Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
07.05.2015

ИНСОН ҚАДРИ УЛУЁ, ХОТИРАСИ МУҚАДДАС

Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкилотлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг қамровли тадбирлар ўтказмоқда

Шундай тадбирлардан бири партия Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда Самарқанд вилоят кенгаши ҳамкорлигида Самарқанд шаҳрида ўтказилди.

Тадбир ташкилотчилари даст­лаб Самарқанд шаҳрида яшовчи уруш ва меҳнат фахрийлари, ёлғиз кексаларнинг хонадонларида бўлиб, улар билан дилдан суҳбатлашишди, совғалар топширишди. Хотира майдонидаги Мотамсаро она ҳайка­ли пойига гуллар қўйишди. Шундан сўнг нуронийлар иштирокида дав­ра суҳбати ташкил этилди.

— Мамлакатимизда кексаларни ижтимоий муҳофаза қилиш, эъзозлаш, ғамхўрлик кўрсатишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда, — деди Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Ҳотамжон Кетмонов. — 2015 йилнинг «Кексаларни эъзозлаш йили» деб эълон қилиниши ана шундай амалий ва хайрли ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Юртимизда яшаётган ҳар бир инсон қалбида меҳр-оқибат, инсонийлик туйғуларини янада кучайтирди.

Фашизм устидан қозонилган ғалабага 70 йил тўлди. 9 май Президентимиз таъбири билан айтганда, Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган миллионлаб одамлар хотираси олдида бош эгиб таъзим қилинадиган, бугун ҳаёт бўлган уруш қатнашчиларига юксак ҳурмат-эҳтиром бажо келтириладиган кун сифатида халқимизнинг кўнглидан чуқур жой олди. Ушбу кунда Ватан ҳимояси учун жонини фидо қилган, тинчлик учун курашган қаҳрамонлар руҳини шод этиш, ёдга олиш ҳам фарз, ҳам қарздир.

Бугунги ўтказилаётган тадбирдан кўзланган асосий мақсад уруш ва меҳнат фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, рағбатлантиришга қаратилган фармон ва қарорлар, «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури ва Ўзбекистон ХДП Дастурида белгиланган устувор вазифаларнинг самарали ижросини таъминлашдан иборат.

Давра суҳбатида таъкидландики, Ўзбекистон ХДПнинг Сайлов­олди дастурида давлат ҳокимиятининг сайланма органларида давлат ва жамият томонидан манзилли ижтимоий ҳимоя ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд аҳоли қатламлари, шу жумладан, пенсионерлар манфаатларини ҳимоя қилиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат дас­турига мувофиқ, партия фракцияси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги гуруҳлари электорат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган масалаларни ҳал этишга ҳаракат қилмоқда.

Маълумки, кексаларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўл­лаб-қувватлаш учун ҳар йили давлат бюджетидан катта миқдорда маблағлар ажратилмоқда. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш учун йўналтирилган давлат харажатлари кўпайди, одамлар турмуш даражаси сезиларли равишда яхшиланди. Натижада халқимизнинг ўртача умр кўриш даражаси 67 ёшдан 73,5, аёллар ўртасида эса 75,8 ёшга етди. Юртимизда 225 минг нафар 80 ёшдан, 44 минг нафар 90 ёшдан, 8 минг 700 нафар 100 ёшдан ошган табаррук кексалар яшамоқда. Улар орасида 3 минг 109 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 69 минг 994 нафар фронт ортида меҳнат қилган инсонлар борлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

— Кейинги йилларда мамлакатимизда уруш ва меҳнат фахрийларининг турмуш шароитини яхшилашга қаратилган қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси ­Сахобиддин ­Арзиқулов. — ­Президентимизнинг «1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан кексаларимиз йилда бир марта ўзлари учун мақбул муддатларда санаторий-соғломлаштириш муас­сасаларида давлат ҳисобидан бепул даволаниш имкониятига эга бўл­моқда. Шунингдек, 2015 йил 6 мартда қабул қилинган 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисидаги Президент фармони фахрийларни қўллаб-қувватлашда, уларнинг ҳурматини жойига қўйишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

«Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурида ҳам уруш ва меҳнат фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида аниқ вазифалар белгиланган. Буларнинг барчаси мамлакатимизда амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиё­сатнинг ёрқин ифодасидир.

