Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
28.04.2015

ЎТМИШ ВА БУГУН

таққосланганда ҳақиқат намоён бўлади

Урганч шаҳрида май ойида мактаб ўқувчилари ўртасида «Умид ниҳоллари — 2015» спорт ўйинларининг финал босқичи бўлиб ўтади. Мусобақаларни юксак даражада ўтказиш учун бутун бошли «Ёшлар» спорт шаҳарчаси қисқа муддатда қуриб битказилди. Бу — келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодга бўлган эътиборнинг яна бир ёрқин мисолидир. Яқин ўтмишда эса бундай спорт кошоналарини орзу қилиш ҳам ақлга тўғри келмасди...

Ўтган асрнинг иккинчи ярмида — шўролар бутун жаҳонга «ривожланган социализм шароитида яшаяпмиз, коммунизм қурамиз!» деб жар сол­ган даврда бизнинг авлоднинг спорт билан шуғулланиши мактабнинг баҳор-кузда лой, ёзда чанг бўлиб ётадиган спорт майдончасида тўп тепишдан нарига ўтмаган. У ҳам номига — мактаб дастурига киритилган «физкультура дарси» дои­расида бўларди. Ўқитувчимиз қўлимизга увадаси чиққан коптокни бериб, тўполон қилмаслигимизни қатъий  таъкидлаб, ўзи бошқа юмуш билан кетарди...

Ўтган асрнинг етмиш, саксонинчи йилларида ҳам чекка қишлоқларда спортга эътибор шу кўринишда эди.

Бу ёқда эса мақтанишларини айтинг: «Тенг ҳуқуқли совет республикасида спорт ғоят ривож топмоқда!»

Шу ўринда ҳозирги авлодга мавҳум бўлган бир-икки рақамларни келтириб ўтиш жоиз. Бу рақамларни осмондан олганимиз йўқ. 1980 йилда чоп қилинган «Ўзбек совет энциклопедияси»нинг 14-том 545-саҳифасига бир назар ташлайлик. «Ўзбек спортчиларининг халқаро учрашувлари 1931 йилдан бошланган. Турли йилларда Япония, Индонезия, Ҳиндистон, Афғонистон, ХХР, Эфиопия ва бошқа давлатлардан Ўзбекис­тонга спортчилар келган...»

Республикамизга ярим аср давомида спорт мусобақаларида қатнашиш учун ташриф буюрган давлатлар сони ақалли ўнга ҳам бормайди. Эллик йилда-я!?

Таққослаш учун бир мисол: шу йилнинг апрель ойи бошида ўсмирлар ва кадетлар ўртасида қиличбозлик бўйича Тошкентда ўтказилган жаҳон биринчилигига ер куррасининг 100 дан ортиқ давлатидан ёш қиличбозлар ташриф буюриб, ғолиблик учун кураш олиб борди. Спортчилар ҳам, мураббийлар мутахассислар ҳам чемпионатнинг юксак савияда ташкил қилинганига тасаннолар айтишди.

Ҳар йили спортнинг бир қатор турлари бўйича юртимизда қанчадан-қанча халқаро турнирлар ўтказилмоқда. Бу одатий ҳолга айланган. Бунга ўрганиб, кўникиб кетдик.

Айнан «энциклопедия»нинг ўша жойидан яна бир иқтибос: «1978 йили республика спортчилари жаҳон, Европа, ва СССРнинг расмий чем­пио­натларида қатнашиб, бир юзу ўнта олтин, кумуш ва бронза медалларни қўлга киритдилар». Таъкидлаб, мақтанилаётган рақам бутун бир йилга тегишли. Йил давомида турли даражадаги 110 та медаль?! Бу медалларнинг аксарияти СССР биринчиликларида қўлга киритилганини англаш қийин эмас.

2015 йилнинг ўтган атиги тўрт ойи давомида эса мамлакатимиз спортчилари жаҳон, Осиё миқёсида ўтказилган халқ­аро мусобақаларда қўлга киритган медаллар сони икки юздан ошади. Бу ҳали йилнинг бошида. Йил охиригача эса... эҳ-ҳе!..

