Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
05.05.2015

ПАРЛАМЕНТ НАЗОРАТИ ХАЛҚ НАЗОРАТИДИР

Маълумотларга кўра, дунёнинг ривожланган давлатларида ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан парламент назорати ўндан ортиқ шаклда амалга оширилади. Бундай назорат аксарият ҳолларда ҳукумат олдига масала қўйиш, унинг сиёсати юзасидан мунозаралар ўтказиш, ҳукумат аъзоларининг фаолияти бўйича ҳисоботини тинглаш ҳамда парламент текшируви, махсус мажлиси ва сўрови каби кўринишларда намоён бўлади. Аҳамиятли жиҳати, бугунги кунда ушбу механизмларнинг аксарияти миллий қонунчилигимизда ўз аксини топди. Сўнгги йилларда Бош Қомусимизга киритилган қатор ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, мамлакатимизда парламент назорати институтига конституциявий мақом берилди.

Парламент назорати ҳа­қида сўз борар экан, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концеп­ция­сида илгари сурилган асосий ғоялар, унда белгилаб берилган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш билан бу борада муҳим давр бошланганини таъкидлаш жоиз. Ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан айнан парламент назоратининг кучайтирилиши билан давлат ҳокимияти субъ­ект­лари ўртасида манфаатлар мувозанати таъминланмоқда. Масалан, парламентга Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш, шунингдек, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг долзарб масалалари юзасидан унинг ҳисоботини эшитиш ва муҳокама қилиш ҳуқуқи берилди. Энг муҳими, бу каби янги имкониятлар қонун ижодкорлиги сифатини жиддий равишда оширмоқда, демократияни қарор топтиришда қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг ро­ли, сиёсий партиялар фракциялари иштироки янада куча­йиши учун кенг йўл очиб бермоқда.

Президентимиз бу борадаги вазифаларга тўхталар экан, «парламентимиз ва маҳаллий вакиллик органлари — Кенгашлар олдида турган ғоят муҳим вазифа — қабул қилинган қонунларнинг ижро этувчи ҳокимият, яъни ҳукумат томонидан марказда, ҳокимликлар томонидан эса жойларда қандай бажарилаётганлиги устидан қатъий парламент назоратини, депутатлик назоратини ўрнатишдан иборатдир», деб алоҳида таъкидлаган эди.

Давлат­ ҳокимияти органлари фаолиятини амалга ошириш, қонун устуворлигини таъминлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, мансабдор шахс­ларнинг масъулиятини ошириш ва фуқаролар онгида қонунга ҳурмат руҳини шакллантиришда парламент назорати муҳим аҳамият касб этади. Ривожланган демократик давлатлар тажрибаси шуни тасдиқлайди.

ЎзХДП фракцияси фаолияти нуқтаи назаридан ёндашганда парламент назоратининг аҳа­мияти нималарда кўринади? Умуман, бу борада тўп­ланган тажриба ҳақида нима дейиш мумкин? Қонун ижодкорлигини кучайтиришда, партия дастурий мақсадларини амалга ошириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилишда назоратнинг бу шакли қандай ижобий натижа беради?

— Бугун парламент назоратини кучайтиришни ҳаётнинг ўзи долзарб масала сифатида илгари сурмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Комила Каромова. — Чунки ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан парламент назоратининг кучайиши билан ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатини таҳлил этиш, белгиланган вазифалар ўз вақтида ва лозим даражада бажарилишига эришиш имконияти ортади. Яна бир аҳамиятли жиҳати, бу орқали нафақат марказда, балки олис қишлоқ ва туманларда ҳам аҳолини ўйлантираётган масалалар ечим топиши, ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш учун кенг шароит яратилади.

Бу борадаги фаолиятимизга тўхталадиган бўлсак, сўнгги уч-тўрт йил давомида ЎзХДП фракцияси ташаббуси билан Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дас­турининг ижроси, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш масалалари юзасидан парламент сўрови юбориш ҳамда мутасадди вазирлик ва ташкилотларнинг ҳисоботларини эшитиш амалиёти йўлга қўйилди.

