23.04.2015

КУТУБХОНА — МАЪНАВИЯТ МАСКАНИ

Бундан йигирма йил муқаддам, яъни 1995 йилда ЮНЕСКОнинг 28-конференциясида 23 апрель — Халқаро китоб ва муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни деб эълон қилинган эди. Бу сана ҳар йили бутун дунёда маърифат куни сифатида нишонланади.

Шу муносабат билан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Асаджон ХЎЖАЕВ билан мазкур маърифат маскани фаолияти ҳақида суҳбатлашдик.

— Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси — ахборот ресурс марказининг бугунги кундаги босма ва электрон кўринишдаги ресурслар фонди қарийб етти миллион нусхани, фойдаланувчилар сони юз минг нафарга яқинни ташкил этади, — дейди у. — 2014 йилда кутубхонага 27 минг 719 нафар киши аъзо бўлди. Бундан ташқари кутубхона веб-сайтидан ҳам унумли фойдаланилмоқда.

— Ҳозирги электрон технологиялар, интернет хизматлари тараққиёти даврида кутубхонадаги мавжуд манбаларни электрон тартибга ўтказиш жараёнлари хусусида маълумот берсангиз? 

— Миллий кутубхонамизда автоматлаштириш жараёнларини жорий этиш, электрон ресурсларни яратиш бўйича электрон библиографик ва тўла матнли элек­трон нашрлар ташкил этилди. 2014 йил мобайнида сканерлаш ва нусха кўпайтириш хизмати томонидан кўп сўраладиган ҳамда янги адабиётларнинг электрон нусхасини яратиш бўйича доимий иш олиб борилиб, нодир ва алоҳида қимматга эга ­нашрлар, қўлёзмалар 116 тани, «Ўзбек тили ва адабиё­ти» журналининг 1958-2014 йиллар оралиғидаги, «Ўзбекистон ижтимоий фанлари» журналининг 1961-2014 йиллардаги сонлари 849 тани ташкил этди.

Миллий кутубхона томонидан ҳар йили октябрь ойида ахборот-кутубхона ҳафталиги ташкил қилинади. 2014 йил ўтказилган анъанавий ҳафталик доирасида ахборот-кутубхона, ахборот-ресурс марказлари фаолиятида ахборот муҳитини янада шакллантириш, мустаҳкамлаш ва ягоналикни  таъминлашда рақамли макон ва замонавий медиа контентни ривожлантириш ҳамда билимларни оммалаштириш ва ахборот ресурларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш каби масалалар кўриб чиқилди. Бундай тадбирлар Миллий кутубхонанинг расмий веб-сайти www.­natlib.uz ҳамда электрон оммавий ахборот-воситаларида ёритилиб борилади.

— Кутубхонага аъзо бўлиш тартиби ва хизмат турлари ҳақида ҳам тушунча берсангиз?

— Миллий кутубхонага 12 ёшдан бошлаб чегараланмаган ёшгача аъзо бўлиш мумкин ва бунда ҳеч қандай тўлов олинмайди. Лекин уларга аъзоликни тасдиқловчи ID пластик карточкалар тақдим этилади. Уч йилгача фойдаланиш муддати билан бериладиган, қалин ёки қоғозга ламинация қилинган оқ-қора тасвирли карточка учун тўрт-беш минг сўм, рангли карточка учун тўққиз минг сўм миқдорида тўлов амалга оширилади.

Миллий кутубхона расмий веб-сайти орқали интерактив давлат хизматлари орқали фойдаланувчиларга сифатли ва кенг миқёсида хизмат кўрсатиш шарт-шароитлари мавжуд. Давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тузилмаси, таркиби, функциялари ва асосий фаолияти, уларда фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги, илм-фан, таълим, ахборот ва маданият соҳаси бўйича қизиқишларни тезкорлик билан қондиришга йўналтирилган хизматлардан фой­даланишга имкон яратилган.

Замонавий ахборот технологиялари асосида аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишга доир ахборотларни, Ўзбекистон Республикасининг ахборот-ресурс ва ахборот-кутубхона марказлари, шунингдек, ихтисослаштирилган кутубхоналар рўйхати, кутубхонанинг электрон каталогидан фойдаланиш ва адабиётларга буюртма бериш каби хизматлар тақдим этилган.

— Халқаро алоқалар хусусида ҳам тўхталсангиз?

— Миллий кутубхона Польша, Қозоғистон, Озарбайжон, Миср, Латвия, Турк­манистон, Украина, Шанхай кутубхоналари билан Ўзбе­кис­тондаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури асосида имзоланган ҳамкорлик шарт­номалари бўйича халқаро алоқалар олиб бормоқда. 2014 йил давомида кутубхонанинг 15 нафар мутахассиси ўз йўналиши бўйича хорижда малака ошириб қайтди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида Миллий кутубхонада Корея Миллий кутубхонаси ва Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ёрдамида «Кореяга нигоҳ» ўқув хонаси ташкил қилинди ва 3 мингдан зиёд китоб, техник жиҳозлар ҳамда зарур анжомлар билан таъминланди.

Инсон тарбиясида, унинг дунёқарашини шакллантиришда китобнинг аҳамияти беқиёсдир. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси маърифат кошонаси, зиё маскани сифатида ана шундай улуғ мақсадларга хизмат қилиб келмоқда. Қайси мамлакатнинг аҳолиси китобсевар, юксак маънавиятли бўлса, унинг келажаги ҳам порлоқ бўлади.

 

Суҳбатдош:

Нуруллоҳ ДОСТОН 




DB query error.
Please try later.