30.04.2015

СУДЬЯ БОШҚАЛАРГА ЎРНАК БЎЛИШИ

фуқароларда судга, судьяга нисбатан ҳурмат уйғота олиши лозим

Суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар судья ва суд тизими ходимларига муайян ваколатлар бериш билан бирга, улар зиммасига жиддий масъулият ҳам юклайди. Судьялардан касбий фаолияти ҳамда хизматдан ташқари вақтларда судьялик одоб-ахлоқи қоидаларига қатъий риоя қилиши талаб этилади.

Ўзбекистон Республикаси­ Президенти ҳузуридаги Судья­ларни танлаш ва лаво­зимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясининг қарори билан тасдиқланган Судьялар одоб-ахлоқи қоидаларида ушбу соҳа вакилларига қўйиладиган талаблар аниқ белгиланган:

Мисол учун, суд этикаси деганда, суд ишларини адолатли амал­га оширишнинг маънавий асослари тушунилади. Одил судловнинг мақсади — бу ин­сон­парварликдир. Яъни, суд мадани­ятининг асосини судьялик одоб-ах­лоқ қоидалари ташкил этади.

Судьянинг ҳар бир хатти­-ҳаракати жиддий бўлиши керак. Судья ўз ваколати дои­расида қонунларни қўллаши­, қонун бузилишининг олдини олиши ҳамда ҳуқуқи бу­зилган шахсни ҳимоя қилиши­ лозим. Шундан келиб чиқиб, судья­нинг ўзи қо­нунларга тўлиқ риоя этиши, уларни ҳурмат қилиши зарур. Шундагина у бошқалардан ҳам қонунларга ри­оя­ этишни талаб килишга­ ҳақли бўлади.­

Судьянинг хулқ-атворига қўйиладиган умумий талабларга кўра, судья ҳар қандай вазиятда ўз шаъни ҳамда қадр-қимматини сақлаши, одоб-ахлоқ меъёрларига риоя қилиши, камтар, хушмуомала бўлиши, ҳеч кимга нисбатан қўпол муносабатда бўлмаслиги, одил судловни амалга оширишда унинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши, судьянинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси ҳамда суднинг нуфузига путур етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши шарт.

Судья ўз фуқаролик ҳуқуқ­ларидан виждонан фойдаланиши ва фуқаролик мажбуриятларини бажариши лозим. Судья ўз мақомидан ўзи учун, шу билан бирга, қариндошлари ва бошқа шахслар учун бирон-бир манфаат, хизмат, тижорат ёки бошқа бирор мақсадда фойдаланмаслиги талаб этилади. Шунингдек, шахсий масалалар юзасидан турли давлат органлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларига мурожаат қилганида ўз мавқеини суистеъмол қилмаслиги, одил судлов фао­лиятини амалга оширганлиги учун ҳақ олмаслиги шарт.

Судья шахсларнинг касбий фаолиятини амалга оширишга таъсир кўрсатаётганлиги ёки таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида хулоса чиқариш имконини берадиган хатти-ҳаракатига барҳам бериши, суд аппарати ходимлари, процесс иштирокчилари томонидан одоб-ахлоқ меъёрлари бузилишини эътибордан четда қолдирмаслиги керак.

Бундан ташқари, судья ўз хатти-ҳаракатлари билан бошқаларга ўрнак бўлиши, шу орқали фуқароларда судга, судьяга нисбатан ҳурмат ҳиссини уйғота олиши лозим. Суд мажлисларида томонларнинг вакилларини ўринсиз тан­қид қилмаслиги, уларнинг шахсиятига тегадиган гапларни айтишдан ўзини ти­йиши, фақат қонун асосида иш тутиши керак. Ишни кўриш вақтида процесс иштирокчиларининг унга маълум бўлган сирларини ошкор қилмаслиги, қонун бузилган ҳар бир ҳолатга ўз баҳосини бериши лозим.

Иш жараёнида судьяга нисбатан бевосита ёки билвосита таъсир ўтказишга уринишлар бўлиши мумкин. Бундай пайтларда у босиқ, иродали бўлиши, ҳар бир хатти-ҳаракатини ўйлаб кўриши, давлат ва жамият олди­да масъуллигини унутмаслиги лозим.

Андиша халқимизга хос фазилат бўлиб, босиқлик, шарм-ҳаё, мулойимлик кабиларда ўз ифодасини топади. Судья­ ҳамма жойда, яъни иш­да, уйда, кўчада ва бошқа жойларда аввало ўзининг тарбияси билан бошқа­ларга ўрнак бўлиши керак. Айниқ­са, ишда бирон-бир анг­ла­шил­мовчилик юзага кел­са, уни босиқлик билан ҳал этиши лозим. Зеро, бу би­­лан­ у бир инсоннинг ҳу­қу­қини ҳимоя қилган бўлади.

Судья ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз виждонига қарши бормаслиги, ҳақ гапни айтиши лозим. Шундагина у судья деган юксак номга лойиқ бўлади. Ҳар бир соҳанинг ўзига яраша сир-асрори бўлгани каби суд соҳасида ҳам бош­қаларга ошкор қилиб бўл­майдиган маълумотлар мавжуд. Ушбу маълумотларнинг ош­­кор бўлмаслиги учун масъ­улият тўлалигича судьялар зим­­ма­сига юклатилади.

«Судлар тўғрисида»ги қо­­нуннинг 66-моддасида судьяларнинг ҳақ тўланадиган бош­қа ишлар билан шуғулланиши тақиқланган. Бу ҳо­лат­ қонунда аниқ-равшан кўр­сатилгани сабабли судья­лар ҳақ тўланадиган бошқа ишлар билан шуғулланмайди. Судья ўзининг асосий ва­зифасига путур етказиши мум­кин бўл­ган ҳар қандай фаолиятдан ўзини тийиши даркор.

«Судьялар одоб-ахлоқи қоидалари»нинг 10-моддасида хизматдан ташқари вақтда фао­лиятни амалга ошириш билан боғлиқ чекловлар белгиланган бўлиб, судья хизматдан ташқари вақтда қонунда белгиланган чекловлар доирасидан четга чиқишига ҳамда суднинг обрўсига, судьянинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига салбий таъсир кўрсатишига олиб келиши мумкин бўлган фаолият билан шуғулланмаслиги ва оммавий тадбирларда иштирок этмаслиги керак.

Судья суд ресурслари ва ходимларидан шахсий мақсадда фойдаланмаслиги лозим. У ҳуқуқий маслаҳат беришга ва бошқа ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга ҳақли эмас.

Хулоса қилиб айтганда, судья жамиятнинг энг илғор қатлами сафида, ҳар томонлама комил инсон бўлиши керак. Чунки, унинг чиқарадиган қарорлари инсон келажаги ва тақдирини ҳал қилади. Демак, судья қанча билимли, холис бўлса, ундан ҳам одамлар, ҳам жамият манфаат кўради.

 

Хайриддин ШЕРМУҲАМЕДОВ,

Жиноят ишлари бўйича Қибрай туман суди раиси.



DB query error.
Please try later.