02.05.2015

ГОЛ ҚАЙFУСИ

ёки бир мухлиснинг футболимиз ҳақидаги фикрлари

Мақолани ёзишга ёздиму, бир муддат ташлаб қўйдим, кейинги ўйинларни кўрайликчи, деган фикр­га бордим. Мана, Осиё кубогининг навбатдаги ўйинлари. «Насаф»нинг четдаги иродали ғалабасини ҳисобга олмаганда, яна ўша... ҳолсизлик, голсизлик. Хуллас, мулоҳазаларимни, очиғини айтганда, мухлис сифатидаги дардларимни жамоатчиликка билдиргим келди. Қайсидир масалада ҳақдирман, бошқа бирида эҳтимол ноҳақдирман. Лекин азбаройи ачинганимдан, жон-дилимдан севганимдан айтаяпман бу гапларни. Қайта-қайта хорижга боришлар, тайёргарлик дастури тўла бажарилди, дейишларнинг натижаси кўринмаяпти-ку.

Буғдой экиш, ўстириш, парвариш қилишдан мурод — дон олиш. Чигит қадаш, ундириш, суғориш, ўғит бериш, ҳосил етиштиришдан мақсад — тола олиш. Футбол ҳақида нима деманг, нима ёзманг, қай жиҳатдан ёндошманг, гап охир-оқибат натижага — голга бориб тақалади. Шу «гол» деб аталмиш лаззатдан мухлислар қанча кўп баҳраманд бўлса, шунча яхши, албатта. Аммо терма жамоаларимиз майдонга тушганда минг-минг­лаб ашаддий мухлисларни шу гол қайғуси безовта қилмоқда. Айниқса, Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатларининг саралаш учрашувларида энг сўнгги дақиқаларда, кутилган ҳолатларда гол ўтказиб оғзимиздаги ошни олдириб қўйганимиз алами ҳамон юракларимиздан кетгани йўқ.

Миллий термамизнинг 27, 31 март кунлари сафарда ўтказган икки ўртоқлик учрашувини олинг. Жанубий Корея футболчилари билан зўр-базўр дурангга эришилди. Япония терма жамоасидан 5:1 ҳисобида енгилиши кутилмаган ҳол бўлди. Тўғри, ҳатто етакчи командалар ҳам баъзан ютқазиб туради. Лекин ютқазишда ҳам ютқазиш бор-да. Ҳар қандай ўйинда, у хоҳ расмий, хоҳ ўртоқлик мақомида бўлсин, юрт шаъни, ватанпарварлик туйғуси, масъулият ҳисси, орият кучи биринчи ўринда турмоғи, устувор бўлмоғи лозим. Аччиқ ҳақиқатни очиқ айтайлик: ҳар икки – миллий ва Олимпия терма жамоаларимиз ҳозирча тезкорликда, техника, тактикада, руҳий тайёргарликда, жамоавий ўйинда, хуллас, футболнинг барча унсурларида Европани қўя турайлик, Осиёнинг етакчи жамоалари қаторида мустаҳкам турибдими?.. Бу саволга жавоб бериш қийин. Хаёлга турли саволлар келади: қани, тўпни узоққа аниқ ошириш, мўлжални тўғри олиб зарб билан тепиш, дарҳол қарор қабул қилиш, жарима тўпларини Қосимовга ўхшаб  қойилмақом ижро этиш, бош билан ўйнаш, финт ва дриблинглар, жасорату маҳоратлар... қани?!

Мухлислару журналистлар Миржалол Қосимовни гоҳ мақтаб, гоҳ танқид қилишмоқда. Ўзбек футболи тараққиётига улкан ҳисса қўшган Миржалол Қосимовнинг бош мураббий сифатидаги фаолияти ҳақида турлича фикрлар билдирилмоқда. Бу табиий ҳол, албатта. Ўйин натижасига қараб бош мураббийга баҳо берилади. Ким бош мураббий бўлса, жамоа тақдири ундан сўралади. Бироқ Қосимовгача бўлган бош мураббийлар ҳам мухлислар орзусини амалга ошира олишмади. Аммо, ўйлаб кўрайлик, ҳамма айбни бош мураббийга боғлаш қай даражада ўринли. Республикамизга дунёга машҳур хорижлик мураббийлар ҳам келиб, ишлаб кетишди. Сезиларли ўзгариш бўлдими?.. Таҳлил қилиб, хулоса чиқарайлик, ўртамиёна терма жамоани бирданига ўзгартириб, шуҳрат қозонган бош мураббий борми ўзи? Ички чемпионат жамоаларини ташқаридан маҳоратли футболчиларни сотиб олиб, кучайтириш мумкин. Аммо миллий терма жамоани бир-икки йилда тубдан ўзгартириш қийин масала. Шундай экан, терма жамоамиздаги муаммоларни ички чемпионатимиздан ахтариш керак эмасми?

