10.05.2015

ЁШЛАР НУРОНИЙЛАРНИ ЙЎҚЛАБ БОРИШДИ

Тошкент вилояти Зангиота тумани «Қиргузар» маҳалласида истиқомат қилувчи Қобил ота Муҳаммедов одатдагидек тушликдан сўнг дарахт соясидаги супада олисларга қараганча ўтган умрини сарҳисоб қилиб ўтирган эди. Бирдан дарвоза тақиллади. ЎзХДП Марказий Кенгаши «Истиқбол» ёшлар қанотининг бир гуруҳ фаоллари, коллеж ўқувчиларини кўриб, унинг чеҳраси ёришиб кетди.

Отахоннинг файзли хонадонида ёшлар дарҳол ҳашарга киришиб кетишди. Томорқадаги ерни юмшатиш, супир-сидир ишлари қизғин суҳбатлар билан давом этди. Ҳар бир йигит-қиз Қобил отага бирин-кетин савол берар, тарихнинг машаққатли кунларига гувоҳ инсоннинг сўзларидан гоҳ маъюс тортиб, гоҳ ҳайратланишар эди.

— Ҳар тонг мусаффо осмон, чароғон қуёшни кўриб, тинчлик ва осуда ҳаётимиз учун шукроналар келтираман, — дейди Қобил Муҳаммедов. — Байрам арафасида ўғил-қизларим, маҳалла-кўй билан бўлиб ўтадиган дийдор онлари қалбимни тўлқинлантиради. Ёшлардаги шижоат, меҳнатсеварлик ва ташаббускорликни кўриб, тинчлик учун курашганимдан фахрланаман. Улар билан кечган ширин суҳбатлар менга куч берди, ҳаётга иштиёқимни ошир­­ади.

«Истиқбол» ёшлар қаноти фаоллари шу куни ушбу маҳаллада яшовчи Собир ота Мусаев, Тожибой ота Азизов оиласида ҳам бўлишди. Уларнинг хонадонлари ободонлаштирилиб, совға-саломлар улашилди. Маҳалла гузарида икки авлод учрашуви ҳам ўтказилди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА



DB query error.
Please try later.