Яна шу ерда «республикада спорт тараққиётида оммавий ахборот воситаларининг роли беқиёс»лигига урғу берилиб, «айни пайтда республикада «Ўзбекистон физкультурачиси» газетаси ўзбек ва рус тилларида чоп қилинади» деб келтириб ўтилган.

Бизда ҳозир кеча-ю кундуз тўхтовсиз спорт мусобақаларини жаҳоннинг исталган нуқтасидан олиб, намойиш этаётган Ўзтелерадиокомпаниясининг «Спорт» телеканали мавжудлигининг ўзи кўп нарсани билдиради. Қанча номда газета-журнал чоп қилинаётгани саноғини соҳа ходими бўлатуриб, аниқ ҳисоблашда адашишим мумкин. Кўп — жуда кўп-да!

...Шоҳмотга ўч Икром исм­ли ҳамқишлоғимиз бор. У одатда қишлоқ ҳаммоми айвонида «мусобақалар» уюштирарди. Бошқа жойда шароит йўқ эди-да. Ўша йигит ўтган асрнинг саксонинчи йилларида «Шоҳмот бўйича жаҳон чемпиони билан бир бора учрашмасам — бу дунёдан армон билан ўтаман» деб атай Карповни кўриш учун Москвага бориб бирор ҳафта овора бўлиб, умидсизликка тушиб қайтиб келганини қишлоқдошларимиз ҳали ҳамон эслашади...

Яна ёдимда — 1972 йилда хонқалик Саъдулла Қурёзов кураш бўйича СССР чемпио­ни бўлганида барча мактаб ўқувчиларини катта стадионга йиғиб, ўзига хос «чемпион тақдимоти» ўтказишган. «Тирик чемпионни» кўриш ўшанда ҳаммага ҳам насиб қилмаган...

Энди эса шаҳар ҳамда вилоятларда фаолият юритаётган Олимпия захиралари коллежига бирров кириб ўтинг. Орзуингиз ушалади-қўяди. Бир эмас, ўнлаб жаҳон, Осиё ва мамлакат чемпионларини кўриш бахтига муяссар бўласиз! Нафақат махсус олимпия захиралари коллежи, балки бошқа ўқув даргоҳларида ҳам чемпионларимиз оз эмас.

... Боғот тумани «Деҳқонбозор» қишлоғида Саъдулла полвон яшаб ўтди. Кураш бўйича спорт устаси эди. Бир қатор мусобақаларда иштирок этган, аммо номи вилоятдан нарига чиқмаган. Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида полвон қишлоқда бир ўнғай макон топиб, курашга қизиқувчан болаларга кураш сирларини ўргатишга киришди. Киришди-ю, бу саъйи ҳаракати поёнлади — «ноқонуний фаолияти учун жаримага тортилди». Бу иш билан бош­қа шуғулланмасликка қасам ичтиришди...

Полвон бу дунёдан армон билан ўтди. Ўлими арафасида суҳбатлашганимизда алам билан айтганлари ҳамон қулоғимда: «Агар шарт-шароит яратиб беришса, шу қишлоқдан жаҳон чемпионлари чиқарардим...»

Истиқлол халқимиз учун жуда катта имкониятлар эшигини очиб берди. Тарихан қисқа 24 йил ичида ёшларимиз жаҳоннинг манаман деган полвонлари билан бел олишиб, елкасини ерга теккизмоқда. Бугун Саъдулла полвон яшаган қишлоқда бир коллеж, учта мактабда барча шарт-шароитларга эга замонавий спорт заллари ёшлар ихтиё­рига берилган.

...Телевизор экранида Тошкент халқаро аэропорти. Бир ёқда гул кўтарган кутиб олувчилар. У ёқдан — терминал йўлагидан Ўзбекистон байроғини баланд кўтарганча спортчилар чиқиб келишади. Қайсидир халқ­аро мусобақадан қайтишган. Бўйинларида шода-шода медаллар...

Тўғриси, кунаро телевизор экранларида шундай шодиёнали лаҳзаларни кўриб, кўзимиз қувнайди, кўксимиз ғурурга тўлади...

Кўнгилга беихтиёр савол келади: Кеча ким эдик, бугун ким бўлдик!..

 

Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.