28.04.2015

ҲАРАКАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИ

сиёсий партиянинг нуфузини оширишга хизмат қилади

Сайловлар жараёни, сайловолди ташвиқот-тарғибот тадбирларида сиёсий партиялар сайловчиларга мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли, хусусан, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз дастурларини тақдим этган, содда қилиб айтганда, сайловолди ваъдаларини берган эди. Сайловчилар эса ана шунга қараб, улардан кўрсатилган номзодларга овоз берди. Сайлов ҳам ўтди. Энди ана шу ваъдаларни бажариш, Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, сайловчи ишончини оқлаш учун ҳаракат қилиш лозим.

Сайловолди дастурида сиёсий партиянинг белгилаб олган асосий вазифалари, ғоялари ўз ифодасини топган. Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастурида кейинги беш йил давомида пар­тия ташкилотлари ҳамда депутатлик корпуслари зиммасида турган асосий вазифалар, уларни амалга ошириш механизмлари ва йўллари аниқ кўрсатилган.

Ҳаракат дастурида, энг аввало, ЎзХДПдан Олий Мажлис ­Қо­нунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар назорат ваколатлари ва вазифаларини самарали бажаришини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Бу бежиз эмас, албатта. Чунки берилган ваколат ва имкониятлардан самарали фойдаланилмас экан, Сайловолди дастурида белгиланган бирор-бир мақсадга эришиб бўлмайди.

Биринчи навбатда, ­Қо­нунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоларининг назорат-таҳлил ишларини, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари томонидан қонунлар ва бош­қа ҳукумат қарорлари ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини янада кучайтириш талаб этилмоқда. Яъни, аҳолининг ижтимоий муҳофазага эҳ­тиёжманд қатламларини манзилли ижтимоий ҳимоялаш, фуқароларнинг пенсия ва ижтимоий таъминоти, аҳоли бандлиги, шу жум­ладан, пар­ламент томонидан янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли банд­лигини таъминлаш бўйича қабул қилинган дастурларнинг иж­ро этилиши устидан тизимли мониторинг ўрнатилиши лозим.

Шунингдек, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари фаолияти, қишлоқ жойларида уй-жой қурилиши ва замонавий ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш соҳасига оид қонунчилик ҳужжатлари ижросини ўрганиш натижаларини ишчи гуруҳ ва фракция йиғилишларида муҳокама қилиш катта самара беришини инобатга олиб, бу борадаги ишларни кучайтириш зарур.

Яна бир муҳим масала. Давлат ҳокимияти маҳаллий вакиллик органларидаги партия гуруҳларининг ўз ҳуқуқ ва ваколатларидан самарали фойдаланиш. Ҳаракат дастуридаги электорат манфаатлари билан боғлиқ масалаларни ўрганиш, пар­тия гуруҳи номидан сессияда ёки доимий комиссия йиғилишида кўриб чиқиш учун таклифлар тайёрлаш ва киритиш услубларини янада такомиллаштириш зарур.

Шунингдек, партия гуруҳи томонидан қонунлар ва бошқа ҳукумат қарорлари ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш методикаси, яъни депутат сўрови ва қонунчиликда кўзда тутилган бошқа назорат функ­ция­ларидан унумли фойдаланиш бўйича тизимли ишлар олиб борилиши лозим. Зарур бўлса, ҳар бир депутат олдига индивидуал вазифалар қўйиш ва унинг ижросини партия гуруҳи йиғилишларида доимий равишда муҳокама қилиб бориш амалиётини йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга.

Ҳаракат дастурида депутатларнинг ўз сайлов округларида мунтазам иш олиб боришини ташкил этиш бўйича ҳам аниқ вазифалар белгиланган. Ҳудудларда иш олиб боришда қайси масалаларга кўпроқ эътибор қаратиш лозим? Биринчидан, сайловчилар билан учрашувлар давомида қонунларнинг қай даражада ишлаётганига аниқлик киритиш, амалдаги қонунчиликдаги бўшлиқ ва камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар бериш талаб этилади.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари аъзолари ўз сайлов округларида электорат вакилларини ўйлантираётган муаммоларни ўрганиб бориши, минтақалар ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари ҳамда ҳудудий иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича дас­турлар ижросини мунтазам назорат қилиб, хулосалар тайёрлаб бориши керак. Ана шундагина Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларидаги пар­тия гуруҳлари ўзаро ҳамкорликда, бир бутун механизм сифатида ишлаши таъминланади.

Дастурда қўйилаётган муҳим масалалардан яна бири — бу партия маҳаллий ташкилотлари ҳузуридаги Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини янада такомиллаштиришдир. Давлат ҳокимияти маҳаллий вакиллик органларига партиядан сайланган депутатларнинг Жамоатчилик қабулхоналарида фуқароларни қа­бул қилишда доимий иштирокини таъминлаш керак бўлади. Бу эса ҳудудлардаги муаммолар ўз вақтида ҳал этилишида муҳим ўрин тутади.

— Сиёсий партиялар сайлов жараёнларида жуда ҳам фаол бўлишади, — дейди Бойсун туманидаги 6-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Шокир Болтаев. — Назаримда, сайловдан кейин кенг халқ оммаси билан янада кўпроқ мулоқотда бўлиш лозим. Чунки сайловолди ташвиқотида айтилган фикрлар ижросини таъминлаш шуни талаб этади. Сайловолди ваъдалар бажарилса, пар­тиянинг жамиятдаги нуфузи янада юқори бўлади, деб ўйлайман.

— Барча сиёсий партияларнинг Сайловолди дас­тури билан яқиндан танишман, — дейди юридик фанлар номзоди Хушвақт Ҳайитов. — Уларда белгиланган вазифалар тўлиқ бажариладиган бўлса, аҳоли турмуш даражасини ошириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ қатор масалалар ўз ечимини топади. ­Сиёсий партиянинг Сайловолди дас­тури ижроси мамлакат тақдирига дахлдор масала, деб ҳисоблайман.

 

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.