30.04.2015

ҲАР БИР ТАДБИР ИШТИРОКЧИЛАРНИ ФИКРЛАШГА УНДАШИ ЗАРУР

Мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар ва сиёсий модернизация жараёнларининг самараси кўп жиҳатдан фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигига боғлиқ. Чунки инсон фуқаролик бурчи ва масъулиятини чуқур ҳис қилса, атрофда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар моҳиятини теран англаса, унда эл-юрт равнақига дахлдорлик туйғуси кучаяди.

Шу боис ЎзХДП Марказий Кенгаши ва ҳудудий партия ташкилотларида 2006 йилдан бери мунтазам равишда сиё­сий ва фуқаролик маърифати тизимида сиёсий ўқув-семинарлари ўтказиб келиняпти. Бундан кўзланган асосий мақсад аввало партия аъзолари, электорат вакиллари ва аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий билими ҳамда фаоллигини оширишдан, фуқаролик позиция­сини мустаҳкамлашдан иборат.

Бугунги кунга келиб, сиё­сий ўқувлар партия Марказий Кенгашидан тортиб то бошланғич ташкилотларига қадар тўрт босқичда олиб борилмоқда. Биринчи бос­қич Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашида ташкил этилса, кейингиси Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ва Тошкент шаҳар кенгашларида ўтказилмоқда. Навбатдаги босқич эса туман ва шаҳар кенгашлари миқёсида бў­либ ўтади. Охирида бошланғич ташкилотлар қамраб олинади. Жорий йилнинг ўтган 3 ойи давомида сиё­сий фуқаролик маърифати тизимида партия Марказий Кенгаши, вилоятлар, туман ва шаҳар кенгашлари ҳамда йирик бош­ланғич партия ташкилотларида 4 мингга яқин машғулот ўтказилди.

Шу кунгача ўтказилган сиё­сий ўқувлар партия фаоллари, электорат вакиллари, шу жумладан, ёшлар орасида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг асосий йўналишларини кенгроқ тушунтириш ва тарғиб этиш, уларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга бўлган эътиборини янада кучайтирди. Таъкидлаш жоизки, бу каби тизимли равишда ташкил этиб келинган тўрт босқичли туркум машғулотларда партиямиз дастурий мақсадларини тарғиб қилишга, мамлакатимизда амалга оширилаётган сиё­сий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга, шунингдек, мамлакатни модернизациялаш ва янгилаш жараёнларида электорат манфаатларини атрофлича ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди.

Мамлакатимизда демократик жараёнларни чуқурлаштириш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, биринчи навбатда, аҳолининг сиёсий-ҳу­қуқий маданияти, ижтимоий-иқтисодий фаоллигига боғлиқлигини ҳисобга олиб, хулоса қилсак, ўқувларнинг савияси ва самарасини ошириш ҳар доим долзарб вазифа бў­либ қолаверади.

Жорий йилнинг ўтган даврида партиянинг Қорақалпоғистон республика, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент вилоят кенгашлари томонидан ташкил этилган сиё­сий семинарларда замонавий интер­актив ва сиёсий технология­лардан кенг фойдаланиш, ўқувлар мавзусини ёритишда профессионал маърузачиларни жалб этишга эътибор берилди. 

Айтиш ўринлики, сиёсий маш­ғулотларда депутатлар ва ҳуқуқшунослар иштирокини таъминлаш яхши самара бермоқда. Янги қабул қилинаётган қонунлар аҳамияти, сиёсий партия ва депутатларга берилган ваколатлар, депутатлик назорати мавзулари кўпчиликда қизиқиш уй­ғотмокда. Шунингдек, суҳбатлар асносида демократик ислоҳотларда фаол иштирок этиш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари ташаббускорлигини ошириш, партия электорати манфаатларига жавоб берадиган, партия дас­турий ҳужжатларида акс этган ижтимоий муаммоларни жойларда ҳал этиш билан боғлиқ масалаларда партия фаоллари, электорат вакилларидан таклифлар олиняпти.

Афсуски, шуни ҳам таъкидлаш керакки, жойларда ўтаётган ҳамма семинарлар ҳам юқори савияда ташкил этиляпти, деб бўлмайди. Бу борадаги хато ва камчиликлар, айниқса, бошлан­ғич партия ташкилотлари миқёсидаги сиёсий семинарларда кўпроқ кузатилмоқда. Жиззах, Наманган ва Сурхондарё вилоятларидаги айрим туман ва шаҳар кенгашларида ўқувлар тизимли ташкил этилмаяпти.

