10.05.2015

СИЗ КЎРСАТГАН ЖАСОРАТ ҲЕЧ ҚАЧОН УНУТИЛМАЙДИ

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташаббуси билан Уруш ва меҳнат фахрийлари республика пансионатида 9 майХотира ва қадрлаш куни муносабати билан байрамона тадбир ўтказилди.

Пансионатда 60 ёшдан 100 ёшгача бўлган 150 нафардан ортиқ нуроний кишилар истиқомат қилади. Уларнинг аксарияти қўлига қурол олиб, фашизм балосига қарши жанг қилган, жасоратлар кўрсатган, фронт ортида оғир меҳнат қилиб, ғалабага муносиб ҳисса қўшган отахон ва онахонлардир.

Аввало, ушбу масканда партия фаоллари, «Истиқбол» ёшлар қаноти етакчилари иштирокида ҳашар ташкил этилди. Пансионат атрофи тозаланиб, ободонлаштирилди. Айтиш керакки, бундай хайрли ишлар мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларидаги ёлғиз кексалар, уруш ва меҳнат фахрийлари хонадонларида партия ташкилотлари томонидан уюштирилди.

Уруш шундай балоки, унинг жароҳатини танадан ўчириш мумкин, аммо қалбдан кетказиб бўлмайди. Сипо кийинган отахон ва онахонларнинг юзларида нур кўринса-да, уларнинг аччиқ қисмати кўнгилга оғир ботади. Аслида ҳеч биримиз тинчликнинг қадрини улар каби ҳис қилмасак керак.

ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Ҳайдар Бобохонов йиғилганларни Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги билан қутлар экан, жанг майдонларида жонини фидо қилган юртдошларимиз ёди қалбларда мангу сақланиб қолажагини таъкидлади.

— Мустақиллик йилларида уруш қатнашчилари ва фронт орти фахрийларига, умуман, ёши улуғ кишиларга ҳар қачондан катта ғам­хўрлик кўрсатилмоқда, — деди у. — Катта-кичик давраларда, тўй-ҳашамларда халқимиз азал-азалдан кексаларнинг ҳурматини жо­йига қўяди, уларнинг ҳаётий тажрибаси, маслаҳат ва насиҳатларига таяниб иш тутади. Халқ демократик партияси ҳам ана шу эзгу қадриятларга таянган ҳолда, шу билан бирга, дастурий мақсадларига мувофиқ тарзда кексаларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг соғ­лигини мустаҳкамлаш, турмуш шароитларини яхшилашга алоҳида эътибор бериб келмоқда. Партия­миз Сайловолди дастурида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим вазифаларни илгари сурди. Жойларда депутатлар, партия фаоллари амалий ташаббуслар билан чиқишга, хусусан, ёши улуғ кишиларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга интилмоқда. Уруш қатнашчилари, меҳнат фахрийларига қулай шароит яратиб беришга қаратилган қонунлар, қарор ва фармонлар мутасадди муассасалар томонидан қай даражада ижро этилаётгани, кексаларга қандай хизмат кўрсатилаётгани каби масалалар партиямиздан сайланган депутатларнинг назоратида.

Бугунги кунда тарихчи олимлар, таниқли сиёсатчи ва мутахассислар Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг инсоният тарихидаги аҳамиятини ғоят юксак баҳоламоқда. Бу воқеа Ер шаридаги замонавий тараққиёт кафолатларини таъминлаган асосий омил сифатида таърифланмоқда. Фашизм балоси дунёни эгаллаб оладиган бўлса, жаҳон сиёсий харитасидаги ҳолат, халқлар тақдири нима бўлиши мумкинлиги ҳақидаги оний тасаввур ҳам одамда даҳшат уйғотади.

Нигоҳларида ўша машъум уруш сурони қотиб қолган, муштдек жони билан фронт ортидаги заҳматларга чидаб, бугунги кунларга етиб келган нуроний инсонларга бир-бир назар солар экансиз, уларнинг қиёфасида қаҳрамонлар, фақат қаҳрамонларни кўрасиз. Тадбирда сўзга чиққанларнинг ҳар бири осойишта ҳаёт, буюк жасорат учун уларга чексиз миннатдорлик билдиришди.

Ташкилотчилар ва ҳомийлар сов­ғалар улашгач, пансионатда маърифий дам олиш дастури намойиш этилди.

