02.05.2015

ТАШАББУСКОР ЕТАКЧИЛАР ҲАЁТИЙ ТАКЛИФЛАР БИЛАН ЧИҚАДИ

Маҳмуджон Маҳкамов, ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари.

Ҳар бир сиёсий партиянинг эртаси ҳар жиҳатдан унинг қуйи ташкилотлари фаолиятига, унда бирлашган партия аъзоларининг ташаббускорлигига боғлиқ. Шунинг учун бошланғич партия ташкилотлари етакчилари зиммасида ҳар доим катта масъулият туради.

Ҳозирда Фарғона вилоятида партиямизнинг 42 минг нафардан ортиқ аъзоси бў­либ, улар 872 бошланғич партия ташкилотига бирлашган. Уларнинг фаолиятини ку­чайтириш, аъзоларнинг сиё­сий-ҳуқуқий билимдонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бу борадаги ишларнинг самараси бошланғич ташкилотларнинг ташаббускорлиги ошаётганида кўринмоқда.

Масалан, Фарғона шаҳри 22-«Мустақиллик» маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳудудий БПТ раиси Муҳаммаджон Банноповнинг ташаббуси билан у ерда кўчма Жамоатчилик қабулхонаси ташкил этилди. Унда шаҳар ҳокимлиги хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Соғлиқни сақлаш шаҳар бўлимлари вакиллари, шунингдек, ЎзХДП вилоят кенгаши масъул ходимлари, депутатлар иштирок этди.

Мазкур кўчма Жамоатчилик қабулхонасига 40 нафар фуқародан коммунал хизмат кўрсатишни яхшилаш, янги иш ўринлари ташкил этиш, тадбиркорликка йўналтирилган имтиёзли кредитлар олиш масалалари бўйича ариза ва мурожаатлар келиб тушди. Жумладан, шаҳардаги 34-умумтаълим мактабида тоза ичимлик суви ва табиий газ таъминотидаги узилишлар ҳамда мактабга олиб борадиган пиёдалар йўллари фойдаланишга яроқсиз аҳволдалиги тўғрисида мурожаатлар бўлди.

Шаҳар Кенгаши депутатлари Дилбархон Мамаджонова ва Анвар Алиев мазкур масалаларни тез кунларда ҳал этишни ўз зиммасига олди.

БПТ фаоллари ташаббуси билан маҳаллий Кенгашлардаги доимий комиссияларга партия электорати манфаатларига қаратилган масалаларни олиб кириш тажрибаси кенгаймоқда. Масалан, Ўзбекистон туманидаги «Қайқубод» БПТ раиси Йўлдошали Ҳусанов ташаббуси билан туман Кенгашининг тегишли доимий комиссияларига иккита масала киритилди. «Қайқубод» қишлоғи аҳолисини янги иш ўринлари билан таъминлаш, деҳқон бозори ва савдо дўконларида пластик карточка билан савдо қилиш учун терминал ускуналари ўрнатиш масалаларида доимий комиссиянинг қарори қабул қилиниб, туман Кенгаши сессиясига олиб чиқилди.

Марғилон шаҳар кенгашида амалга оширилаётган ижобий ишларда 62 та бошланғич ташкилот асосий таянч бўлиб хизмат қилмоқда. Улардан 28 таси маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ташкил этилган, қолганлари тиббиёт муассасаларида, ишлаб чиқариш корхоналари ва бошқа муассасаларда тузилган. Уларнинг таркибида 3 мингга яқин партия аъзолари бирлашган бўлиб, улар партия дастурини аҳоли орасида тарғиб қилиш, сафларимизни кенгайтиришда фаол иштирок этиб келмоқда.

Тан олиш керакки, амалга оширилаётган ишларда ютуқлар билан бирга, камчиликлар ҳам учраб турибди. Уларни бартараф этиш учун бошланғич партия ташкилотларимиз ижтимоий-сиё­сий ҳаётимизда янада фаол иштирок этишга, ўз аъзоларининг сиёсий ва ҳуқуқий билимларини доимий равишда ошириб боришга алоҳида этибор қаратишлари зарур.

Менимча, ҳар бир қишлоқ аҳоли пункти ва маҳаллалар ҳудудида электорат орасида иш олиб борадиган камида биттадан таянч бошлан­ғич партия ташкилоти фаолияти йўлга қўйилишига эришишимиз керак. Бундан ташқари, бошлан­ғич ташкилот етакчиларининг малакаси ва манфаатдорлигини ошириш ҳам долзарб масала ҳисобланади. Агар бошланғич партия ташкилоти етакчисининг меҳнат жамоаси ёки ўз ҳудудида ўрни, обрўси бўлмаса, ундан кўп нарса кутиш нотўғридир.

Хулоса қилиб айтганда, бошланғич ташкилотлар партиямизнинг таянчи ва суянчидир. Бошланғич ташкилотларнинг самарали фаолият юритиши учун тегишли чоралар белгилашимиз, бунда асосий урғуни уларни қўл­лаб-қувватлашга, рағбатлантиришга қаратмоғимиз зарур, деб ўйлайман.



DB query error.
Please try later.