28.04.2015

ТИНЧ ХОНАДОНГА ҚАЛДИРFОЧЛАР ИН ҚУРАДИ!

Пойтахтимиздаги «Radisson» меҳмонхонасида Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Юнус­обод туман ҳокимлиги ва бир қатор жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ўтказилган тантанали маросимга шу туманда истиқомат қилаётган 79 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва меҳнат фронти фахрийлари таклиф этилди.

Мухбирларимиз ушбу тадбирда иштирок этишди.

Эшик олдида бир гуруҳ кекса отахонлар суҳбатлашиб туришибди. Мусаффо ва беғубор осмонда қалдирғочлар чарх уради. Меҳмонхонага кираверишда ҳарбий оркестр юракларга ҳаяжон соладиган, олис уруш йилларини эслатувчи мусиқани ижро этмоқда. Эшик олдига автомашиналар келиши давом этади. Ёши 80-90 дан ошган, юрт тинчлиги учун курашган нуроний отахонлар, онахонларни кўриб, беихтиёр қалбингиз фахр-ифтихорга тўлади.

Йигит-қизлар қўлларида гулдасталар билан улар истиқболига пешвоз чиқадилар. Юнусобод туман ҳокими Шавкат Азимжонов, ҳокимлик мутасаддилари ва бир қатор жамоат ташкилотлари вакиллари азиз инсонларни ҳурмат-эҳтиром билан кутиб олиб, байрам дастурхонига таклиф қилади.

Тадбирнинг тантанали қисми бошланди. Туман ҳокими ўз сўзида мамлакатимизда ёши улуғ инсонларга муносиб турмуш шароити яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат эътиборида эканлигини таъкидлади. Бу борада Президентимизнинг «1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда «1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармонлари  дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Шундан сўнг уруш ва меҳнат фронти қатнашчиларига «Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 70 йиллиги» эсдалик юбилей медалини тантанали топшириш маросими бошланди.

Фурсатдан фойдаланиб, отахонлардан бирини суҳбатга тортаман.

— Мен Исмоил Исроиловман, ёшим 101 да, — деди у. —  Ўтган куни Президентимиз топшириғи билан Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Усмонов ва туман ҳокими Шавкат Азимжонов уйимизга келиб, юбилей медалини топширишди, совға-саломлар беришди. Мана, бугун бу тадбирга ҳам таклиф этишди. Бизни шунчалик ҳурмат қилишаяпти, илоҳим умр­ларидан барака топишсин. Юртимизда тинчлик бўлсин.

— Отахон, уруш ғалаба билан тугаганига 70 йил бўлди, бу катта муддат, лекин у кунлар ҳамон ёдингизда бўлса керак?

— Э, болам уруш ўла-ўлгунча эсдан чиқади, дейсанми? 1938 йилда ҳарбий хизматга чақирилган бўлсам, энди уйга қайтамиз, деб турганда уруш бошланиб кетди, 2-Украина фронтига сафарбар қилишди. Бизнинг-ку, тажрибамиз бор эди, лекин қўлига қурол олиб, илк бор жангга кирган қанча-қанча 18-19 ёшли йигитлар беҳудага қурбон бўлишди. Жангга кирганимизнинг биринчи кунида душман ярим тунда ҳужум бошлади. Битта батальон аскарларидан уч киши тирик қолдик...

89 ёшли Маргарита Меркуловага рус тилида савол берсам, у ўзбек тилида бурро-бурро жавоб қайтарди. Онахоннинг хотираларини ҳис-ҳаяжонсиз тинглашнинг иложи бўлмади.

1941 йил уруш бошланганида унинг отаси раҳбар бўлган ҳарбий маҳсулот ишлаб чиқарадиган завод Ленинграддан Тошкентга кўчириб келинган. У ҳам  оиласи билан Тошкентга келиб, шу ерда ўнинчи синфни тугатган экан.

