05.05.2015

ЁШИ УЛУҒ КИШИЛАРНИ РОЗИ ҚИЛИШ, УЛАРНИНГ ДУОСИНИ ОЛИШ – БУРЧИМИЗ

Бугунги кунда Тошкент вилоятида 98 нафар 100 ёшдан ошган табаррук кексалар, 346 нафар Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиси, 5 минг 300 нафарга яқин фронт ортида меҳнат қилган инсон умргузаронлик қилмоқда.

Хонадонларимиз кўрки бўлган пиру бадавлат кексаларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қадрлаш мақсадида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент вилоят кенгаши қатор ишларни амалга оширмоқда. Бўка туманидаги бўстон қишлоғида «Кексаларимизнинг фаровон ҳаёти учун масъулмиз!» лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбир бунинг бир тасдиғи бўлди.

Унда ЎзХДП Марказий Кенгаши, Тошкент вилоят кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, Бўка туман Кенгаши депутатлари, Тошкент вилоят Соғлиқни сақлаш бош­қармаси, Бўка туман тиббиёт бирлашмаси, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси вакиллари нуроний отахон-онахонларга қулай шароит яратиш, уларнинг соғлигини мустаҳкамлаш масалаларида фикр алмашдилар.

Тадбирда «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дас­тури мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш, унда белгиланган вазифаларни бажаришда партия ташкилотлари ва гуруҳлари иштирокини кучайтириш, партия Сайловолди дастурида кексалар ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бўйича белгиланган чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш, жамоатчилик ва депутатлик назоратини ўрнатиш ишларини изчил олиб бориш зарурлиги таъкидланди.

Акмал Умаралиев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Мана шу қишлоққа нурли, фариштали отахон-онахонларни йўқлаб келдик. Уларнинг ҳикматли сўзлари, ўгитли насиҳатлари, ўзлари ғанимат бизга. Фарзандлари қаторида кўнгилларини кўтарсак, ўтган оғриқли кунлар яралаган дилларига оз бўлсада малҳам бўлсак, деймиз. Ёши улуғ отахон-онахонлар билан суҳбатлашиб, бугун уларнинг яхши ният, шукроналик билан яшаётгани, кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан мамнун эканликларини сездик. Барчамизни оқ ювиб, оқ тараган, она юртимизнинг истиқболини ўйлаб, оғир юкни зиммасига олган, унинг қувонч ва ташвишини умр бўйи елкасида кўтариб келган мўътабар боболаримиз ва момоларимиз, ота-оналаримизни рози қилиш, уларнинг дуосини олиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиз, албатта. 

Зулфия Зокирова, ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши бўлим мудири:

– «Кексаларимизнинг фаровон ҳаёти учун масъулмиз!» лойиҳаси доирасида ўтказилаётган тадбирлар давомида ёлғиз кексалар, пенсионерларни ўйлантираётган масалалар чуқур ўрганилмоқда, ҳамкор ташкилотлар билан бирга уларнинг ечими бўйича иш олиб борилмоқда. Шунингдек, олис ҳудудларда «Сало­мат­лик кунлари» ташкил этиляпти. Ҳамкорларимиз кўмагида Бўстон қишлоғидаги ёши улуғ кишилар тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларнинг бир гуруҳига республика тиббиёт муассасаларида бепул даволанишлари учун йўлланма бериладиган бўлди. Бу каби тадбирлар вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказилмоқда.

Ўнарбой Жиянбоев, Бўка туманидаги «Ниҳол» ижодкорлар уюшмаси раҳбари, спорт фахрийси:

 – Кўп йиллар спорт мактабларида ишладим. 6 фарзандим, 15 набирам бор. Ҳеч нарсадан камим йўқ. Лекин, биласизми, ёшинг бир жойга борганда, одамга эътибор керак экан. Бугунги учрашувдан кўнг­лим тоғдек кўтарилди, ўзимни ёшаргандек, яна куч-қувватга тўлгандек ҳис қилдим. Халқ демократик партиясининг бу тадбири энг хайрли ишлардан, деб ўйлайман.

Тадбирда, шунингдек, ЎзХДП Марказий Кен­гаши масъул ходими ­Акмал Турсунбоев, халқ депутатлари Бўка туман Кенгаши депутати Рустам Мирсаидов, туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Ниҳола Раҳмонова ва «Бўстон» маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Гулнора Эргашева кексаларга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланганини алоҳида таъкидлашди.

Тадбир сўнгида уруш қатнашчилари ва фахрийларга эсдалик совғалари топширилди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.