23.04.2015

ЗИММАМИЗДАГИ ВАЗИФАЛАРНИ БАЖАРИШ

ҳар биримиздан қатъийлик ва фаоллик талаб этади

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент вилоят кенгашининг навбатдаги пленумида бу фикр бот-бот такрорланди.

Унда ЎзХДП Марказий Кенгаши, Тошкент вилоят партия кенгаши масъул ходимлари, сенаторлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар депутатлари, «Фаол аёллар» ва «Истиқбол» ёшлар қанотлари вакиллари иштирок этди.

Пленумда дастлаб Президентимизнинг Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида билдирилган фикр­лар, илгари сурилган вазифалар ижроси юзасидан таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди. Пар­тия ташкилотлари, депутатлар фаолиятига танқидий баҳо берилди.

ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши ­раиси Сирожиддин Аъзамов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтган сайловлар партиямиз учун жиддий имтиҳон ва катта тажриба мактаби бўл­ганини таъкидлади.

— 2014 йилги сайловда Тошкент вилояти бўйича партиямиздан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 3 нафар, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашига 16 нафар, туман ва шаҳар Кенгашларига 202 нафар депутат сайланди, — деди вилоят партия кенгаши раиси. — Олдимизда долзарб вазифалар турибди. Биринчи навбатда, фаолиятимизни танқидий кўриб чиқиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида озчиликни ташкил этган партия гуруҳлари фаолиятини талаб даражасида изчил йўлга қўйишга эътибор қаратишимиз лозим.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сессиялари ва доимий комиссиялар йиғилишлари муҳокамасига депутатлик бирлашмаларининг таклифларини мунтазам киритиб бориш, электоратни ўйлантираётган масалалар ва ижтимоий соҳаларга бюджетдан ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши юзасидан депутатлик ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш фаолиятимиз самарадорлигини янада оширади.

 

Мақсуда Ворисова, Олий Мажлис Сенати аъзоси, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутати:

— Президентимиз парламент фаолиятининг энг катта камчиликларидан бири сифатида депутатларнинг қонун ижодкорлиги борасидаги фаолияти суст эканини ўринли танқид қилган эди. Шундан келиб чиқиб, бу йўналишдаги фаолиятимизни янада жонлантиришимиз, айниқса, партия гуруҳлари ва парламентдаги фракциямиз ҳамкорлигини кучайтиришимиз керак. Бунинг учун депутатларнинг партия дас­турий мақсадлари ва сайлов­олди дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлари кўпа­йиши талаб этилади.

Маълумки, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 2015-2019 йиллар учун мўлжалланган Ҳаракат дастури ишлаб чиқилди. Унда электорат манфаатига хизмат қиладиган муҳим йўналишлар белгилаб олинди. Биз депутатлар ушбу дастурнинг бажарилишида асосий масъулиятни ўз зиммамизга олишимиз зарур.

 

Улуғбек Абдуназаров, ЎзХДП Бекобод шаҳар кенгаши раиси:

— Бошланғич партия ташкилотлари фаоллиги партиянинг ­жамиятдаги нуфузи ошишида муҳим аҳамиятга эга. Айни пайтда Бекобод шаҳридаги 1800 нафарга яқин партия аъзоси 48 та бошлан­ғич ташкилотга бирлашган. Улар билан ҳамкорликда мунтазам йиғилишлар, давра сухбатлари, сиё­сий ўқув ва семинар-тренинглар ўтказиш йўлга қўйилган. Аммо тан олиш керак, барча бошланғич ташкилотларни сиёсий ўқувлар билан қамраб ололганимиз йўқ. Баъзи ҳолларда ўқувлар ўтказиш ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Тадбирларни юқори савияда ўтказишда тарғибот гуруҳларимиз, маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз имкониятидан етарли даражада фойдалана олмаяпмиз. Шундан келиб чиқиб, сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимидаги ўқувларни бошланғич ташкилотларнинг ўзида тизимли равишда ташкил этишимиз зарур. Бу партия аъзоларининг сиёсий-ҳуқуқий билимини янада ошириш, амалга оширилаётган ислоҳотларда уларнинг фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилади. Пленумда кун тартибидаги масалалар юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси ­Шуҳрат Турсунбоев, «Нуроний» жамғармаси Тошкент вилоят бўлими ­раиси, халқ депутатлари Тошкент вилоят кенгаши депутати Нурмуҳаммад Абдуллаев, «Истиқбол» ёшлар қаноти фаоли Нозигул Тўлаганова сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Партия ташкилоти олдида турган кенг кўламли вазифаларни самарали амалга ошириш борасида маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари, партиянинг барча даражадаги  ташкилотлари олдида турган долзарб вазифалар белгилаб олинди.

Муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

 

ЎзХДП Сурхондарё вилоят кенгашининг навбатдаги пленумида вилоят партия ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳларининг фаолияти танқидий таҳлил этилди, энг муҳим йўналишлар белгилаб олинди.

Дастлаб Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нут­қидан келиб чиқадиган вазифалар, уларни амалга оширишда ЎзХДП ташкилотларининг иштироки масаласи бўйича ЎзХДП Сурхондарё вилоят кенгаши ­раиси Чори Жумақулов ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

— Юртбошимиз маърузасида эришган ютуқ ва марраларимиз билан чегараланиб, хотиржамлик, ҳаволаниш ва бепарволик кайфиятларига берилиб кетсак, бундай ҳолат барчамиз йўл қўйган, кечириб бўлмайдиган катта хатога айланиб кетиши мумкинлиги таъкидланди. Демак, бундан тегишли хулоса чиқариб, ишимизга танқидий баҳо берсак, электорат манфаатларини ҳимоя қилишда амалий ютуқларга эришамиз.

Бўлиб ўтган сайловлар ЎзХДП вилоят ташкилоти учун ҳам катта сиёсий синов вазифасини ўтади. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига вилоят бўйича пар­тия­миздан 2 нафар, халқ депутатлари вилоят Кенгашига 17 нафар ҳамда туман ва шаҳар Кенгашларига 128 нафар депутат сайланди. Электоратни қийнаётган масалаларни изчил ўрганиб бориш, уларни бартараф этиш чораларини кўриш партиямизнинг нуфузини оширади. Бу борада депутатлик ваколатларидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш лозим.  Шу билан бирга, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида мансабдор шахс­ларнинг ижтимоий масалалар юзасидан ҳисоботларини эшитишга алоҳида эътибор қаратиш керак.

— Қумқўрғон туманида партия­мизнинг 51 бошланғич ташкилоти фаолият кўрсатмоқда, — деди ЎзХДП Қумқўрғон туман кенгаши раиси Мамаражаб ­Номозов. — Икки минг нафарга яқин партия аъзоси бор. Ҳозир аъзолар ва бошланғич партия ташкилотлари сонини кўпайтириш ҳаракатидамиз. Бошланғич ташкилотлардаги кадрлар малакасини ошириш бўйича махсус курслар ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман. Етакчиларни шунчаки ўқитиш эмас, балки уларда ташкилотчилик ва ташаббускорлик фазилатларини ўстиришга эътибор бериш лозим.

— Ҳар бир депутат, аввало, ўзи сайланган ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхши билиши, юзага келаётган масалаларни чуқур ўрганиши, айни пайтда, уларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар билан чиқиши зарур, — деди Шўрчи маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи директори, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси ­Райҳона Раҳимова. —  Хўш, бунинг учун нима қилиш керак? Аввало, маҳаллий Кенгашлардаги доимий комиссиялар ваколатларидан кенг фойдаланиш талаб этилади. Чунки доимий комиссиялар ҳудудларда аҳолини ўйлантираётган масалалар ечими бўйича амалий таклифларни шакллантиришда муҳим ўрин тутади. Сессия муҳокамасига ҳам тегишли масала доимий комиссия орқали киритилади. Шу боис партия­миздан сайланган ҳар бир депутат, аввало ўзи аъзо бўлган доимий комиссияда электорат манфаати билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий масалалар ечими бўйича ташаббус кўрсатиши керак бўлади.

Пленумда, шунингдек, «Ис­­­тиқ­­бол» ёшлар қаноти вилоят бўлими етакчиси Суннатилло Бозорбоев ва бошқалар сўзга чиқиб, кун тартибидаги масалалар бўйича фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Пленум якунида тегишли қа­рорлар қабул қилинди.

 

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.