— 1942 йилда ўқишни битирган 16 нафар ўғил ва 12 нафар қиз бола фронтга жўнатишларини сўраб, ариза ёздик, — дейди Маргарита опа. — Талабимиз қондирилиб, бизларни Чоржўй шаҳрига ҳарбий тайёргарликдан ўтишга жўнатишди. У ерда радист-топо­граф касбини эгалладим. Ҳаммамизни ҳар жойга юборишди, — опа ерга қараб оғир хўрсинди. — 26 синфдошдан атиги 9 киши урушдан омон қайтдик. Қолгани қайтиб келмади...

Мен жангларда қатнашиб, то Берлингача борганман. Ҳеч эсимдан чиқмайди, Рейхстаг деворига катта-катта ҳарфлар билан ёзилган 7 та ўзбекча исм-фамилияни кўриб қолдим. Уларнинг олтитасининг остига «Тошкент!» деб ёзилган, еттинчисига эса «Шариф Юсупов, Бухородан!» ёзиб қўйилган эди.

Мен ҳам уларнинг остига исми-шарифимни ёзиб, «Тошкентдан!», дея ундов белгисини қўйдим! — Маргарита опа кулди. — Ёшлик-да, ўргилай, — деди ўзбекона алқаш билан, — ёшликда одам барибир қизиққон бўларкан. Шундай қилиб, тинч ҳаётга — Тошкент­га қайт­дим, бир умр педагог-психолог бўлиб инс­титут, билим юртларида ишладим.

Мен Ўзбекистон қизиман, бизнинг ҳаётимизни Ўзбекис­тон сақлаб қолди, деб бир умр айтиб юраман. Ўзим ҳам ўзбек бўлиб кетдим. Президентимизга, халқимизга минг раҳмат, тинч осойишта ҳаётимиз, фаровон турмуш, бизларни шунчалик эъзозлаётганлари учун!..

...Марш оҳанглари янграйди. Навбатдаги чеҳраси фариштамонанд суҳбатдошим Миркомил Алимуҳамедов, меҳнат фронти иштирокчиси, 93 ёшда.

— Аслида бизни 1941 йилда урушга сафарбар қилишган эди, — деди отахон. — Лекин Москва атрофида жойлашган 22-авиация заводини зудлик билан демонтаж қилиб, Қозон шаҳрига кўчиришга буйруқ олдик. 1942 йилда заводни Қозондан Тошкентга кўчириб келдик. Казарма ҳолатида уч сменада ишлаймиз, уйқу йўқ, ҳамма нарса фронт учун. Бир суткада 800 грамм нон беради, бошқа ҳеч нарса йўқ, уни уйдагиларга олиб бораман. Қорнимиз тўймайди.

Биз фронтга борамиз, деб икки-уч марта ариза ёздик, рухсат беришмади. «Бу ҳам фронт, бўйин товласанг, кўриладиган чора фронтдагидай бўлади!» — дейишди. Одамлар ёппасига кўриш қобилиятини йўқота бошлади, кечаси ишлаганларнинг кўзи кўрмай қолди. Гўшт емаса, шунақа бўларкан. Шундан кейин бизни тошбақа гўшти, от гўшти билан таъминлашди.

Ана шу тариқа уруш пайтида авиация заводида назоратчи бўлиб ишлаганмиз. Шундай оғир кунларни бошимиздан кечирганмиз, болам.

Илоҳим юртимиз тинчлигига кўз тегмасин, мустақиллигимиз абадий бўлсин. Юртимизни мустақилликка олиб чиққан, тинчлигимизни таъминлаб турган Президентимиз омон бўлсин. — Отахон шундай дея осмонга қаради. — Ана, кўряпсизми, қалдирғочларнинг шўх-шодон сайраб учишини? Қалдирғоч жуда сезгир қуш, бирор таҳликани сезса, шу заҳоти ўша жойни тарк этади. Қалдирғоч тинч, баракали хонадонга ин қуради!

...Ҳарбий оркестр чолғуларидан таралаётган тантанали садолар остида отахону онахонларга тансиҳатлик тилаб хайрлашар эканман, беихтиёр яна осмонга қарадим. Қалдир­ғочлар тепамизда чарх уриб айланишади.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН



DB query error.
Please try later.