21.04.2015

БАРЧА КУЧ ВА ИМКОНИЯТЛАРИМИЗНИ

мамлакатимиз тараққиёти, эл-юрт фаровонлиги учун сарфлайлик

2014 йилги сайловларда Фарғона вилоятидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига (4 нафар), халқ депутатлари вилоят Кенгашига (17 нафар), туман ва шаҳар Кенгашларига (181 нафар) сайланган депутатлар партия Сайловолди дастури ижросини таъминлаш, сайловчиларга берилган ваъдаларни бажариш учун изчил фаолият юритишга ҳаракат қилмоқда.

Жорий йилнинг 29 март куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ҳам мамлакат ҳаётида муҳим сиёсий ва тарихий воқеа бўлди.

ЎзХДПнинг барча даражадаги тузилмалари мазкур сайловлар жараёнида муносиб иштирок этишга ҳаракат қилди. Партиямиз Ўзбекистон танлаган йўлни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, сайловчиларнинг демократик онгу тафаккурини ошириш, фуқароларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга, ўзгариш ва янгиланишларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш масалаларига жиддий эътибор қаратди.

Хўш, бугун партия маҳаллий кенгашлари, партия гуруҳлари  олдида қандай муҳим вазифалар турибди? ЎзХДП Фарғона вилоят кенгашининг навбатдаги пленумида шу масала атрофлича муҳокама қилинди. Дастлаб Президент Ислом Каримовнинг Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида билдирилган фикрлар, илгари сурилган вазифалар ижроси юзасидан таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди. Партия ташкилотлари, депутатлар фаолиятига танқидий баҳо берилди.

Шуни айтиш керакки, сайлов кампанияси даврида партия туман ва шаҳар кенгашлари ҳамда бошланғич ташкилотлари тарғибот ишлари таъсирчанлигини оширишга алоҳида эътибор қаратди.

– Аммо айрим туман ва шаҳар партия ташкилотлари ўз ҳудудидаги бошланғич ташкилотлар, партия аъзолари, депутатлар имкониятларидан унумли фойдалана олмади, – деди ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси Маҳмуджон Маҳкамов. – Бу партия ташкилотлари ишини янада такомиллаштириш, аъзолари таркибини таҳлил қилиб бориш, бошланғич ташкилотлар фаолияти ҳамда партия тизимида ишлаётган ходимларнинг сиёсий билим ва кўникмаларини ошириш ишларини изчил давом эттиришни талаб этади. Шунинг­дек, янги сайланган депутатларнинг партиямиз дастурий мақсадлари ва сайловолди ваъдаларини амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини кучайтириш муҳим вазифадир.

– Биз депутатлик назорати ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг барча шаклларидан тўлиқ фойдаланишимиз зарур, – деди ЎзХДП Риштон туман кенгаши раиси Зокиржон Зохидов. – Аввало, партия ташкилоти билан депутатлик гуруҳи ўртасида доимий ҳамкорлик бўлиши шарт. Қолаверса, Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётган қонунлар лойиҳалари янада мукаммал бўлиши учун маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам улардан хабардор бўлиши, ҳудудлардаги вазиятлар асосида таклифлар юбориши яхши самара беради.

– Ҳар қайси партиянинг обрў-эътибори, жамият хаётида тутган ўрни, аввало, бошланғич ташкилотларининг қай даражада ишлаётганига боғлиқ, – дейди ЎзХДП Бувайда туман кенгаши раиси Ҳабибахон Тошматова. – Шу маънода, жойлардаги мавжуд бошлан­ғич ташкилотлар фаолиятини янада жонлантиришимиз керак. Чунки муаммолар, таклифлар, оддий фуқаро ва сайловчиларнинг кайфияти, ҳолати бошлан­ғич ташкилотларга яхши маълум бўлади. Афсуски, бу борадаги ишлар ҳамма жойда ҳам бирдек эмас. Бугунги кунда барча бошланғич ташкилотлар сиёсий ўқувлар билан тўлиқ қамраб олингани йўқ. Ўқувларни юқори савияда ўтказишда ҳанузгача тарғиботчилар гуруҳлари, маҳаллий Кенгашдаги депутатлар имкониятларидан етарли даражада фойдаланилмаяпти.

Партиямиз Сайловолди дастурида коллеж битирувчиларига имтиёзли микрокредитлар бериш, ўз бизнесини очиши, якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланишлари учун мақбул шароитлар яратиш масалалари илгари сурилган. Шунга асосан ЎзХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти «Коллеждан – корхонага» лойиҳасини самарали амалга оширмоқда. Лойиҳа доирасида меҳнат қонунчилигига касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш кафолатларини мустаҳкамлаш мақсадида киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ёшлар орасида кенг тушунтириляпти. Битирувчиларга имтиёзли микрокредитлар бериш, уларнинг мустақил тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун белгиланган солиқ имтиёзлари ҳақида маълумотлар берилмоқда.