Биз масалани шунчаки парламент сўрови юбориш ёки ҳисобот тинглаш шаклида ўрганмадик. Парламент эшитуви олдидан депутатлар жойларда ижро ҳокимияти идораларининг бу борадаги фао­лиятини ўрганиб чиқишди. Шунга асосан, эшитув жараёнида фракция аъзолари томонидан партия электорати манфаатлари билан бевосита боғлиқ кўплаб долзарб масалалар кўтарилди, ушбу соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклифлар берилди. Бу таклифлар Қонунчилик палатасининг қарорида ҳам ўз ифодасини топди.

Маълумки, Олий Мажлис ­Қо­нунчилик палатаси ва Сенатининг қўш­ма мажлисида парламент олдида турган ўта муҳим вазифаларга тўхталиб ўтилди. Хусусан, янги конституциявий шароитда парламент эшитувлари, ҳукумат аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг қонунчилик талаблари ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини  тизимли равишда эшитиб бориш, депутатларнинг сўровларига атрофлича жавоб қайтарилишини таъминлашга эришиш парламентнинг кундалик иши бўлиши зарурлиги алоҳида уқтирилди.  Депутатларнинг сайловчилар билан ишлашини тубдан яхшилаш, палаталар фаолиятига парламент назоратининг замонавий усулларини татбиқ қилиш, жумладан, давлат бюджетини шакллантириш ва мамлакатимизнинг ушбу муҳим иқтисодий ҳужжати ижросини назорат қилишнинг замонавий усулларини жорий этиш долзарб вазифалардан эканлиги таъкидланди. 

Ҳар биримиз бу вазифаларнинг мазмун-моҳиятини чуқур тушуниб олишимиз зарур бўлади. Қабул қилинаётган қонунларнинг фуқаролар ҳаёт тарзига нечоғлик ижобий таъсир этаётгани, яна қандай ҳуқуқий масалаларга талаб борлигини доимий равишда ўрганиб боришимиз керак.

Парламент назоратини амалга ошириш анча мураккаб жараён, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Қаҳрамон Мирзаев. — Бу нафақат депутатлар, балки бутун партия тизимидаги ишларни самарали йўлга қўйишни тақозо этади. Парламент назоратини изчил йўлга қўйишда партия бошланғич ташкилотлари, маҳаллий кенгашлари ва партия гуруҳлари билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш муҳим аҳамиятга эга. Шу орқали қонун ҳужжатларининг жойларда қан­дай бажарилаётганини ўрганиш, одамлар қандай ­му­ам­моларга дуч келаётгани, қандай қонунларга эҳтиёж борлиги ҳақида таклиф ва тавсиялар олиш имкони ортади. Бу, табиийки, партиямиз Сайловолди дастурида белгилаб олганимиздек, ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини оширишга ҳам хизмат қилади.

Фракциямизнинг жорий йилга мўлжалланган иш режасига Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини ишга жойлаштиришга тааллуқли параметрлари бажарилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш вазифаси белгиланди.

Шунингдек, фракциямиз «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури ижроси юзасидан парламент эшитувини ташкил этишни ҳам режалаштирган. Бунинг учун жойларда кексалар, уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар таҳлил этилади. Ёши улуғ отахону онахонларга тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш даражаси ҳамда сифатини ошириш, уларга қулай турмуш ва дам олиш шароитларини яратиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларни ўрганиш назарда тутилган.

Мазкур вазифаларни бажариш, умуман, парламент назоратини изчил амалга ошириш, аввало, биз, депутатлар зиммасига катта масъулият юклайди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда вакиллик ҳокимияти фаолиятининг ҳуқуқий асослари ва кафолатлари мустаҳкамланмоқда. Халқимизнинг ўз вакиллари — депутатлар олдига қўяётган талаблари ҳам ортиб бормоқда. Бу ўтган йили декабрь ­ойида бўлиб ўтган сайлов жараёнларида, депутатликка номзодлар билан учрашувларда яққол намоён бўлди. Эндиликда депутатлар, айниқса, олий вакиллик органи — парламентга сайланган депутатлар сайловчилар талаб ва истакларини рўёбга чиқариш учун қонуний ваколатларни тўлиқ ишга солиши, хусусан, парламент назоратини кучайтириши тақозо этилади. Демак, парламент назорати мазмун-моҳиятига кўра, энг аввало, халқ назоратидир.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.