28.04.2015

УММОН ОЛДИДА ТУРСАНГ ҲАМ

сувни исроф қилма

Уруш кўрган бобо кран жўмрагини шариллатиб очиб, ювинаётган неварасини койиди: бир пиёла сув кифоя бўлган жойга нега челаклаб сувни исроф қиляпсан, болам? Кейин чол неварасига исроф нималигини тушунтирди. Сувга ташна миллионлаб болалар, ёмғир кутиб ётган қақроқ далалар борлигини айтди. Шундан бери болакай кўча-кўйда беҳуда оқиб ётган сувни кўрса, дарров жўмрагини маҳкамлаб қўяди.

Инсон каби ер ҳам сувга муҳтож. Экин-тикин, дов-дарахтлар сув билан тирик. Шундай экан, оби-ҳаётни тежаш мақсадида олиб борилаётган ишларга ҳамма ўз ҳиссасини бирдек қўшмоғи лозим.  

Миллий матбуот марказида сувдан фойдаланишда тежамкор технологияларни қўллаш ва уларнинг самаралари ҳақида матбуот анжумани ўтказилди.

Уни ўтказишдан мақсад сувдан фойдаланишда тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишдан иборат.

Конференцияда Қиш­лоқ ва сув хўжалиги вазири ўринбосари Шавкат Ҳамроев ва бошқа масъуллар мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда суғоришнинг тежамкор технологияларини кенг жорий қилиш юзасидан ахборот берди.

Кўпгина мамлакатлар қатори юртимизда ҳам сув ресурсларига бўлган талаб йил сайин ошиб бормоқда. Авваллари ҳар 6-8 йилда бир марта сув тақчиллиги кузатилган бўлса, охирги йилларда бу ҳар 3-4 йилда такрорланмоқда.

Мамлакатимизга оқиб келаётган сув ресурсларининг 80 фоиздан ортиғи Қирғизистон ва Тожикистон тоғларидаги қорлар ва музликлар ҳисобига шаклланади. Ушбу маълумотни чуқур ўйлаган ҳар бир киши сувдан тежамли ва самарали фойдаланиш зарурлигини англайди.

Юртимизда бу борада қатор ишлар амалга оширилмоқда. Сув тежовчи технологияларнинг бир қанча турлари изчиллик билан қўлланила бошланди. Хусусан, эгатга плёнка тўшаб суғориш, ўқариқлар ўрнига эгилувчан пленкали қувурлардан фойдаланиш, ёмғирлатиб суғориш, томчилатиб суғориш каби усуллар жорий қилинди.

— Ушбу сув тежовчи технологиялар орасида томчилатиб суғориш алоҳида аҳамиятга эга, — деди Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги бош­қарма бошлиғи Шарифжон Қўчқоров. — Чунки ушбу технология бошқа суғориш усулларидан юқори самарадорлиги, яъни сув танқислиги шароитида кам сув сарфлаб, барқарор юқори ҳосил олиш, тупроқ намлигини ушлаб туриши билан фарқланади.

Томчилатиб суғориш тизимини барпо этиш учун сув насоси, фильтр ҳовуз-тиндиргич, ўғитловчи мослама, магистрал ва тарқатувчи қувурлар, суғориш шланглари ҳамда ёрдамчи қисм­лар керак бўлади. Ҳозир бу жиҳоз ва анжомларнинг аксарияти юртимизда ишлаб чиқарилмоқда.

Бу технологияни қўллаган деҳқонларимизга ҳукуматимиз томонидан қатор имтиёзлар жорий қилинди. Хусусан, томчилатиб суғориш тизими ва бошқа технологияларни жорий этган мулк эгаларига бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонларда бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари ўстириш ҳуқуқи берилган. Солиқ кодексига киритилган ўзгартишларга асосан юридик шахслар ер участкасининг қайси қисмида томчилатиб суғоришдан фойдаланаётган бўлса, ўша майдон учун томчилатиб суғориш тизими жорий қилинган ойдан бошлаб беш йил муддатга ягона ер солиғи тўлашдан озод этилди.

Шунингдек, тадбирда жорий йилда мамлакатимизда 5347 гектарда томчилатиб, 11293 гектарда эгатга плёнка тўшаб ҳамда 7628 гектарда кўчма эгилувчан қувурлар ор­қали суғориш усулларини жорий қилиш режалаштирилгани айтиб ўтилди. Журналистларнинг саволларига батафсил жавоб берилди.

 

Бобур ЭЛМУРОДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.