Бошланғич партия ташкилотларида ўтказилган сиёсий ўқувлар таҳлили партия доимий электорати ва аҳолининг кенг қатлами орасига кириб боришда суст­кашликка йўл қўйилаётганини кўрсатмоқда. Хусусан, жорий йилнинг биринчи чорагида ­Навоий, Фар­ғона, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида баъзи бошланғич партия ташкилотларида ўқувлар ўтказилишига эътиборсизлик билан қаралган. Айрим ҳолларда мавзу долзарблигига қарамай, семинарларда кутилган фаоллик, жонли баҳс-мунозара етишмайди. Бундан ташқари, баъзи машғулотларда маърузачилар ўзлари тайёрлаб келган умумий мазмундаги матнларни бир хил расмий оҳангда ўқиб эшиттиришлари ҳам кузатилди. Табиийки, бундай пайтда маърузалардан сўнг фикр алмашиш қийин бўлади, таклифлар айтилмайди. Чунки маъруза иштирокчида қизиқиш уйғотмайди, уларга таъсир кўрсатмайди. Аниқки, бундай тадбирларнинг самараси бўлмайди.

Умуман олганда, партия электорати вакиллари билан мақсадли ижтимоий-сиёсий тадбирлар ўтказишда мажлисбозликдан қочиш лозим. Электорат билан ишлашда замонавий сиёсий технологиялардан фойдаланиш зарурлигини шунчаки уқтиришдан ижтимоий-сиёсий тадбирлар ўтказишда аниқ технологияларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга ўтиш зарур. Ижтимоий-сиёсий тадбирларни катта қилиб ўтказишга эмас, балки ҳар бир тадбир партия электорати манфаатларига хизмат қиладиган аниқ ижтимоий натижа олиб келишига асосий эътиборни қаратиш талаб этилади.

Сиёсий ўқувларни юқори савияда ташкил этиш машғулотни олиб борувчи модераторлар маҳоратига, семинар машғулотларининг ўқув-услубий ва тарқатма материаллар билан таъминланишига боғлиқ. Шунинг учун ҳам жойлардаги сиёсий ўқувлар маърузачилари ва модераторлари учун ЎзХДП Марказий Кенгаши томонидан ўтказилган семинарларнинг барча материаллари услубий қўлланма сифатида тар­қатилиб, туман ва шаҳар партия кенгашларига етказилмоқда. ­Афсуски, айрим ҳолларда ҳар бир машғулот бўйича Марказий Кенгашда шакл­лантириладиган услубий қўлланмалар бошлан­ғич партия ташкилотларгача, баъзан ҳатто туманларга етиб бормаслиги ўқувдан кўзланган асосий мақсадга эришилмай қолишига олиб келмоқда.

Демак, сиёсий ўқувлар самарадорлигини ошириш, маърузаларда кўпроқ ҳаётий мисоллардан фойдаланиш ҳали ҳам долзарблигини йўқотгани йўқ. Имкон борича масала моҳиятига чуқур кириб бориш, кўпроқ иштирокчилардан фикр сўраш керак. Қачонки, киши ўзининг фикри инобатга олинаётгани, уни кимдир эшитаётгани, қўллаб-қувватлаётганини билса, ўзига ишончи ортади. Одамларда тадбирга шу тариқа қизиқиш пайдо бўлади.

Бугун давр олдимизга янги-янги вазифаларни қўймоқда. Ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётнинг устувор йўналишларини белгилаб олишда сиёсий партияларнинг иштироки мамлакатимиз тараққиётини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, партиямиз тизимида изчил ўтказиб келинаётган сиёсий ўқувларнинг таъсир кучини оширишга эришиш муҳим вазифалардан биридир.

Ўқув семинар қайси мавзуда ўтказилишидан қатъи назар, аниқ фикр ва таклифлар, кўрсатмалар берилиши керак. Номига ўтказилган тадбирларда эса ташкилотчиларнинг ҳам, иштирокчиларнинг ҳам вақти беҳуда кетади. Аксинча, таъсирчан, кишиларни мулоҳазага, фикр юритишга чорлайдиган ҳар қандай тадбир партияга обрў келтиради.

 

Аброр ҚУРБОНОВ,

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА.



DB query error.
Please try later.