Яқинда телевизорда Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Мираброр Усмоновнинг мамлакатимиз чем­пио­натидаги келишилган ўйинларга чек қўйиш ҳақидаги кескин гапларини этишиб, тўғриси, жуда қувондим. Беркитиб нима қиламиз, бу кўзбўямачилик, алдамчилик анчадан буён кўпчиликка маълум эди. Футболимиз илдизига болта уриб келаётган иллатлардан бири эди. Миллий терма жамоа савияси мамлакат чемпионати савиясига боғлиқ. Бу ҳақиқатни мутахассислар ҳам инкор этмайди.

Жамоалардаги ички муҳит, аҳиллик, ҳамжиҳатлик қай даражада, ўйинчилар, мураббийлар ўртасидаги ўзаро муносабат қандай, шогирдлар устозлари айтганини қулоқ қоқмай бажаришадими, ҳаммага бир хилда қараладими, пулга ружу қўйганлар, юлдузлик касалига йўлиққанлар йўқми – ташқаридан у қадар маълум бўлмаган бундай ҳолатлар ўйиннинг қандай кечиши ва натижасига қаттиқ таъсир этади. Аҳиллик, жамоавийлик, маҳорат, матонат вобаста бўлган тақдирдагина ўйин баланд савияда кечади, голлар урилади, томошабинлар стадионларга оқиб келади. Жанубий Корея, Япония, Европа, Американинг етакчи мамлакатлари томошабинлари терма жамоаларининг ўртоқлик ўйинларига ҳам стадионларни тўлдириб келганларини кузатиб, ўзимизнинг ярми бўш стадионларимиз билан солиштирамиз, ўкинамиз. Барчаси пировард натижада ўйин сифатига, майдондагилар маҳоратига, урилган голларга бориб тақалади.

Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларидан буён футбол ишқибозиман. «Пахтакор»нинг ўйинларини қолдирмай стадионда томоша қилганман, Красницкий, Абдураимов, Азизхўжаев, Раҳматуллаев, Ан, Федоровларнинг завқ-шавқ, журъат-жасорат билан тўп суришганини кўп кузатганман. Ўша пайтларда пахтакорчилар, ҳозиргидек кенг шароитга эга бўлмаса-да, катта маош олмаса-да, бор вужуди билан ўйнашар, голлар уришар эди. «Динамо» (Киев), «Спартак» (Москва), «Насьонал» (Уругвай) командаларини, Яшиндек машҳур дарвозабонни доғда қолдиришгани, лиқ тўла стадион олқишларини олганлиги ҳамон кўз ўнгимда турибди.

Эҳтимол, менинг айрим фикрларим кимларгадир ёқмас, маъқул келмас. Аммо худо ҳаққи, ачинганимдан, алам қилганидан айтаяпман бу гапларни. Камина ҳам аслида сабр-бардошли, оптимист, охири бахайр бўлишига, терма жамоаларимиз келгуси олимпиада ва жаҳон чемпионатида қатнашишига, етакчи жамоаларимиз қитъа баҳсларида ўзларини кўрсатишига умид қилувчи, ишонувчи мухлислар сирасидан. Бунинг учун асосларимиз етарли. Футболимизга кўрсатилаётган катта эътибор ўз самарасини беради, албатта. Ўйинчиларимизга куч-қувват, ғайрат-шижоат тилаймиз. Мўлжални аниқ олишсин, голлари кўпайсин, мухлисларни хурсанд этишсин. Мухлисларни, ўз халқини хурсанд қилиш эса футболчи, умуман, спортчи учун катта бахт, деб ўйлайман. 

 

Сайди УМИРОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.



DB query error.
Please try later.