10.05.2015

ФУҚАРОЛИК СУДИ ФАОЛИЯТИДА

электрон ҳужжат алмашинуви кенг йўлга қўйилиши белгиланмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонун лойиҳалари қизғин муҳокама этилди.

Дастлаб «Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Фракция аъзолари фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш тартибини соддалаштириш  муҳим масала эканини таъкидлашди. Мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар электрон шаклда юборилиши судларда иш юритиш тизимини такомиллаштириш билан бирга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда ҳам ўзига хос ўрин тутади.

Алия Юнусова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Замон ривожлангани сари ахборот-коммуникация технологияларига бўлган талаб ва эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда. Бу бевосита судлар фаолиятига ҳам тааллуқлидир. Чунки тизимга ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш фуқароларга хизмат кўрсатиш сифати ошишига, судларда иш юритиш самарадорлиги кучайишига хизмат қилади. Аммо амалдаги қонунчилигимизда судлар фаолиятида замонавий электрон воситалардан фойдаланишга оид меъёрлар мавжуд эмас эди. Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳасида фуқаролик ишлари бўйича судга электрон шаклда мурожаат қилиш имкони ҳамда суд чақирув қоғозлари, суд қарорлари ва бошқа ҳужжатларни электрон шаклда юборишни назарда тутувчи қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.

Бу эса ўз навбатида судлар фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, ахборот алмашинуви механизмларини такомиллаштиришда муҳим омил бўлади. 

Бунёд Эшонқулов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Қонун лойиҳаси билан Фуқаролик процессуал кодексининг қатор моддаларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар судга электрон кўринишда мурожаат этиш, суд чақирув қоғози, суд қарорлари ва бош­қа ҳужжатларни шу йўсинда юбориш билан боғлиқ масалаларни назарда тутмоқда. Суд ишида тезкорликни ошириш алоҳида аҳамиятга эга, деб ўйлайман. Бу бевосита партиямиз дастурий мақсадларига ҳам ҳамоҳанг масала. Чунки Фуқаролик процессуал кодексига киритилаётган ўзгартиш ва қў­шимчалар аҳоли, хусусан, электоратимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилинишига кенг йўл очади.

Бундан ташқари, фракция йиғилишида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокамадан ўтказилди.

Қонун лойиҳаси орқали Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво кодекси, Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғ­рисидаги кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси ва яна бир қатор қонунларга ўз­гартиш  киритилиб, янги меъёрий талаблар билан тўлдирилмоқда. Айрим нормалар эса қонунчиликдан чиқарилмоқда.

Акмал Умаралиев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Қонун лойиҳаси орқали қатор қонунларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар бевосита электоратимиз манфаатларига дахлдор масалаларни ҳам ўз ичига олган. Масалан, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунга вилоят, туман, шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим ва долзарб масалалари бўйича ҳокимнинг ҳисоботини халқ депутатлари Кенгашида эшитиш тўғрисидаги меъёр киритилмоқда. Ҳокимларнинг ҳисоботлари эшитилиши тартиби белгиланиши депутатлик ва жамоатчилик назорати янада кучайишида, ҳудудларда учраётган ижтимоий масалаларга ўз вақтида ечим топилишида муҳим аҳамият касб этади.

Фракция йиғилишида бошқа қонун ҳужжатлари ҳам кўриб чиқилиб, маъқулланди. Билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида қонун лойиҳалари бўйича фракциянинг нуқтаи-назари шакллантирилди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.