07.05.2015

МАҲАЛЛА ҲАЁТИГА ЧУҚУР КИРИБ БОРИШИМИЗ

ва одамларнинг фикр-мулоҳазаларини кўпроқ тинглашимиз керак

Ҳаётимизда маҳалланинг ўрни, аҳамияти беқиёс. Одамлар орасида ўзаро меҳр-оқибат мустаҳкамланиши, яхши-ёмон кунларда бир-бирига елкадош бўлиш, ҳар бир ишни ён-атрофдагилар билан бамаслаҳат, ҳамжиҳатликда режалаштириш каби эзгу қадриятлар дастлаб маҳаллада шаклланади.

Айниқса, гап аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш масаласида кетганда, бу ноёб тузилманинг аҳамияти беқиёс эканлиги ойдинлашади. Кимгадир ёрдам қўлини чўзиш, кимнингдир оғирини енгил қилиш ёки кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ёлғиз кексаларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, буларнинг барчаси бевосита маҳалла иштироки, кўмаги билан ҳал этилади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан мустаҳкам алоқани йўлга қўйган. Партия Марказий Кенгаши ташаббуси билан  2009 йилдан буён қатор амалий тадбирлар ўтказиб келинмоқда. «Маҳалла — аҳолини манзилли ижти­моий қўллаб-қувватлаш маркази» лойиҳаси шулар жумласидан.

Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад аҳоли, партия электорати вакилларини ўйлантираётган масалаларни ўрганиш ва уларнинг ҳал қилиш йўллари ҳақида фикр алмашиш, таклифлар тайёрлаш, шу ор­қали муаммоларга ечим топишдан иборат. Аҳолини ижтимоий ҳимоялашга қаратилган қонунлар ва қарорларнинг жойлардаги ижросини таҳлил этиш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий комиссиялари, сессиялари муҳокамасига олиб чиқиш лойиҳа доирасида ўтказилаётган тадбирларнинг асосий мазмунини ташкил этяпти. Лойиҳа доирасида, шунингдек, маҳаллий давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг аҳоли билан мулоқотлари ҳам бўлиб ўтмоқда.

Айтиш керакки, бугунги кунга келиб ушбу лойиҳа бўйича 5 мингга яқин учрашув ва мулоқотлар, давра суҳбатлари ўтказилди. Аҳоли турли масалалар юзасидан маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва ҳамкор ташкилотлар вакилларига 18 мингга яқин таклиф, мулоҳаза билдирди. Уларнинг 80 фоиздан ортиғи ижобий ҳал этилди. Масалан, мурожаатлар асосида 5 минг нафарга яқин киши, шу жумладан, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ва хотин-қизлар ишга жойлашишига кўмаклашилди.

Лойиҳанинг натижаларини таҳлил этадиган бўлсак, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида бу борада ижобий натижаларга эришилгани, тадбирларда пар­тия электорати вакилларини ўйлантираётган масалаларни ўрганиш ва ечимини топиш борасида қатор амалий ишлар қилинганига гувоҳ бўламиз.

Аҳоли турмуш даражасини ошириш, оилалар фаровонлигини юксалтириш, биринчи навбатда, ижтимоий ҳимоя тизими билан боғлиқ эканлигини ҳисобга олиб, хулоса қилсак, лойиҳа доирасидаги ҳар бир анжуман, амалий тадбирни самарали ва таъсирчан ўтказиш долзарб масаладир.

Бироқ шунга қарамасдан, жорий йил март, апрель ойларида айрим вилоят, туман ва шаҳарларда аҳолининг ижтимоий ҳимоя­сини таъминлаш, бу жараёнда маҳалла имкониятидан самарали фойдаланишга қаратилган тадбирлар юқо­ри савияда ташкил этилмади.

Хусусан, Бухоро вилоятининг Олот, Пешку туманлари, Жиззах вилоятининг Зарбдор, Зафаробод, Пахтакор, Фориш, Янгиобод туманлари, Навоий вилоятининг Нурота, Томди, Учқудуқ, Хатирчи туманлари, Самарқанд вилоятининг Оқдарё, Пахтачи, Тайлоқ, Ургут туманлари, Сурхондарё вилоятининг Олтинсой, Шеробод туманлари, Тошкент шаҳрининг Мир­обод, Олмазор, Юнусобод, Яккасарой, Яшнобод туманлари, Фарғона вилоятининг Ўзбекистон, Фарғона, Фурқат туманлари, Хоразм вилоятининг Ҳазорасп, ­Шовот, Янгиариқ, Янгибозор туманларида тадбирлар самарадорлигига етарли даражада эътибор қаратилмади.

Бу аҳолини аниқ манзилли қўллаб-қувватлаш ишларига салбий таъсир кўр­сатмасдан қолмайди, албатта.

Давр сиёсий партиялар зиммасига янгидан-янги талабларни қўяётган бугунги шароитда мазкур йўналишдаги хато ва камчиликларни зудлик билан ҳал этиш, шу мақсадда аниқ чоралар кўриш лозим, деб ўйлайман. Ижтимоий ҳимояни кучайтириш, жойларда бу борада учраётган муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш масалаларига эътиборсиз қарашга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Чунки бу масалалар партиямиз учун принципиал аҳамиятга эга.

Одамлар ҳар қандай масалада маҳалла маслаҳати ва кўмагига суянишга ўрганган. Биз маҳаллалар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйсак, одамларни қайси масалалар кўпроқ ўйлантираётгани ҳақида кенг маълумотга эга бўламиз.

Шундай экан, тадбирларни имкон қадар аҳоли билан самимий ва эркин мулоқот тарзида ташкил этиш лозим. Одамлардан кўпроқ фикр сўраш, ҳар қандай масалада уларнинг мулоҳазасини тинглаш керак бўлади. Мақсад режага киритилган тадбирларни номига ўтказишдан иборат бўлмаслиги керак. Тадбирларда аҳолидан яхши таклифлар олишга, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ўрганишга эътиборни кучайтириш зарур.

Лойиҳа самарадорлигини ошириш, айниқса, «Кексаларни эъзозлаш йили»да муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, юртимизнинг олис ҳудудларида, маҳаллаларда  кўпроқ тадбирлар ўтказиш, партия электоратини ўй­лан­тираёт­ган масалаларни ўрганиш ва уларнинг ечими бўйича партия гуруҳлари фаоллигини кучайтириш муҳим вазифа ҳисобланади.

Маҳаллалар билан ҳамкорликни қанча кучайтирсак, ҳаётга, одамларга шунча яқин бўламиз. Партия ташкилотлари ва депутатлар билан ҳамкорлик мустаҳкамланса, ўтказилаётган тадбирларнинг амалий натижаси янада кўпаяди.

 

Акмал ТУРСУНБОЕВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.



DB query error.
Please try later.