21.04.2015

ТАЙЁРЛАНИНГ, ЎЗБЕКИСТОН ФАРЗАНДЛАРИ КЕЛМОҚДА

Гулистон шаҳрида 18 апрель куни таэквондо бўйича жаҳон чемпиони Дилбар Холжигитовага Президентимиз совғалари топширилди.

Жаҳон классик мусиқа ихлосмандлари томонидан «фортепьяно шаҳзодаси» дея эътироф этилаётган Шоҳрух Бахтиёров учун Моцарт, Бах, Чайковский каби буюк композиторларнинг асарларидан намуналар ижро этиш ёки ўзбек тилида сўзлаша оладиган робот яратган Олимжон Тўйчиев учун шу йўналишда бетиним илмий изланишлар олиб бориш нафас олишдек бир гап.

Гулистонлик Дилбар Холжигитова учун эса таэквондонинг ITF тури билан шуғулланиш худди шундай одатий ҳол...

Бу ҳақда тафсилотга берилмасликнинг иложи йўқ. Тўққиз карра мамлакат, икки карра Осиё ва икки карра жаҳон чемпиони, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори деган юксак номларга сазовор бўлган 20 ёшли бу қиз шу йилнинг март-апрель ойларини бир умр эслаб юрадиган бўлди. Боиси...

Президентимиз раҳнамолигида ёш авлоднинг жисмонан ва маънан етук инсонлар бўлиб улғайиши, спорт билан мунтазам шуғулланиши, ўз истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун яратилган кенг шароитлар ўзининг юксак самараларини бермоқда.

Уч босқичли спорт тизими — «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва Универсиада мусобақалари анъанавий ўтказиб келинаётгани ёшларни спортга кенг жалб этиш, профессионал спортчиларни тарбиялашда муҳим ўрин тутмоқда.

Давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг 2002 йил 24 ­октябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида»ги ва 2004 йил 29 августдаги «Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонлари бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

Ўзбекистон Болалар спор­тини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилганидан буён мамлакатимизда 1700 дан зиёд спорт объектлари барпо этилди. Улар замонавий спорт инвентарлари ва малакали мураббийлар билан таъминланган. Бугун мамлакатимизда 2 миллиондан зиёд бола спортнинг 30 тури билан мунтазам шуғулланаётир.

Шаҳару қишлоқларда бунёд этилган шундай замонавий спорт мажмуаларида болалар спорт билан мунтазам шуғулланиб, саломатлигини мустаҳкамламоқда. Соғлом, кучли, мард ва қатъиятли бўлиб камолга етмоқда. Иродаси тобланмоқда, турмуш тарзи, дунёқараши ўзгармоқда.

Бунинг самарасида ёшларимиз нуфузли халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришиб, Ватанимиз байроғини жаҳон ареналарида баланд кўтармоқда.

Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг Сирдарё вилояти филиалидан олинган маълумотларга кўра, 2003-2014 йилларда вилоятда жам­ғарма маблағлари ҳисобидан 89 иншоот қурилиб, реконструкция қилинган. Унинг қарийб 90 ­фоизи қишлоқ жойларда қад ростлаган. Бу ишлар навқирон авлоднинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратмоқда, уларнинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишига хизмат қилаётир.

— Давлатимиз томонидан яратиб берилаётган замонавий шарт-шароитларда маҳоратини ошираётган сирдарёлик ёш спортчилар турли нуфузли мусобақаларда муваффақиятларга эришмоқда, — дейди Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг Сирдарё вилояти филиали директори У.Йўлдошев. — Хусусан, 2014 йилда енгил атлетика бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган халқаро турнирда Раъно Турсунбоева олтин медални қўлга киритди. 9-17 июнь кунлари Таиландда шашка бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида Васфия Бердиқулова тенгсиз, деб топилди. 26-28 июнь кунлари ­Японияда армрестлинг бўйича ташкил этилган Осиё чемпионатида Отабек Жабборов ўз вазн тоифасида биринчи ўринни эгаллади.

Ёш спортчиларимизнинг бундай натижаларга эришишида мураббийларнинг хизмати катта. Вилоятдаги 341 спорт ­иншоотларида мингдан зиёд юқори малакали мутахассис 41 минг 438 ўғил-қизга спортнинг қирққа яқин тури бўйича сабоқ бераётир.

...Гулистон шаҳри Фарҳод маҳалласида истиқомат қилувчи Баҳодир аканинг кенжа қизи Дилбар Холжигитовага шу йил қишда Халқаро таэквондо федерацияси президенти Чои Жунг Ҳвадан унинг I ДАН қора белбоғ соҳиби бўлгани ва ўзининг мустақил мураббийлик ­фаолиятини бошлаши мумкинлиги ҳақидаги сертификат келди.

Шу ва бошқа оламшумул янгиликлардан батафсил бохабар бўлиш мақсадида Гулистонга бордик. Дилбар билан суҳбатлашдик. Гапнинг буёғини унинг ўзидан эшитинг:

— Спорт инсонга ўзини-ўзи тарбия қилишни ўргатади, де­йишади. Рост экан. Ўзимдан қиёс. Қаранг, отам қўлимдан етаклаб мактабимизда очилган спорт тўгарагига олиб борганларига ўн икки йил бўлибди. Жанг санъати сирларини моҳир спортчилардек чаққон бажариш ва рақибни мағлуб этишнинг ўзига хос усулларини илк бор ўша ерда ўргандим. ­Таэквондо мени батамом сеҳрлаб қўйди ва, албатта, дунё танийдиган спортчи бўламан, деб аҳд қилдим.

