Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 1 2 3 4 5
21.04.2015

КУЧЛИЛАР ХОРАЗМГА БОРАДИ

Футбол, волейбол ва бокс бўйича ўтказилган минтақавий баҳслар ғолиблари «Умид ниҳоллари — 2015» финал ­босқичида медаллар учун курашни давом эттиради

Гулистон шаҳрида ёш футболчилар ўртасида ўтказилган минтақавий учрашувларда Тошкент шаҳри, барча вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикаси терма жамоалари ҳал қилувчи босқичга бериладиган тўртта йўлланма учун кураш олиб борди.

Қуръага кўра, дастлаб мусобақа иштирокчилари тўрт гуруҳда ўзаро куч синашди. Ўз гуруҳида дастлабки икки ўринни эгаллаган жамоалар «плей-офф» босқичига йўлланмани қўлга киритди. Чорак финал учрашувлари чинакам финалга тенг баҳслар тусини олди. Чунки унда ғалаба қозонган тўртта терма жамоа май ойида Урганч шаҳрида бўладиган «Умид ниҳоллари — 2015» спорт ўйинлари финал босқичида қатнашиш имкониятини қўлга киритишарди.

Эътиборлиси, чорак финалнинг учта ўйинида кучлилар номига пенальтилар сериясида ойдинлик киритилди. Дастлабки жуфтликда Тошкент шаҳри ёш футболчилари қорақалпоғистонлик тенг­қурларига қарши майдонга тушди. Ўйиннинг асосий вақтида ҳар икки жамоа аъзолари ўз дарвозалари дахлсизлигини сақлаб қолди — 0:0. Натижада ғолиб номи пенальтилар сериясида аниқланди ва унда омад пойтахт­ликларга кулиб боқди — 4:2.

Чорак финалнинг қолган уч ўйинида эса қуйидаги натижалар қайд қилинди: Сирдарё — Фарғона — 1:3, Қашқадарё — Бухоро — 0:0 (пен. бўйича — 5:4), Самарқанд — Хоразм — 0:0 (пен. бўйича — 2:4).

— Минтақавий босқич учрашувлари кутилганидан-да муросасиз ва шиддатли кечди, — дейди Хоразм вилояти терма жамоаси бош мураббийи Вали Султонов. — Жамоа­миз аъзолари дастлаб «С» гуруҳида қашқадарёликларга имкониятни бой берган бўлса-да, иккинчи ўйинда ­Сурхондарё вилояти футболчиларини енгди. Натижада чорак финалга йўлланмани қўлга киритдик. Шогирдларим катта спорт байрамида мезбон сифатида тўп суриш шараф эканлигини ҳис этиб, чиройли ўйин кўрсатганидан жуда хурсандман. ­Самарқанд вилояти терма жамоаси устидан эришилган ғалаба ёш футболчиларимизга медаллар учун курашни давом эттириш ҳуқуқини беради. Энди финал босқичига ҳам пухта ҳозирлик кўриб, бош совринни қўлга киритиш учун бор кучимизни ишга соламиз.

Бокс бўйича минтақавий мусобақалар Чирчиқ Олимпия захиралари спорт коллежида уюштирилди. Унда ўн тўрт терма жамоа аъзолари ўн уч вазн тоифасида рингга чиқди. Фар­ғона вилояти ёш «чарм қўлқоп» усталари финал босқичига энг кўп — саккизта йўлланмани қўлга киритди. ­Андижон ва Тошкент вилоятлари вакиллари эса еттитадан вазн тоифасида медаллар учун жангларни давом эттириш ҳуқуқига эга бўлди. ­Наманган ва Сирдарё вилоятлари терма жамоалари эса финал бос­қичида атиги биттадан вазн тоифасида иштирок этади.

Мусобақа дастуридан жой олган волейбол (ўсмирлар ва қизлар) бўйича минтақавий учрашувлар Самар­қанд шаҳрида ўтказилди. Бир ҳафта ­давом этган баҳслар якунида ўсмирлар ўртасида Хоразм, Фарғона, ­Са­мар­қанд ҳамда Андижон вилоятлари терма жамоалари кучли тўртликдан жой олди. Қизлар ўртасида кечган баҳсларда эса Хоразм, Жиззах, ­Самарқанд вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри ёш волейболчилари ­Урганчда бўладиган финал босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Шунингдек, кеча «Умид ниҳоллари — 2015» спорт ўйинлари дастуридан жой олган қўл тўпи ва баскетбол бўйича ҳам минтақавий баҳслар бошланди. Қўл тўпи учрашувлари Нукус шаҳрида, баскетбол мусобақалари Фарғонада ўтказилмоқда.

 

Эркин ХОЛБОБО,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.