Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
10.05.2015

ҚЎРИҚЛАШ ХИЗМАТИДАН ФОЙДАЛАНИНГ...

ИИВ «Қўриқлаш» республика бирлашмаси томонидан замонавий интеграциялашган комплекс хавфсизлик тизими ёрдамида турли мулкчилик шаклидаги қўриқланадиган объектлар хавфсизлигини таъминлашга бағишланган матбуот  анжумани ўтказилди.

— Республика ички ишлар органлари ҳузуридаги қўриқлаш бўлинмалари бугунги кунда Ички ишлар вазирлиги тизимидаги энг йирик хизматлардан бири ҳисобланади. Хизмат ўз фаолиятини тўлиқ хўжалик ҳисобида юритади, — деди ИИВ «Қўриқлаш» бирлашмаси бошлиғи Т.Наджимов. — Моддий-товар бойликларни қўриқлаш ва ҳимоя қилиш хизматнинг бир неча турлари орқали амалга оширилади. Хусусан, техник қўриқлаш, милиция постлари орқали қўриқлаш, милиция йўналишлари орқали қўриқлаш, ҳарбийлаштирилган соқ­чилик бўлинмалари орқали қўриқлаш, қоровул бўлинмалари орқали қўриқлаш.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 24 январдаги «Ўзбекистон Республикасида қўриқлаш фаолияти билан шуғулланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 16-сон қароридан кейин қўриқлаш хизмати зиммасига юклатилган вазифалар доираси янада кенгайди.

Айниқса, техник қўриқлаш йўналишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда республика ички ишлар органлари ҳузуридаги қўриқлаш бўлинмаларида 172 та техник қўриқлаш пунктлари фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан жами ўн бир мингдан ортиқ объект ёки жами қўриқдаги объектларнинг 66 фои­зи қўриқланади. Бундан таш­қари, техник қўриқлаш пунктлари (ТҚП) қўриғида 9 мингдан ортиқ фуқаро хонадонлари ҳам бор.

Шу йилнинг уч ойи давомида бир мингдан ортиқ объект ва бир ярим мингга яқин хонадон янгидан ТҚПлар қўриғига олинди. Шу йил қўриқлаш нарядлари томонидан қўриқдаги объект ва хонадонларга нисбатан  ўғрилик содир этиш учун қилинган 8 та жиноий тажовузнинг олди олинди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар идоралари ҳузуридаги қўриқлаш хизмати томонидан халқ хўжалиги иншоотлари ва фуқаролар хонадонлари 1980-90 йилларда ишлаб чиқилган техник қўриқлаш пультлари орқали қўриқланмоқда. Бироқ уларнинг барчаси фойдаланиш муддатини ўтаб, аксарият қисми таъмирга муҳтож бўлиб қолган эди.

Мазкур масалани ҳал этиш мақсадида сўнгги уч йил давомида Тошкент шаҳрида бир қанча хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган қурилмалар синовдан ўтказилди. Тажрибалар натижасида Ўзбекистон иқлимига мос қурилма танлаб олинди. Ушбу қурилма ягона тизим ор­қали қўриқлаш-ёнғин, видео, кириш-чиқишни назорат қилиш, ҳаракатдаги автотранстпорт мониторинги, радиотўлқин ва объе­кт­ларни қўриқлаш имконини беради.

Дастлаб олти ойга мўлжалланган синов ушбу жиҳозларнинг ишчанлиги, ишончлилигини кўрсатди. Мазкур қурилма кўп функцияли ҳисобланиб, ҳам мис симли, ҳам шиша-толали алоқа тармоқларида ишлайди.

Ўрганишлар ва амалга оширилган ишлар натижасида республика бўйича 140 та автоматлаштирилган марказий кузатув ва хабар узатиш тармоғини яратиш режалаштирилди. Булардан 15 таси мониторинг марказини ва 125 таси техник қўриқлаш пункт­ларини ташкил этади.

Қўриқлаш хизматига замонавий технологияларнинг жорий қилиниши қатор қўшимча хизматларни кўрсатиш имконини беради.

Шу ўринда хонадонлар қўриғи масаласига ҳам тўхталиб ўтсак. Бир хонадонни бир ой давомида ТҚП ёрдамида қўриқлаш учун олинадиган ҳақ ҳозирда 17 277 сўмни ташкил қилади. Ушбу ҳақ хонадон эгаси мулки 379500 сўмга баҳоланганда олинади. Хонадон соҳиби мулки қимматроқ баҳоланадиган бўлса, қўриқлаш ҳаққи ўша сумманинг бир фоизи миқдорида белгиланади. Мулк­ нархини баҳолашни бир вақтнинг ўзида суғурта суммасини белгилаш ҳам, деб қабул қилиш мумкин. Яъни, мулкдор ўз хонадонидаги мулкни қанча суммага баҳоласа, қўриқлаш хизмати айби билан ўғрилик содир этилишига йўл қўйган тақдирда мулк баҳоланган суммани тўлиқ ўз ҳисобидан тўлайди.

Бир хонадонни сигнализация билан жиҳозлаш (сигнализация жиҳозлари, ускуналари ва ўрнатиш хизматларини қўшиб ҳисоблаганда) 35000 сўмдан, хонадон эгасининг хоҳишига кўра, ўрнатилган қўриқлаш жиҳозлари туридан келиб чиқиб, ўрнатиш нархи ўзгариши мумкин. Албатта, бу аниқ сумма эмас, чунки сигнализация воситалари бозори анча кенг.

Хонадон соҳибига қандай шартлар қўйилади? Қўриқлаш қай тарзда амалга оширилади?

Мижозга хонадонини қўриққа топшириш истаги, уйида телефон алоқаси бўлиш ва хизмат ҳақини ўз вақтида тўлаб туришдан ўзга ҳеч қандай талаб қўйилмайди. Қўриқлаш тартиби оддий — хонадон сигнализация орқали ТҚПга уланади. У ерда эса рация, автомашина, шахсий ҳимоя воситалари, табель қуроллари билан қуролланган қўлга олиш гуруҳи нав­батчилик қилади.

Улар «ташвиш» хабари тушган хонадонга қисқа муддат ичида етиб боради. Наряднинг етиб бориш вақти 3-5 минутдан узоққа чўзилмайди. Чунки қўриққа олишда авваламбор хонадонга нарядларнинг етиб келиши эътиборга олинади. Шу сабабли қўриқлаш хизмати томонидан қўриқланаётган хонадонларга тажовуз бўлганда, деярли барча ҳолатларда ўғриликнинг олди олинади.

Қўриқлашнинг яна бир хизмати — «ташвиш» тугмачасидан кассалар, банклар, кўнгилочар муассасаларда самарали фойдаланилмоқда. Шунингдек, ўз ҳаёти, соғлиғи, хотиржамлигини ўйлаган фуқаролар ҳам хизматнинг ушбу туридан фойдаланади. Хизматнинг бу турида мижоз ўзига керакли вақтда «ташвиш» тугмачасини босиш орқали милиция нарядини хонадон, дўкон, кўнгилочар муассасага, қисқаси, тугмача қаерга ўрнатилган бўлса, ўша ерга чақириши мумкин. «Ташвиш» тугмачасининг бир соатлик нархи 1207 сўмдан иборат.

Қисқа қилиб айтганда, қўриқлаш хизматига жорий этилаётган замонавий технологиялар фуқаролар тинчлиги, хотиржамлигини, улар мол-мулки ишончли қўриқланишини таъминлайди.

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.