28.04.2015

ОДАМЛАР БИЗДАН КЎП НАРСА КУТАДИ

Улар бунга ҳақли ва биз бу ишончни оқлашимиз шарт

ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгашининг навбатдаги пленумида келгусидаги вазифалар муҳокама этилиб, ана шундай қарорга келинди. Унда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, вилоят, туман, шаҳар партия кенгашлари раҳбарлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳи аъзолари, «Фаол аёллар» ва «Истиқбол» ёшлар қаноти етакчилари иштирок этди.

Пленумда дастлаб Президентимизнинг Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги маърузасида илгари сурилган ғоялардан келиб чиқадиган вазифаларни бажаришда партия ташкилоти иштироки хусусида фикр алмашилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Акмал ­Умаралиев кун тартибидаги масала бўйича маъруза қилди.

— Президентимиз маърузаси мазмун-моҳиятидан келиб чиқадиган бўлсак, унда мамлакатимиз тараққиётининг навбатдаги босқичи белгилаб берилганини англаймиз, — деди у. — Шундай экан, уларнинг ижроси ҳар биримиздан янада фаоллик ва қатъийлик талаб этади. Маълумки, Ўзбекистон Халқ демократик пар­тия­си ўз дастурида аҳоли турмуш даражасини янада юксалтириш, бандлик, ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида муҳим йўналишларни белгилаган. Шундан келиб чиқиб, фракция ва маҳаллий Кенгашлардаги пар­тия гуруҳлари масъулияти ва ҳамкорлигини янада ошириш, Жамоатчилик қа­булхоналари фаолиятини такомиллаштириш зарур.

ЎзХДП вилоят кенгаши раиси Алишер Тошматов пленум иштирокчилари эътиборини вилоят партия ташкилотининг бўлиб ўтган сайловлардаги иштироки якуни, демократик ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида партия ташкилоти олдида турган долзарб вазифаларга қаратди.

— Сайловлар партия ташкилотимиз учун жиддий синов бўлди, — деди у. — Энг муҳими, ютуқ ва камчиликларимиз яққол кўзга ташланди. Одамлар орасига янада чуқур кириб борилди. Партиямиз амалга ошираётган ишлар, унинг дастурий мақсадлари билан батафсил таништириш имкониятига эга бўлдик. Бунинг натижасида партиямиз тарафдорлари янада ортди. Жамоатчилик қабулхоналарига мурожаат қилувчилар кўпайди.

Бугун халқ депутатлари вилоят Кенгашида 11, шаҳар ва туман Кенгашларида 119 нафар депутатимиз фаолият олиб бормоқда. Одамлар биздан, депутатлардан кўп нарса кутади. Ўзларини ўйлантираётган масалаларга ижобий ечим истаб, бизга мурожаат қилади. Улар бунга ҳақли, албатта. Шундай экан, фаолия­тимизни янада кучайтириб, халқимиз ишончини оқлашга астойдил ҳаракат қилишимиз керак.

— Бизга ЎзХДП Марказий Кенгаши томонидан сиё­сий ўқувларни юқори савияда ўтказиш учун фойдали бўлган услубий қўл­ланмалар юборилмоқда, — дейди ЎзХДП Гулистон шаҳар ­кенгаши раиси Қаюмжон ­Аданов. — Биз булардан тўлиқ ва самарали фойдаланган ҳолда сиёсий ўқувлар, партиямиз дас­турий мақсадлари тарғиботига қаратилган тадбирларни юқори савияда ташкил этаяпмиз. Шуни алоҳида айтиш керакки, ўқувларни бошлан­ғич партия ташкилотларида кўпроқ ўтказишга эътибор қаратиляпти. Бу ишларни изчил давом эттирамиз. Чунки партия аъзоларининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини оширмай туриб, мақсадга эришиш қийин.

Пленумда, шунингдек, ЎзХДП Марказий Кенгаши ташкилий кадрлар бўлими мудири ўринбосари Аваз ­Саидов, ЎзХДП Боёвут ­туман кенгаши раиси ­Раббимқул ­Ибрагимов, ­«Истиқбол» ёшлар қаноти Сирдарё вилоят бўлими етакчиси Муроджон Ҳаитов, халқ депутатлари Сирдарё туман Кенгаши депутати Шоҳира Йўлдошева сўзга чиқиб, кун тартибидаги масалалар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Пленумда муҳокама этил­­­ган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Ўктам АБДУЛЛАЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

 

Бўлиб ўтган сайловлардан қандай хулоса чиқарилди? Аҳоли бандлиги, ёшларни ишга жойлаштириш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Бошланғич  ташкилотлар  фаолияти  қай  даражада йўлга қўйилган?

