимлар таъсиридан сақлаш, улар ҳаётда ўз ўрнини топиши учун тўғри йўл кўрсатишда катта аҳамиятга эга.

Дарҳақиқат, аждодларимиз орзу қилган шукуҳли кунларнинг қимматини чуқур ҳис этиш, асрлар давомида шаклланиб келган қадриятларни қадрлаш ҳар бир ўғил-қизнинг бурчидир. Юртимиз ва унинг атрофида, халқ­аро майдонда юз бераётган воқеаларни чуқур таҳлил этиб, холис баҳолаб, улардан тўғри хулоса чиқариб бормоғимиз лозим.

 

Аброр ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.

 



DB query error.
Please try later.