23.04.2015

ДЕПУТАТ ТАКЛИФИ ВА ТАШАББУСИ

электорат манфаатларига хизмат қилсин

Депутатлар бирон масалани ўрганиш, уни ҳал этишда қонунчиликда белгиланган турли механизмлардан фойдаланади, таклифлар, ташаббуслар билан чиқади. Бу жараёнда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари, доимий комиссиялар йиғилишлари муҳокамасига масалалар киритиш, уларни сессияларда кўриб чиқиш, қарорлар қабул қилиш, депутатлик сўровларидан фойдаланиш, Жамоатчилик қабулхоналари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш сингари воситаларнинг ўрни ва аҳамияти катта, албатта.

Айни пайтда Жиззахда партиямиздан сайланган 12 нафар вилоят, 115 нафар шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари фаолият кўрсатмоқда. Улар орасида партия ғояларини тар­ғиб қилиш, дастурий мақсадларимизни амалга оширишда маҳаллий кенгашларимизга яқиндан ёрдам бераётганлар кўпчиликни ташкил этади. Бундай фаол депутатларимизнинг таклифлари, ташаббуслари асосида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир масалалар партия гуруҳлари, доимий комиссиялар йиғилишларида муҳокама этилиб, сессиялар кун тартибига киритиляпти.

Ўтган ойда халқ депутатлари Жиззах туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Абдунаби Абдураҳмоновга Қангли қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Уяс қишлоғидан бир гуруҳ фуқаролар ичимлик суви масаласида мурожаат қилишди. Депутат мутахассисларни жалб этган ҳолда масалани жойида ўрганиб чиқди ва мутасадди корхона-ташкилотларга депутат сўрови юборди. Қисқа вақт ичида қишлоқда ичимлик суви билан боғлиқ муаммо ўзининг ижобий ечимини топди.

Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Хидир Шукуров томонидан вилоят ҳудудида коммуникация тармоқларига уланган, етарли ер майдонига эга бўлган, лекин ҳозирги кунда бўш турган биноларни ўрганиш, имкони бўлса, улардан фойдаланишни йўлга қўйиш ҳақида таклиф киритди. ЎзХДП вилоят кенгаши унинг бу таклифини қўллаб-қувватлади. Натижада ўн­лаб шундай бинолар мавжудлиги маълум бўлди. Улар негизида ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича ҳудудий дастур тайёрланди. Масала аввал доимий комиссия йиғилишида муҳокама қилинди. Сўнгра халқ депутатлари вилоят Кенгашида кўриб чиқилди. Сессия депутатнинг таклифи ҳамда ЎзХДП вилоят Кенгашининг бўш турган объектлар негизида ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича тайёрланган маҳаллийлаштириш ­дастури доирасидаги ташаббусини маъқуллаб, тегишли тартибда қарор қабул қилди. Айни пайтда мазкур қарор ижроси юзасидан амалий ишлар қилинмоқда.

Афсуски, маҳаллий Кенгашларга сайланган ҳамма депутатларимизни ҳам бирдек жонкуяр, фидойи, ташаббускор, деб бўлмайди. Халқ депутатлари Жиззах шаҳар, Ғаллаорол, Зафар­обод, Мирзачўл, Пахтакор туман Кенгашлари депутатлари ўз амалий ишлари билан кўпчиликнинг ҳурматига сазовор бўлиб келмоқда. Лекин халқ депутатлари Зарбдор, Бахмал, Дўст­лик туман Кенгашларидаги айрим депутатларимиз фаолияти тўғрисида бундай ижобий фикр билдириш бир қадар мушкул. Улар сайланганларига тўрт ойга яқин вақт ўтаётганига қарамасдан, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга алоқадор муҳим масалаларни кўтариб чиқиш, ташаббус кўрсатиш, таклифлар беришда сусткашликка йўл қўйишмоқда.

Балки айрим депутатлар «сайлов ўтди, депутат бўлиб сайландик, асосий вазифа бажарилди», деган хаёлда хотиржамликка берилаётгандир. Одамлар ишончига нисбатан бундай ёндашув бугун мутлақо нотўғри ҳисобланади. «Ким нима деса, деяверсин, ҳар доимги гаплар-да», деб ўйлайдиган депутат қаттиқ янглишади. Чунки ҳар бир депутат эл назарида туради.

Шу ўринда ҳамма соҳада бўлгани каби кундалик пар­тиявий ишларда ҳам бир хилликдан, зерикарли услублардан қочиш зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этаётганига диққатни қаратмоқчиман. Чунки бизнинг ишимиз, депутатларимиз фаолияти ҳам доимий янгиланишга зарурат сезади. Шуларни инобатга олган ҳолда, биз жойлардаги депутатларимизнинг таклифлари, фойдали ташаббусларини тўплаш, уларга кенг жамоатчилик эътиборини қаратишга ҳаракат қиляпмиз. Бундан ташқари, депутатларнинг ҳуқуқ­лари ва ваколатлари моҳиятини очиб беришга хизмат қиладиган давра суҳбатлари, семинар-тренинглар, мулоқотлар ўтказиш ҳам диққат марказимизда. Токи, депутат таклифи, ташаббуси, унинг сўрови мутасаддиларнинг эътиборини тортадиган, уларни ҳушёрликка чорлайдиган воситага, жамоатчилик назоратининг муҳим ва таъсирчан усулларига айлансин.

 

Диёр МУРОДОВ,

ЎзХДП Жиззах вилоят Кенгаши раиси ўринбосари.



DB query error.
Please try later.