Қарши шаҳрида ўтказилган ЎзХДП Қашқадарё вилоят кенгашининг нав­батдаги пленумида шу каби  саволларга жавоб изланди.   

Маълумки, ЎзХДП Марказий Кенгаши пленумида партиямизнинг сайловлардаги иштироки якунида демократик  ­ислоҳотларнинг  ҳозирги босқичида олди­мизда турган долзарб вазифалар ҳақида фикр юритилган эди.  Ўтган сайловлар партиямиз, унинг қуйи бўғини, фаолларимиз учун муҳим имтиҳон бўлгани қайд этилди.

ЎзХДП Қашқадарё вилоят  кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги  партия гуруҳи раҳбари Олим Равшанов Президентимизнинг Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги маърузаси, «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури ҳамда партия­мизнинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат  дастурида белгиланган  вазифаларга алоҳида тўхталиб, жойларда партия гуруҳлари олиб бораётган ишларни атрофлича таҳлил қилди.

Пленумда ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходими  Фахриддин Йўлдошевнинг мулоҳазалари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

— Одамларни ўйлантираётган масалаларни чуқур ўрганиш, уларга ечим топиш доимий эътибор марказимизда туриши керак, — деди у. — Бу бугунги куннинг талабидир. Аммо халқ депутатлари вилоят Кенгашига ЎзХДПдан сайланган 22 нафар депутатдан айримлари шу кунгача бирорта масала юзасидан сўров билан чиқмабди. Бу ҳолат билан умуман муроса қилиб бўлмайди. Буни жиддий ўрганиб чиқиш ва назоратга олиш лозим.

Зарнигор АҲМЕДОВА, ЎзХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти Чироқчи туман бўлими етакчиси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиби:

— 2014-2015 ўқув йилида вилоятдаги мавжуд 136 та касб-ҳунар коллежини 46543 нафар ёш битириб чиқади. Уларни ишга жойлаштириш долзарб масала. Партиямизнинг вилоят ва туман кенгашлари бу борада ички имкониятларни изламоқда. Натижада муқобил лойиҳалар асосида қўшимча 600 га яқин иш ўрни  яратиш мумкин экан. Яна бир ҳолат: айрим корхоналарда битирувчилар 2-3 ойдан кейин ишдан бўшаб кетмоқда. Бунинг сабабини ўрганиш ва бу борада ҳам назорат ўрнатилиши зарур, деб ўйлайман.

Носир ҲАЛИМОВ, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Қашқадарё вилоят бўлими масъул ходими, халқ депутатлари Қарши туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Биз сиёсий партиялар билан ҳамкорликда аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий онгини ошириш масаласига жиддий эътибор қаратишимиз лозим. Айрим фуқаролар турли коммунал, солиқ тўловлари билан боғлиқ масалалар юзасидан мурожаат қилишмоқда. Баъзи ҳолларда электорат вакилларининг ҳақ-ҳуқуқлари бузилаяпти.

Шунингдек, банклардан кредит олиш масаласида кимга, қай тартибда мурожаат қилишини билмай овора бўлаётганлар бор. Ваҳоланки, давлатимиз томонидан оилавий тадбиркорлар ва ишбилармонлар учун барча имкониятлар яратилган. Биз, депутатлар бу масалада янада фаол бўлишимиз, соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда аҳоли ўртасида турли семинарлар, тушунтириш ишлари олиб боришимиз зарур...

Алима ПАРПИЕВА, ЎзХДП Муборак туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Туманда ЎзХДПнинг 37 та бошланғич ташкилотига 2 минг нафарга яқин аъзо бирлашган. Жойларда 17 та ҳудудий ташкилот тузилган. Олдимизда турган муҳим вазифаларни бажаришда бошланғич ташкилотларимиз, фаолларимиз кучига таянишимиз лозим. Аммо барча бошланғич ташкилотларда аҳвол бирдек эмас. Бир сўз билан айтганда, кучли партия кучли бошланғич ташкилотлардан бошланади.

Пленумда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Музаффар ТУРОПОВ,

Юнус УЗОҚОВ.



DB query error.
Please try later.