05.05.2015

САЙЛОВЧИЛАРГА БЕРИЛГАН ВАЪДАЛАРНИ БАЖАРИШ УЧУН

сидқидилдан ҳаракат қилмоқ, виждонан ишламоқ лозим

ЎзХДП Қорақалпоғистон республика, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларининг пленумлари ўтказилди. Уларда Президентимизнинг Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги маърузасида илгари сурилган вазифаларни бажаришда партия ташкилотлари иштироки, «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури, шунингдек, партиямизнинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури ижросини таъминлаш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари олиб бораётган ишлар танқидий таҳлил этилди. Пленумларда билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида муҳим вазифалар белгилаб олинди, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Хусусан, ЎзХДП Самарқанд вилоят кенгаши пленумида электорат манфаатларини ҳимоя қилишда ЎзХДП ташкилотлари ва гуруҳлари фаоллигини ошириш масаласи муҳокама этилди ҳамда энг муҳим устувор йўналишлар белгилаб олинди.

Пленумда дастлаб мазкур масала юзасидан вилоят партия кенгаши раиси ­Камолбой Исобековнинг маърузаси тингланди.

— Электорат манфаатини самарали ҳимоя қилишда асло хотиржамликка берилиб бўлмайди, — деди у. – Айтиш керакки, ўтган йилнинг декабрь ойида мамлакатимизда бўлиб ўтган сайловлар партиямиз учун ҳам жиддий сиёсий имтиҳон, катта тажриба мактаби бўлди. Сайлов натижаларига кўра, ЎзХДП­дан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 3, халқ депутатлари вилоят Кенгашига 12, туман ва шаҳар Кенгашларига эса 99 нафар депутат сайланди. Кўриниб турибдики, олдимизда турган муҳим вазифаларни бажаришда етарли куч ва имкониятга эгамиз. Шундай экан, партия ташкилотлари ҳамда гуруҳлари сайловчилар, электоратимиз манфаатлари, ҳаётий эҳтиёжлари билан бевосита боғлиқ ҳар бир масалага жиддий масъулият билан ёндашиши, бу борада ўзига юклатилган вазифани сидқидилдан бажариши керак. Айниқса, депутатлар пар­тия электорати манфаатларига хизмат қи­лувчи ташаббусларни кўпайтириши, маҳаллий вакиллик ҳокимияти ваколатларидан кенг фойдаланган ҳолда ўткир ижтимоий масалаларни ҳал этиш йўлида курашиши зарур.

— Пленумда ўтган ҳисобот даврида депутатларимиз эришган муваффақиятлардан кўз юммаган ҳолда, йўл қўйилган камчиликлар ва уларни бартараф этиш ҳа­қида ҳам сўз юритилгани мақсадга мувофиқ бўлди, — деди «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари бош муҳаррири, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Фармон ­Тошев. – Фикримча, биринчи навбатда, депутатларимиз масъулиятини ошириш йўл­ларини излаш зарур. Бунинг учун, энг аввало, туман ва шаҳар Кенгашларига сайланган депутатлар ўртасида минтақавий ўқувлар, семинарлар ташкил этиш керак. Бундай ўқувлар вилоят Кенгаши масъул ходимлари, етук сиё­сатшунослар, тажрибали депутатлар, партия фаоллари раҳбарлигида ташкил этилиши яхши самара беради, деб ўйлайман.

Шунингдек, халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессия­сига масалалар тайёрлашда депутатлар партия ташкилотлари ва фаоллари билан биргаликда ҳаракат қилиши керак. Агар ана шундай муҳим масалалар олдиндан режалаштирилиб, бу ҳақда матбуотда ҳам чиқишлар уюштирилса, бу ошкоралик таъминланишига, партия ғоялари кенг тарғиб этилишига хизмат қилади.

Пленумда, шунингдек, халқ депутатлари Булун­ғур туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси ­Сафарбой Алибоев, халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Саноат ­Зоҳидова, вилоят партия кенгаши сектор мудири Икром ­Ядгаров, «Пастдарғом ҳақиқати»  туман газетаси бош муҳаррири,  халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Бахтиёр ­Шукуров ва бошқалар сўзга чиқиб, кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

 Пленум сўнгида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Абдурасул САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

 

 

ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши пленуми ҳам кун тартибидаги масалалар юзасидан қизғин фикр алмашув руҳида ўтди.

— Ўтган йили бўлиб ўтган сайловларда вилоятимиз бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 1, халқ депутатлари вилоят Кенгашига 12, шаҳар ҳамда туман Кенгашларига 105 та депутатлик ўрнини ЎзХДП вакиллари эгаллади, — деди вилоят партия кенгаши раиси Мўътабар Каримова. — Бугун даврнинг ўзи олдимизга қўяётган долзарб вазифаларни бажаришда уларнинг ҳуқуқ ва ваколатларидан самарали фойдаланишимиз талаб этилади.

Бир нарсани доимо ёдда тутишимиз керак. Партия ташкилоти, унинг депутати учун ғоя ва дастур ижроси, электорат манфаати йўлидаги масаланинг катта-кичиги бўлмайди. Ишимизда амалий натижалар кўпайиши, сайловчилар ишончини оқлаш учун ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатини кенг таҳлил қилишимиз, аҳоли орасига янада чуқурроқ кириб боришимиз зарур.

Пленумда сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси ­Зулайхо Акрамова, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари Хидир Шукуров, Акром Иномов, «Истиқбол» ёшлар қаноти фаоли Умида Нишонова ва бошқалар демократик ислоҳотларнинг ҳозирги бос­қичида вилоят партия ташкилоти олдида турган долзарб вазифалар ҳақида фикр юритишди, ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириб ўтишди. Айниқса, электорат манфаатларига хизмат қиладиган масалаларни ҳал этиш учун халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессия­лари, доимий комиссиялар йиғилишларида фаол қатнашиш лозимлиги таъкидланди.

— Ўтказилаётган ижтимоий-иқтисодий тадбирлар мазмун-моҳиятини янада бойитиш, замонавий интерфаол усуллар, сиёсий технологиялардан кенг фойдаланиш орқали уларнинг таъсирчанлиги ва самарадорлигини ошириш йўлларини излашдан тўхтамаслигимиз лозим, — деди ЎзХДП Ғаллаорол ­туман кенгаши раиси Норбек ­Анорбоев. — Бундай тадбирлар фақат ташвиқот ва тарғиботдан иборат бўлиб қолмасдан, уларда электоратимиз қандай муаммоларга дуч келаётганини таҳлил этишга кўпроқ эътибор қаратилса, тўғри бўлади. Бу ишларни бажариш бошланғич ташкилотларимиздан янада ташаббускор, партия аъзоларимиздан эса фаол бўлишни тақозо этади.

Пленумда партия ташкилотлари ва гуруҳлари зиммасига аниқ вазифалар юклатилди.

 

Иброҳим ЖОНУЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.