– Ёшларни иш билан таъминлаш масаласи ўқувчи коллежни битириш арафасида турганида эмас, балки коллежга ўқишга қабул қилинган вақтидан бошлаб кўтарилиши ва бу бўйича амалий ҳаракатлар бошланиши мақсадга мувофиқ, – дейди «Истиқбол» ёшлар қаноти вилоят бўлими етакчиси Шоҳрух Ўктамов. – Шунда ўқувчи ўзи учун кафолатланган иш ўрни мавжудлигини ҳис қилган ҳолда,  касб сир-асрорларини янада чуқурроқ ўрганади.

Пленумда ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси, парламентдаги  партия фракцияси раҳбари Ҳотамжон Кетмонов қатнашди ҳамда партия маҳаллий кенгашлари олдида турган долзарб масалалар бўйича фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Пленумда маҳаллий партия ташкилотлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари зиммасидаги вазифалар белгилаб олинди.

 

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

 

ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши пленуми бўлиб ўтди. Унда партия Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, вилоят, туман ва шаҳар партия ташкилотлари раҳбарлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари, «Фаол аёллар» ва «Истиқбол» ёшлар қаноти етакчилари иштирок этди.

Кун тартибига мувофиқ, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлами манфаатларини ҳимоя қилишда партия ташкилотлари ҳамда гуруҳлари фаолиятини кучайтириш масалалари муҳокама этилди.  

Пленумда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, парла­мент­даги партия фракцияси раҳбари Ҳотамжон Кетмонов иштирок этиб, дас­турий мақсадларни тўлақонли амалга ошириш механизмлари ҳақида тўхталди.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис палаталарининг 10 апрель куни бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги нутқидан келиб чиқадиган вазифалар, уларни амалга оширишда ЎзХДП ташкилотларининг иштироки масаласи бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Абдуғаффор Қирғизбоевнинг маърузаси тингланди.

У ўз сўзида қўшма мажлисда билдирилган фикр-мулоҳазалар мамлакатимизни ҳар томонлама тараққий топтиришнинг кейинги беш йиллик даври учун муҳим стратегик аҳамиятга эга эканини алоҳида қайд этди.

Нутқда белгиланган вазифалар партиямиз электоратининг манфаатлари, ҳаётий эҳтиёжлари билан бевосита боғлиқдир. Шунинг учун ҳудудий ривожланиш дастурлари ижросида фаол иштирок этиш, бар­қарор иш ўринлари яратиш, умуман олганда, аҳолининг ижтимоий муҳофазаси билан боғлиқ барча жараёнларда партия иштирокини янада кенгайтиришимиз керак бўлади. Бунинг учун ҳудудий партия ташкилотлари имкониятидан кенгроқ фойдаланиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш зарур.

Вилоят партия кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Дилором ­Абдураҳимова ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда депутатлар олдида турган вазифалар ҳақида атрофлича тўхталди.

— Олий Мажлис Қонунчилик палатасида фаолият юритаётган депутатларнинг 3 нафари вилоятимиздан сайланган, — деди у. – Халқ депутатлари вилоят Кенгашида 21 нафар, шаҳар ва туман Кенгашларида 133 нафар ЎзХДП депутатлари фаолият юритяпти. Бу электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, одамлар ишончини оқлаш бўйича имконият ва салоҳиятимиз етарли эканини кўрсатиб турибди. Биз фаолиятимизда бир нарсани асло унутмаслигимиз керак. Партия гуруҳларимиз ташаббусларини янада ривожлантириш партия дастурий мақсадларини амалга оширишда асосий омил ҳисобланади. Ишимиз амалий натижа бериши учун ҳар бир депутат, аввало, ўзи сайланган ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатини яхши билиши, юзага келаётган масалаларни чуқур ўрганиши, айни пайтда, уларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар билан чиқиши зарур.

Партия дастурий мақсадларини рўёбга чиқариш, электорат манфаатини ҳимоялаш самарадорлигини ошириш учун ижро ҳокимияти идоралари фаолиятидан яқиндан хабардор бўлишимиз керак. Кўпгина масалаларни ҳал этиш турли дастурларга киритилади-ю, айрим идоралар, уларнинг раҳбарлари масъулиятсизлиги, беэътиборлиги сабабли белгиланган лойиҳалар амалга ошмай қолади. Бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик учун албатта дастурлардан хабардор бўлишимиз, уларнинг бажарилиши устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз зарур.

Маърузалар юзасидан музокарада сўзга чиққан ЎзХДП Наманган шаҳар кенгаши раиси ­Маматвали Турғунов, «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раҳбари, вилоят Кенгаши депутати Олимжон Нуриддинов, Норин туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Мавлуда Бакирова, шунингдек, ­Наманган шаҳридаги «Мингтерак» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зарифа Бойхонова партия етакчилари ва фаоллари, депутатлар олдида турган долзарб вазифаларни амалга ошириш бўйича таклиф, мулоҳазаларини билдиришди.

Пленумда ҳар бир партия ташкилоти ҳамда гуруҳига ўз фаолиятини танқидий таҳлил қилиш, келгусидаги ишларни аниқ белгилаб олиш вазифаси топширилди. Пленумда бошқа масалалар юзасидан ҳам тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

Гулруҳ ТОШМАТОВА.



DB query error.
Please try later.