23.04.2015

ПАРТИЯНИНГ ЖАМИЯТДАГИ МАВҚЕИ

депутатлар фаоллиги орқали мустаҳкамланади

Олим РАВШАНОВ, Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари.

«Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» асосида давлатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётини изчил ислоҳ қилиш борасидаги ишлар янги бос­қичга кўтарилди. Концепцияда белгилаб берилган вазифалар асосида сиёсий партиялар ва уларнинг депутатлик бирлашмалари мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиши учун янада кенг шароит яратилмоқда.

Масалан, «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши Концепцияда илгари сурилган мақсад ва вазифаларни ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилмоқда.

Унга кўра, партия гуруҳларининг ваколатлари янада кенгайди. Эндиликда партия гуруҳлари тегишли ҳудудда жойлашган давлат органи раҳбарининг ўз фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳисоботи ёки ахборотини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқор­ғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман-шаҳар Кенгашларининг сессияларида эшитиш ҳақида таклифлар киритиш ҳуқуқига эга бўлди.

«Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши, авваламбор, сиёсий партияларнинг келгусида жойлардаги ижтимоий-иқтисодий вазифаларни ечишдаги роли ва масъулиятини янада оширади. Бундан таш­қари, партия дастурий мақсадларини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахсларнинг ўз фаолиятларини амалга оширишдаги масъулиятини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Бугунги давр ҳар бир сиёсий партия ва унинг фаолларидан ташаббускорликни талаб этади. Сабаби, давр билан ҳамнафас бўлмаган партия жамиятда ўз мавқеини йўқотиши муқаррар. Шу маънода пар­тия ташкилотларимиз ўз фаолиятларини бугунги талаблар асосида ташкил этишга, доимий хабардорлик ва ҳамкорлик тамойили асосида ишлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Ўзбекистон ХДПнинг Ҳаракат дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш юзасидан партия ташкилотларимиз ва маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳларимиз ташаббуси билан ўтган чақириқда биргина 2014 йилнинг ўзида 8 та масала партия гуруҳи йиғилишида, 17 масала доимий комиссия мажлисида, 2 масала эса сессияда муҳокама қилинди. Хусусан, вилоят Кенгашидаги партиямиз гуруҳининг йиғилишида иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дас­турининг ижроси юзасидан вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари бошлиқларининг ҳисоботлари эшитилди.

Ўтган йили Қарши шаҳар партия кенгаши ташаббусига кўра, имконияти чекланган болаларни таълим муассасалари ва уйда ўқитилишининг аҳволи тўғрисидаги масала халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг сессиясида муҳокама қилинди. Шунингдек, Касби туман партия кенгаши томонидан аҳолининг табиий газга бўлган эҳтиёжи таъминланишини янада яхшилашга доир масала туман Кенгаши сессияси кун тартибига киритилди. Ушбу масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўтган йилги сайловлар партиямизнинг вилоятдаги ўрни ва нуфузини яна бир бор намоён этди. Халқ депутатлари вилоят ҳамда кўплаб шаҳар ва туман Кенгашларида депутатлик ўрни бўйича бошқа партияларга нисбатан юқори мавқега эга бўлдик. Бу, ўз навбатида, масъулиятни янада оширишни ва депутатларимиз кучидан тўла фойдаланиб, партиямиз нуфузини тобора юксалтиришни тақозо этади.

Партия гуруҳларининг ўз фаолиятини самарали ташкил этишида партия ташкилотларининг ўрни ниҳоятда муҳим. Айнан улар аҳолини ташвишлантираётган муаммоларни бартараф этишда депутатлик бирлашмаларига ҳар томонлама кўмак берадиган асосий воситалардан биридир.

Партия гуруҳининг фаоллиги унинг таркибидаги депутатларнинг, аввало, ижтимоий-сиёсий соҳадаги билими, малакаси ҳамда ташаббускорлигига кўп жиҳатдан боғлиқ. Чунки депутат аҳолини қийнаётган ҳар қандай масалани ҳукумат даражасига олиб чиқа оладиган масъул шахсдир. Бундан кўринадики, партия гуруҳларининг ваколатлари жуда кенг. Шундай бўлса-да, уларнинг барчаси ҳам бу имкониятлардан тўла фойдаланаяпти, деб бўл­майди. Аҳолини ўйлантираётган айрим масалаларни ҳал этишда уларнинг фаоллиги сезилмаяпти. Бундан таш­қари, бошланғич пар­тия ташкилотлари ишини самарали ташкил этиш, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг ўз сайловчилари билан алоқасини янада мустаҳкамлаш лозим.

Бу борада ўзимнинг айрим мулоҳазаларимни билдириб ўтмоқчиман. Маълумки, кейинги йилларда партия гуруҳларининг нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Масалан, 2007 йилда қабул қилинган «Давлат бош­қарувини ян­гилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қи­лишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конституциявий Қонунни олайлик. Унда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими номзодлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тегишли халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳларининг ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этилиши белгилаб қўйилган. Қонундаги шу ва бошқа меъёрлар сиёсий партияларнинг маҳаллий вакиллик ҳокимиятидаги ўрни ва мавқеини мус­таҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Бу борадаги ишларни изчил давом эттириш, хусусан, сиёсий партиялар гуруҳларининг маҳаллий Кенгашдаги ўрни, нуфузини янада ошириш лозим.  Бу доимий комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштириш, сессия кун тартибига киритиладиган масалаларни пухта тайёрлаш билан боғлиқ вазифаларнинг самарали амалга ошишига, депутатлар масъ­улияти ҳамда сиёсий партиялар ўртасидаги соғ­лом рақобат янада кучайишига хизмат қилади.

Сиёсий партиялар ўртасидаги рақобат тобора кучайиб бораётган бугунги давр ҳар биримиздан кўпроқ амалий ишлар қилишни тақозо этмоқда. Буни чуқур анг­лаган партия ташкилотларимиз, депутатларимиз, фаолларимиз бугун кечагидан, эртага бугунгидан кўра яхшироқ фаолият кўрсатишга ҳаракат қилишлари лозим.



DB query error.
Please try later.