Тўхтамурод ЖЎРАЕВ, фронт орти қатнашчиси, 85 ёш:

— Болам, мен-ку тинч замонларга эсон-омон етдим. Аммо қаҳатчиликнинг қора нонини бирга баҳам кўрган дўстларимга бу кунларга етиб келиш насиб этмади. Уларни ҳам шу даврада бўлишини, тўкин дастурхон атрофида ўтириб, ўйин-кулгу қилишларини истар эдим. Улар бунга лойиқ эди.

Иккинчи жаҳон уруши авжида 15 ёшда эдим. Босмахонадаги оғир меҳнат эвазига кун кўрардим. 20 соат ишлаб, 4 соат дам олардик. Бир кунлик насибамиз 400 грамм қора нон эди. 1943 йилда дадамни армияга олиб кетишди. Бир йил ўтмай онамдан айрилдим. Оилада ёлғиз ўғил эдим, ҳеч кимим қолмади. Ҳамма нарса ғалаба ва фронт учун эди. Душмандан нафратланар эдик. Ёш бўлсак-да, урушга олиб кетинг, жанг қиламиз, деб қайсарлик қилганим ёдимда. Очлик ва етишмовчилик силламизни қуритганди.

1956 йилда армияга чақирилдим. Хизматдан қайтгач, уйландим. Турмуш ўртоғим билан 40 йил бирга яшадик. Тақдир экан, фарзандимиз бўлмади. 10 йил аввал умр йўлдошимдан айрилдим. 8 йил ёлғиз яшадим. Кўзим хиралашиб қолгач, бу ерга келдим. Худога шукр, ҳамма шароит бор. Пансионат ходимлари меҳрибон, ширинсўз...

Отахоннинг сўзларига йиғи аралашди. У жим бўлиб қолди. Хаёлимда қуйидаги сўзлар айланди:

Нега қаддинг эгик,

нега бошинг хам,

Нега нигоҳингни

тортади тупроқ.

Менинг ер устида

танишларим кам,

Менинг ер остида

дўстларим кўпроқ.

Уруш — ўз номи билан уруш. Тарих юртдошларимизнинг жасорати ва матонатини ҳеч қачон ёддан чиқармайди.

Пансионатда ким билан сўз­лашманг, ҳар бири ҳақида тўлиб ёзгингиз, жасорат ва матонатини бошқаларга ибрат қилиб кўрсатгингиз келади.

Саидмаҳмуд НИШОНОВ:

— Мен урушни ҳар гал эслаганимда ўлим манзараларидан даҳшатга тушаман. Оёғимга теккан осколька ўрни симиллаб оғрийди. Шукрки, бугун тинч-осойишта яшаяпмиз. Баъзан кимнингдир рўзғор кам-кўстларидан нолиётнанини эшитсам, фиғоним ошади. Ҳозирги кунларнинг қадрига етмаслик ношукурчилик бўлади.

Феруза ИНОҒОМОВА, олий тоифали шифокор:

— Бу ерда кексаларимиз ҳар куни икки мартадан тиббий кўрикдан ўтказилади. 12 нафар ҳамшира эрта-ю кеч уларнинг хизматида. Биз кексаларимизга иложи борича хушмуомала бўлишга, уларнинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қиламиз. Пансионатимиз ҳар куни меҳмонлар билан гавжум. Айниқса, ЎзХДП ташкилотлари, депутатлар тез-тез келиб, турли тадбирлар ўтказишади.

Бу ерда уруш даҳшатларига гувоҳ бўлган, беғубор болалиги ғам-ташвишлар ичида ўтган кексалар ҳаёт кечиришади.

Президентимизнинг 2014 йил 13 октябрда қабул қилинган «1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига биноан ёши улуғларимизга тиббий ҳамда ижтимоий хизмат кўрсатиш даражаси янада оширилиб, фахрийлар ва ёши улуғ инсонлар саломатлигини мустаҳкамлаш учун қулай шароитлар яратилмоқда. Бундай хайрли ишлар Кексаларни эъзозлаш йилида янада кўпаяди, янгича маъно-мазмун билан бойийди, албатта.

Уруш асоратлари асрлар ўтсада унутилмайди. Бу урушдан республикамизнинг ҳар бир оиласи бошига қайғу тушган. Ўтганларни хотирлаш, фахрийларга тиргак ва суянч бўлиш бизнинг инсоний бурчимиздир.  

 

Бобур ЭЛМУРОДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.