02.05.2015

ҲОКИМЛАРНИНГ ҲИСОБОТИНИ ЭШИТИШ МЕХАНИЗМИ БЕЛГИЛАНМОҚДА

30 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, кучли фуқаролик жамиятининг асосларини мустаҳкамлаш билан боғлиқ долзарб масалалар, хусусан, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Муҳокамалар чоғида депутатлар мазкур қонун лойиҳаси давлат ҳокимияти ва бошқарувини изчил демократлаштиришда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидладилар.

Айтиб ўтиш керакки, аввалроқ сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг йиғишлари ўтказилиб, уларда парламент қуйи палатаси ялпи мажлисида кун тартибидан ўрин олган масалалар атрофлича муҳокама этилди.

Жумладан, ЎзХДП фракциясининг йиғилиши ҳам бўлиб ўтди. Фракция аъзоларининг қайд этишича, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси Конституциямизнинг 103-моддасига киритилган меъёрни амалга ошириш мақсадида тайёрланган.

— Яъни, мазкур ҳужжат лойиҳасида вилоят, туман ва шаҳарлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари бўйича ҳокимларнинг ҳисоботларини халқ депутатлари Кенгашлари томонидан эшитиш механизми назарда тутилган, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Хайрулло Рўзметов. — Унга кўра, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг ҳисоботлари тегишли халқ депутатлари Кенгашининг вилоят, туман ва шаҳарнинг ўтган йилда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг якунлари ва жорий йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида тақдим этилиши белгиланмоқда. Ҳокимларнинг ҳисоботини муҳокама этиш Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида, шунингдек, юқори турувчи халқ депутатлари Кенгашларида белгиланган баҳолар ва вазифаларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

— Қонун лойиҳасида вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимининг ҳисоботи халқ депутатлари Кенгаши томонидан Вазирлар Маҳкамасининг тегишли мажлисидан кейин ўн кундан кечиктирмай ўтказиладиган ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунларига бағишланган мажлисида эшитилиши кўзда тутилмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси ­Зулайҳо Акрамова. — Шунингдек, мазкур мажлисларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Бош вазир ўринбосари ва Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари даражасидаги вакиллари, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига масъул бўлган вилоят органларининг раҳбарлари иштирок этиши мумкинлиги тўғрисидаги меъёрлар акс этмоқда. Қонун лойиҳасининг эътиборга молик яна бир жиҳати шундаки, унда муҳокама якунларига кўра, халқ депутатлари Кенгашининг қарори қабул қилиниши, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ва ҳокимлар ишининг самарадорлигига комплекс баҳо берилиши, тегишли тавсия ва таклифлар ишлаб чиқилиши, шунингдек, қарор амалга оширилишининг бориши устидан назоратни таъминлашга доир чора-тадбирлар эътиборга олинмоқда. Ушбу тартиб-қоидалар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга, аҳоли манфаатлари ҳимояси билан боғлиқ масалаларга ойдинлик киритишга, соҳа ва тармоқлар ривожини таҳлил қилиш орқали ҳаётий таклифлар ишлаб чиқишга асос бўлади. Бу партиямиз дастурий мақсадларига ҳар томонлама мувофиқ келади.

Фракция йиғилишида, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссияси тўғрисидаги Низом ҳамда депутат одоби қоидалари тасдиқланди.

ЎзХДП фракцияси партия дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, кун тартибидаги барча масала бўйича тегишли хулоса ва таклифларини билдирди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.