28.04.2015

ТАЖРИБА ОММАЛАШАДИ

Зарофатхон ая Ҳайдарова узоқ йиллар таълим соҳасида ҳалол меҳнат қилди. Мана, энди кексалик гаштини суриб юрибди. Сўнгги пайтда кўриш қобилия­ти пасайганидан дилига хиралик тушганди. Бундан хабар топган Бувайда туман ҳокимлиги, ЎзХДП Бувайда туман кенгаши дарҳол тегишли мутахассисларга мурожаат этишди.

— Барака топсин давлатимиз, биз, кексаларнинг ҳурматини ҳар тарафлама жо­йига қўймоқда, — дейди ­Зарофатхон ая Ҳайдарова. — Қишлоғимизда барча ёши улуғлар тиббий кўрикдан ўтказилди. Беморлар даволанди. Зарур дори-дармонлар тарқатилди. Шу қатори менинг кўзим ёруғ дунёни энди янада равшанроқ кўрадиган бўлди.

— «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури асосида мен «Чимён» сиҳатгоҳида бепул дам олиб, даволаниб келдим, — дейди ­Зарофатхон аянинг ҳам­қишлоғи Санобар Болтабоева. — Бизга доимо ғамхўрлик кўрсатилаётганидан миннатдормиз.

Маълумки, кексаларга ғамхўрлик мавсумий тадбир эмас, балки тизимли жараён, халқимизга хос фазилатдир. Бугун бу қадрият қонун ва меъёрий ҳужжатларга асосланган.

Шу ўринда савол туғилади. Хўш, бундан кексалар, уларнинг оила аъзолари нечоғли хабардор?

ЎзХДП Фар­ғона вилоят кенгашининг «Фаол аёллар» қаноти томонидан Бувайда туманининг Оққўрғон қишлоғида «Қонунлар тарғиботи ойлиги» доирасида «Кексаларни қўллаб-қувватлашга оид ҳуқуқий асослар — уларга ғамхўрлик кўрсатишнинг муҳим омилидир» мавзусида ўтказилган семинар ана шу мақсадда ташкил этилган эди.

Унда тумандаги БПТ ­раислари, маҳалла маслаҳатчилари, партия гуруҳи аъзолари, тармоқ, бўлим, бош­қарма раҳбар ва мутахассислари иштирок этди. Семинар ЎзХДП аъзолари ҳамда электорат вакиллари бўлган хотин-қизларнинг кексаларни эъзозлаш ва қўллаб-қувватлашга оид мавжуд қонунлар ва қо­нунос­ти ҳужжатларидан хабардорлигини ошириш ва Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар ижросида уларнинг иштирокини кучайтириш, қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат­ларнинг жойлардаги ижроси, фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф этиш чораларини кўришни мақсад қилган эди.

— Биз семинарга тайёргарлик жараёнида Бувайда туманининг Оққўрғон қишлоғи мисолида аҳолининг қонунлардан хабардорлиги, амалга оширилган ишлар, унда ЎзХДП туман кенгаши иштирокини таҳлил қилдик, — дейди Хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири ­Феруза Нишонова. — Мониторинг шуни кўрсатдики, қонун тарғиботи борасида қилиниши лозим бўлган амалий ишлар талайгина экан.

Семинарда мавзунинг ҳуқуқий асослари мутахассислар томонидан таҳлил қилинди ва бу борада ҳозиргача амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берилди.

— Жорий йилда туманимиздан 500 нафар кексанинг сиҳатгоҳларда бепул дам олиши режалаштирилган. 6 нафар якка-ёлғиз нуронийнинг уй-жойлари таъмирланди, юз ёшдан ўтган уч нафар отахону онахонларга мод­дий ёрдам ажратилди, қариялар учун Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига саёҳат уюштирилди, — дейди бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлими мутахассиси Мавлон Умаров. — 5 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисига мактаб ўқувчилари ва коллеж талабаларидан иборат ғамхўрлик гуруҳлари бириктирилган.

Кексаларнинг саломатлиги ва даволаш ишларига Дастурнинг алоҳида бандлари асосида вазифалар белгиланган. Унга кўра, туманимизда тор мутахассислар ҳамда ҚВП умумий амалиёт шифокорларидан иборат гуруҳлар иштирокида 423 нафар қария чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Эътироф ва ибрат. Бу икки сўз бугун Бувайданинг барча меҳнат жамоалари, ўқув юртларида алоҳида маънода жаранглаяпти. ЎзХДП туман кенгаши 1-мактабда Иккинчи жаҳон уруши йилларининг меҳнат фронти қатнашчилари Ўлмас ота Қосимов ва Мамасиддиқ ота ­Камолдиновлар билан учрашув ташкил этди.

— Бизни партия фаоллари, ўқувчилар байрамона кайфиятда кутиб олди, — дейди Мамасиддиқ ота. — Учрашув ғоят самимий ўтди. Ёшлар кўзларида ифтихор порлаганини кў­рдим. Агар улар бизнинг ҳикояларимиздан озгина бўлса-да, сабоқ олган бўл­са, биз бундан қувонамиз, албатта.

Семинарда бу каби учрашувларни ташкил этиш усуллари таҳлил қилиниб, ибратли томонларини вилоят БПТларида қўллаш тавсия этилди.

«Қонунлар тарғиботи ойлиги» доирасида ўтган амалий семинарда партия фаоллари туман маънавият-тар­ғибот маркази раҳбари Дилором Азимова, Олқор ҚФЙ маслаҳатчиси Анорхон ­Умрзақова, шоир ­Собиржон Отабоев, халқ депутатлари туман Кен­гашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Баҳромжон ­Мамадалиев сўзга чиқиб, кексаларни қўллаб-қувватлашга оид қонун ҳужжатларини тар­ғиб қилиш тажрибалари тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

 

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.