30.04.2015

КАМЧИЛИКЛАРИМИЗНИ БАРТАРАФ ЭТМАСДАН ТУРИБ, ФАОЛИЯТИМИЗНИ КУЧАЙТИРА ОЛМАЙМИЗ

ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгашининг навбатдаги пленуми таҳлилий-танқидий руҳда ўтди. Унда партия Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, шаҳар партия кенгаши масъуллари, депутатлар, «Фаол аёллар» ва «Истиқбол» ёшлар қаноти етакчилари иштирок этди.

Пленумда дастлаб ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Рустам Комилов Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида Президентимиз томонидан билдирилган фикрлар, илгари сурилган вазифалар ижроси юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

ЎзХДП Тошкент шаҳар ­кенгаши раиси Ҳайдар ­Бобохонов эса бугун партия ташкилотлари ҳамда гуруҳларидан ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга ошириш, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, аниқ таклифлар бериш ва уларни рўёбга чиқариш борасида катта ташаббускорлик кўрсатиш талаб этилаётганини қайд этди.

Шундан келиб чиқиб, электорат вакилларининг ҳаётий эҳтиёжларини чуқур ўрганиш, сиёсий маърифат тизимида замонавий интерфаол усуллар, сиёсий технологиялардан кенг фойдаланиш орқали ўқувлар самарадорлигини ошириш, бошлан­ғич партия ташкилотлари ишини изчил йўлга қўйиш, бир сўз билан айтганда, фаолиятимизни тубдан такомиллаштиришимиз зарур.

Ҳабибулла Оқилов, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, тиббиёт фанлари доктори, профессор:

– Президентимиз Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида бугунги кунгача эришилган ютуқлар ва олдимизда турган вазифалар ҳақида тўхталар экан, тараққиётнинг биз танлаган «ўз­бек модели» нақадар тўғри, адолатли эканини алоҳида таъкидлаб ўтди. Ҳақиқатан ҳам, беш тамойилга асосланган Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли 24 йил давомида ўзини ҳар томонлама оқлаганини бугун ҳар биримиз ўз ҳаётимиз, оилаларимиз фаровонлиги мисолида кўриб турибмиз. Айниқса, мазкур тамойиллардан бири  «кучли ижтимоий сиёсат» экани партия­миз аъзолари, депутатлар зиммасига янада катта масъулият юклайди. Шундай экан, мамлакатимиз ривожи, халқимиз фаровонлиги учун барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, бор куч ва салоҳиятимизни сафарбар этишимиз зарур.

Бону Азизова, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, ЎзХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти фаоли:

– Барчамизга маълумки, бугун дунёда бандлик, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш масаласи жиддий муам­мога айланган. Кўпчилик мамлакатларда ёшлар ўртасидаги ишсизлик йил сайин ортиб бормоқда. Мамлакатимизда эса аҳоли бандлигини таъминлаш масаласига аҳоли турмуш фаровонлигини оширишнинг зарур шарти сифатида қаралмоқда. Бу партиямиз дастурининг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Хусусан, партиямиз Сайловолди дастурида коллежлар битирувчиларига имтиёзли микрокредитлар бериш, ўз бизнесини очиши, якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланишлари учун уларга мақбул шароит яратиш масалалари илгари сурилган. 2014-2015 ўқув йилида Тошкент шаҳридаги мавжуд 79 та касб-ҳунар коллежини 36 минг нафардан ортиқ битирувчи тамомлайди. Уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, иш берувчи корхона ва ­таш­килотларнинг масъулиятини ошириш масалалари пар­­­­­тия­миз ташкилотлари, ­де­путат­ларнинг алоҳида эъти­борида. Бизнинг де­пу­тат­лар ёшларни ишга жойлаштириш жараёнларида охиригача фаоллик ва қатъият кўрсатади, виждонан ҳаракат қилади, деб ишонаман.

Пленумда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш, ҳудудий ривожланиш дастурларига муқобил таклифлар киритиш, партия Сайловолди дастуридан келиб чиқадиган ижтимоий масалалар юзасидан назорат-таҳлил ишларини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қа­рорлар қабул қилинди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози мухбири.

 

ЎзХДП Андижон вилоят кенгашининг пленумида мамлакатимизда бўлиб ўтган сайловларда вилоят кенгашининг иштироки, демократик ислоҳотларнинг ҳозирги бос­қичида партия ташкилотлари олдида турган вазифаларга эътибор қаратилди.

ЎзХДП Андижон вилоят кенгаши раиси Абдулҳамид Нурматов, халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши депутати Муҳаммаджон Йўлдошев ушбу масалалар юзасидан маъруза қилди.

Таъкидландики, сайловларда Ўзбе­кис­тон Халқ демократик партияси фаол қатнашди, дастурий мақсадларимиз ҳимояси учун курашди. Андижон вилояти бўйича партиямиздан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 1 нафар, вилоят Кенгашига 12 нафар, туман ва шаҳар Кенгашларига 148 нафар депутат сайланди.  

Партия ташкилотлари, депутатлар айни пайтда Сайловолди дастурини изчил амалга оширишга ҳаракат қиляпти. Ислоҳотларни рўёбга чиқариш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг фаол иштирокчиси бўлмоқда.

Пленум қатнашчиларининг партия фаоллари билан музокаралари қизғин кечди. Сўзга чиққанлар аҳолини ўйлантираётган масалалар юзасидан мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови юбориш, қонун ва қарорларнинг бажарилиши устидан таъсирчан депутатлик ва жамоатчилик назорати ўрнатиш, электорат манфаатларига хизмат қиладиган масалаларни доимий комиссия, сессиялар муҳокамасига олиб чиқиш каби муҳим вазифалар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини  билдирдилар.

– Ҳар йили туманимизда кўплаб йигит-қизлар касб-ҳунар коллежларини битиради, – деди ЎзХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти етакчиси Зуҳра ­Охунова. — Демак, иш ўринларига бўлган талаб йилдан-йилга ортиб бораверади. Шунинг учун муҳим лойиҳалар асосида қўшимча иш ўринлари яратиш, билимли ва интилувчан ёшларни қўллаб-қувватлаш муҳим масала ҳисобланади. Биз турли тадбирлар орқали депутатлар, мутасадди ташкилотларнинг ёшларни қийнаётган муаммоларга эътиборини кучайтиришга ҳаракат қиляпмиз. 

— Тўғри, камчиликларимиз оз эмас. Шунга қарамай, биз ўтган чақириқда етарлича тажрибага эга бўлдик, ­деб ўйлайман, – деди ЎзХДП Асака туман кенгаши раиси Мўйдинжон ­Дадажонов. Очиғини айтсам, мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдалана олмадик. Айрим масалаларнинг ҳал этилишида депутатларимиз суст­кашликка йўл қўйди, электоратимиз манфаатларига хизмат қиладиган масалаларни сессияга киритишда уларга қатъият, фаоллик етишмади. Бу камчиликларни бартараф этиш учун партия ташкилоти депутатлар билан бир тану, бир жон бўлиб ҳаракат қилиши керак эканлиги яққол намоён бўлди.

Пленумда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Ҳотамжон Кетмонов қатнашди ва партия ташкилотлари олдида турган вазифалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. 

Пленумда аниқ режалар белгилаб олинди.

 

Аҳмадилло СОЛИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.




DB query error.
Please try later.