Менинг бу ниятим шунчаки ёшлик ҳаваси эмасди. Ҳарқалай, буни ўтган қисқа фурсатда эришган ютуқларим билан исботлай олдим, деб ўйлайман. 2010 йилда Ўзбекистон очиқ чемпионатида илк зафар қучган бўлсам, келаси йили Осиё чемпионатида ёшлар ўртасида якка ва жамоавий баҳсларда фахрли 2-ўринни эгалладим. 2014 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирландим. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг филология йўналишига имтиёзли равишда қабул қилиндим. Бу муваффақиятларим шу йилнинг 9-22 март кунлари Таиландда бўлиб ўтган жаҳон биринчилигида ҳам якка, ҳам жамоавий баҳсларда тенгсиз, деб топилишимда муҳим омил бўлди. Рости, Бангкокда эришган бу муваффақиятим замирида бош­қа бир сир борки, уни ғурур билан айтмасам бўлмайди.

Биласиз, жорий йилнинг 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари вилоятимиз сайловчилари билан 5 март куни учрашди. Учрашувда мен ҳам иштирок этдим. Вилоятимиз ёшлари номидан гапириб, эришаётган ютуқларим келгусидаги режаларимга тўхталдим. 9-22 март кунлари Таиландда ўтказилаётган жаҳон биринчилигида иштирок этишимни айтиб, албатта, Ватанимиз байроғини мадҳиямизга ҳамоҳанг баланд кўтариш учун Президентимизга ваъда бердим. Юртбошимиз оқ ­фотиҳа бериб, омад тиладилар.

Мусобақага кетаяпман-у, Юртбошимизнинг ёшларга ­«Болаларим, менинг фарзандларим! Маррани доимо баланд олиб яшанг! Давр бизники, марра бизники», деган сўзларини хаёлан такрорлайман ва аллақандай куч топгандай бўламан. Самолётнинг товуши «Дунё мамлакатлари, тайёрланинг! Ўзбекистон фарзандлари келмоқда», деяётгандек эди гўё!

Чемпионат бошланди. Нав­бат менга келди. Рости, устозларим «Йирик мусобақаларга чиққанингда умринг давомида босиб ўтган йўлинг кўз олдингдан худди кино тасмасидек ўтади. Ундан тегишли хулоса чиқара олсанг, ғалаба сенинг измингда бўлади», деганларида ишонмагандим. Лекин бу ҳақиқат экан. Ўзимни йўқотмадим. Президентимизнинг омад тилаган самимий сўзлари қулоғим остида жаранглади гўё. Кутилмаганда пайдо бўлган қандайдир шиддат кучимга куч қўшди, иродамни мустаҳкамлади. Бир неча кучли рақибларни мағлубиятга учратдим. Якка ва жамоавий баҳсларда ғолиб бўлдим. Шоҳсупанинг биринчи поғонасида турганимда мадҳия­миз янгради, байроғимиз баланд кўтарилди. Қувонч ёшларимни яширолмадим. Назаримда Юртбошимиз менга қараб «Баракалла, қизим! Ишончни оқладинг!» деяётгандай бўлди...

Куни кеча, яъни 18 апрель куни Гулистон шаҳридаги 2-болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган тадбирдаги ҳаяжоним жаҳон чемпионатидаги ҳаяжондан ўн карра устун бўлди. Юртбошимизнинг ғалабам билан қутлаб юборган сов­ғаларини Президентимизнинг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов қўлидан қабул қилиб олар эканман, шу табаррук юрт­да туғилиб ўсганимдан, шу муқаддас замин, шу азиз Ватан фарзанди эканимдан яна бир бор чексиз фахр ҳиссини туйдим. Ватаним олдида адо этишим керак бўлган бурч, қилажак хизматларим ҳали жуда кўп эканини, юртимизни шон-шарафларга буркаш биз, ёшларнинг энг улуғ ишимиз эканини янада теранроқ англадим.

Демак, биз, ёшларнинг асосий ғалабаларимиз ҳали олдинда!

...Дилбарнинг ҳикояси ­Президентимизнинг агар биз Ўзбекистоннинг бутун дунёга ном қозонишини истасак, юртимизнинг қайси ҳудудида бўлишидан қатъий назар, йилт этган истеъдод эгаларини излаб топиш ва қўллаб-қувватлашга барчамиз масъул эканлигимизни унутмаслигимиз керак, деган сўзларини ёдга солди.

Булар мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ёш иқтидор соҳибларини аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш, уларни юксак ижодий парвозлар сари рағбатлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор, ўзбек ёшларининг дунёда ҳеч кимдан кам эмаслигини намоён этаётган ютуқлардан Дилбар Холжигитова ҳаёти мисолида бир лавҳа, холос.

 

Бекзод ҲИДОЯТОВ,

ЎзА махсус мухбири.



DB query error.
Please try later.