21.04.2015

«МЕН ВАТАНИМ РАВНАҚИГА ҲИССА ҚЎШИШНИ ХОҲЛАЙМАН»

«7897000 сўм маблағ, 1 та фойдаланилмай турган бино, 3 нафар мутахассис...» Бу «Ёш сиёсатчи» кўрик-танловининг Чирчиқ шаҳар босқичи иштирокчиси Ваҳобжон Ўразматовнинг лойиҳасида келтирилган рақамлар. У ўз лойиҳасини ишлаб чиқишдан аввал ҳудуддаги хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолияти билан танишди. Шаҳарда гўзаллик салонлари, тўқувчилик ва тикувчиликка эҳтиёж бор, деган хулосага келди. Ўқув марказини очиш йўлини танлади. Ваҳобжон ҳам аҳолига қулайлик яратишни, ҳам опа-сингилларимизни ҳунарли ва ишли қилишни кўнглига туйди.

— Шаҳримизда фойдаланилмаётган бинолар мавжуд бўлгани боис лойиҳамни амалга оширишга кўп маблағ талаб қилинмайди, — дея ўз фикрини давом эттирди танлов иштирокчиси. — Мен ташкил этмоқчи бўлган «Моҳир қўллар» ўқув марказида 3 та йўналишда ҳунар ўргатилади. Тўқувчилик, тикувчилик ва сартарошлик. Ҳозирги вақтда қўл меҳнати, яъни қўлда тўқилган кийим-кечакларга талаб катта. Тикувчилик ва гўзаллик салонлари ҳам муҳим аҳамият эга.

Асосийси, қисқа вақт давомида ўнга яқин хотин-қиз иш билан таъминланса, кўплаб опа-сингилларимиз ҳунар эгасига айланади. Арзон ва имтиёзли ўқув курслари ташкил этилади...

«Ёш сиёсатчи» кўрик-танловининг ҳар бир иштирокчиси ўз бизнес лойиҳасини шу тарзда тақдим этади, иқтисодий асосларини, ижтимоий аҳамиятини тушунтиришга ҳаракат қилади.

Танловнинг биринчи – бошланғич ташкилотлар ҳудудида бўлиб ўтган босқичида Чирчиқ шаҳридан 47 нафар йигит-қиз иштирок этди. Кучлилар орасидан саралаб олинган 7 иштирокчи вилоят босқичида ўз ҳудуди шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқини берувчи йўлланмани қўлга киритиш учун баҳслашди.

Ёш сиёсатчилар тақдим этган лойиҳаларда аҳоли бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини янада яхшилаш, экологик муаммоларни бартараф этиш, ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиш орқали ҳудудлар иқтисодиётини барқарорлаштириш, туризмни ривожлантириш, ёши улуғ инсонларнинг турмуш фаровонлигини ошириш каби долзарб масалалар илгари сурилди.

Энг муҳими, ёш йигит-қизлар «Мен эртага ким бўламан, нима иш билан шуғулланаман?», «Ҳаётдаги ўрним қандай бўлади?» каби саволлар ҳақида ўйлаб кўриб, мулоҳаза юритишди. Тенгдошлари билан фикр алмашишди.

Луиза Туганова, кўрик-танлов иштирокчиси:

— Шаҳримиз саноатни ривожлантириш учун қулай ҳудуд ҳисобланади. Шунинг учун ишлаб чиқариш билан бирга, қайта ишлашни ҳам йўлга қўйиш керак. Масалан, чиқиндиларни қайта ишлаш орқали муқобил энергия манбалари, хом ашё маҳсулотлари олиш мумкин. Бунинг учун кўчаларда маиший чиқиндиларга алоҳида, полиэтелин пакетларга бошқа қутилар ўрнатилса, ишимиз осонлашади ва тозалик ҳамда ободликка эришамиз. Лойиҳани амалга оширишда Чирчиқдаги химия заводига буюртма бериб, чиқиндилар учун махсус идишлар сотиб олинади. Чиқиндиларни қайта ишлаш учун эса инвестиция жалб қилинади. Натижада янги иш ўринлари яратилади...

— «Ёш сиёсатчи» танловида йилдан-йилдан иштирокчилар сони ортиб бормоқда, бу унинг оммалашаётганидан далолат беради, — дейди ЎзХДП «Истиқбол» ёш­лар қаноти етакчиси Шоҳруҳ ­Абдураҳмонов. — Бугун лойиҳа тақдимотидаги чиқишлар, савол-жавоб шартларини ёшлар катта қизиқиш билан кузатишди. Минтақаларнинг ривожланиши, барқарор ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда замонавий технология ва янгиликлардан кенг фойдаланиш афзалликлари ҳақида гап кетганда, залда сув қуйгандек жимлик бўлиб қолди. Демак, нафақат иштирокчилар, балки томошабин ёшлар ҳам қандайдир янгилик қилиб ўзини кўрсатишни хоҳлайди, оиласига, жамиятга фойда келтиришни истайди. Иштирокчиларнинг ўз ғояларини амалга оширишга интилиши юқорилиги, иш ўринлари яратишга жиддий масала сифатида қараётгани қувонарли.

Танлов шартларига мувофиқ ёш сиёсатчилар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ва қарорларнинг мазмун-моҳияти, сиёсий партиялар, улар фаолиятининг ҳуқуқий асослари бўйича билимларини синовдан ўтказишди. Ўзларига берилган имкониятдан унумли фойдаланган ёшлар саҳна маданияти, нутқ одоби ва санъати борасидаги кўникмаларини ҳам намоён қилишди.

Танлов якунига кўра, ­Луиза ­Туганова учинчи, Шаҳноза ­Туюнова иккинчи ўринга лойиқ топилди. Ваҳобжон Ўразматов эса биринчи ўринни олиб, вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА.




DB query error.
Please try later.