— Кекса авлод вакилларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш партиямиз ташкилотлари, депутатлар олдида турган муҳим вазифалардан биридир, — дейди ЎзХДП Самарқанд вилоят кенгаши раиси Камолбой ­Исобеков. — Вилоятимизда 293 нафар уруш қатнашчиси истиқомат қилмоқда. Уларнинг ҳолидан хабар олиб турибмиз, ҳаётий эҳтиёжлари билан боғлиқ қатор ижтимоий вазифаларни амалга оширишга ҳаракат қиляпмиз. Бу борадаги ишларимизни йил давомида изчил давом эттиришимиз, партиямиз ташкилотлари фаоллигини кучайтиришимиз зарур.

Тадбирда ёлғиз кексалар, пенсионерларни ўйлантираётган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиш, аниқланган масалаларни ўз жойида ҳамкор ва мутасадди ташкилотлар вакиллари билан биргаликда ижобий ҳал этиш, шунингдек, мазкур масалалар юзасидан маҳаллий давлат органлари раҳбарларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ҳисоботларини эшитиш, бу борада сессияларга таклифлар киритиш амалиётини изчил давом эттиришга келишиб олинди.

— Ўзбекистонда яшаш — катта бахт, — дейди Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи 94 ёшли ­Арташес Каяян. — Урушдан кейин то нафақага қадар транспорт соҳасида ишладим. Ҳамкасбларим, шо­гирд­ларим ҳолимдан хабар олиб туришади. Яқинда вилоят ҳокимлиги вакиллари хонадонимда бўлишиб, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 70 йиллиги медали ва пул мукофоти топширишди, турмуш шароитим билан обдан қизиқишди. ­Мана, бугун Тошкентдан совға-саломлар билан ташриф буюришди. Ўзбекис­тонда инсон қадри улуғ. Биз, қариялар, уруш қатнашчилари учун барча шароит муҳайё этилган. Бу, албатта, оқилона сиёсат меваси, юртимиздаги тинчлик, хотиржамлик ва бирдамлик натижасидир.

«Нуроний» жамғармаси Самар­қанд вилоят бўлими раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Ҳасан Нормуродов шундай деди:

— Президентимиз қачон, қаерда бўлмасин, албатта қария­ларни эъзозлаш ҳақида гапиради, қабул қилаётган бир қатор фармон ва қарорларида кексаларга бўлган эътибор ва эъзоздан кўнгиллар яшнайди, қалблар қувончга тўлади. Ушбу фармон ва қарорлар нуронийларимиз турмуш шароитини янада яхшилашда жуда муҳимдир. Биз уларнинг мазмун-моҳияти, яратилаётган имкониятлар, шунингдек, партия­миз дастурий мақсадлари ҳақида тарғибот-ташвиқот ишларини мунтазам равишда олиб боряпмиз.

Самарқанд шаҳрида яшовчи 92 ёшли уруш қатнашчиси ­Рашид Раҳмонов меҳмонлар билан суҳбат чоғида кўзларига ёш олди:

— Умрларингдан барака топинглар, болаларим. Ишларинг доим бароридан келсин, ниятларингга етиб юринглар, илоҳим. Юртимиз тинч бўлсин, халқимиз ўртасидаги меҳр-оқибат ҳеч қачон камаймасин!..

Кексалар ва фахрийлар билан суҳбатлар бир пиёла чой устида ҳам узоқ давом этди. Санъат усталари ва ижодкорлар томонидан концерт дастури намойиш этилди.

 

Абдурасул САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.