18.04.2015

КЕКСАЛАРИМИЗНИНГ ЮРАГИГА ЕТИБ БОРИШ, КЎНГЛИНИ КЎТАРИШ

барчамизнинг инсоний бурчимиздир

Инсон ёши ўтгани сайин меҳр-эътиборга, атрофдаги­ларнинг ғамхўрлигига эҳтиёж сезади. 2015 йилнинг мамлака­ти­мизда Кексаларни эъзозлаш йили, деб эълон қилиниши замирида ҳам фидойи бобола­ри­миз, сабрли момоларимиз, ўтмишнинг оғир кунларини бошидан ўтказган нуроний­ларимизни рози қилиш, уларга меҳр-оқибат кўрсатишдек эзгу мақсад мужассам.

Президентимизнинг «Кексаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони эълон қилиниши ўтаётган ҳафтанинг энг муҳим воқеаларидан бири бўлди, дейишга тўла асосларимиз бор. Мазкур Фармонда 100 ёшга тўлган ва ундан ошган шахсларга муносиб эътибор қаратиш, шунингдек, пенсионерлар, 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини манзилли ижтимоий муҳофаза қилишни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Ёқуб УМАРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси:

— «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурида нуронийлар, хусусан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг пенсия таъминоти ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимининг меъёрий-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Шундан келиб чиққан ҳолда, қатор қонун ҳуж­жатлари ишлаб чиқилмоқда. ­Хусусан, кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бош­қа тоифаларига ижтимоий хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини яратиш, шунингдек, ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларнинг 2015-2020 йилларда ижтимоий муҳофазасини мустаҳкамлаш борасида Давлат дастури ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Президентимизнинг ушбу Фармони эса бу борада муҳим қадам бўлади. Унга кўра, 2015 йилнинг 1 майидан 100 ёшга тўлган ва ундан ошган фуқаролар пенсиясига ҳар ойда энг кам иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида устама тўлаш белгиланди.  

100 ёшга тўлган ва ундан ошган фуқаролар пенсиясига ҳар ойда тўланадиган устама Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Бугунги кунда юртимизда 225 минг нафар 80 ёшдан, 44 минг нафар 90 ёшдан, алоҳида эътиборга молик томони 8 минг 700 нафар 100 ёшдан ошган табаррук кексалар яшамоқда. Улар орасида 3 минг нафардан ортиқ Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 69 минг нафардан ортиқ фронт ортида меҳнат қилганлар борлигини алоҳида таъкидлаш керак.

Мазкур рақамлар Президент Фармони аҳамияти ва моҳиятини янада чуқурроқ намоён этади. Кексаларга кўр­сатилаётган моддий ва маънавий кўмак биринчи навбатда ёшларимиз учун катта тарбия­вий аҳамиятга эга. Қолаверса, табаррук ёшдаги отахону-онахонларимизнинг бугунидан мамнун, ҳаётидан рози бўлиб яшашига хизмат қилади.

Ушбу Фармон, умуман, «Кексаларни эъзозлаш йи­ли» Давлат дастурида кўзда тутилган вазифалар ижроси устидан самарали депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки, бу вазифалар партиямиз Сайловолди дастури билан ҳамоҳангдир. Шу боис халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари жойларда кексаларнинг ижтимоий ҳи­моясига қаратилган ишларда фаол қатнашиши талаб этилади.

Фаррух ПАРДАЕВ, Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси мутахассиси:

— Президент Фармонига мувофиқ, 2015 йилнинг 1 майи­дан уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тў­лаш бўйича энг кам иш ҳақининг табақалаштирилган миқдорида ҳар ойда компенсация пул тўловлари бериладиган шахслар имтиёзли тоифаларининг рўйхати тасдиқланди. Унга кўра, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фронти фахрийларига уй-жой-коммунал хизматлар учун тегишли имтиёзлар берилди.

Бу дегани 75 ёшга тўлган фуқаролардан турли англашилмовчиликлар натижасида ортиқча тўланган пенсия маблағлари қайтариб олинмайди.

Бугунги кунда Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси томонидан уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, пенсионерларга қатор интерактив давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Кексаларни пенсия таъминоти ёки бошқа бирор масала юзасидан саволлари, муаммолари бўлса, жамғарманинг ўзлари яшаб турган ҳудуддаги бўлимларига мурожаат қилишлари мумкин. Уларга тез ва сифатли хизмат кўрсатилади.

Мирсултон ҲУСАНОВ, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси:

Президентимиз Фармонини телевизор орқали эшитиб, тўғриси, жуда ҳам тўлқинланиб кетдим.

Уруш кўп қатори бизнинг оиламизга ҳам оғир кулфатлар олиб келди. Отам, акам уруш қурбони бўлди. Ўша йиллари одамлар фақат жон сақлаш, тўйиб овқат ейиш ҳақида ўйларди. Бошқа бирор нарсани орзу ҳам қилолмасдик.

Урушдан сўнг 40 йилдан кўпроқ вақт мобайнида темирйўл соҳасида меҳнат қилдим. Фарзандларим олий маълумотли бўлди. Бугун невара-эвараларим ҳам ҳаётда ўз йўл­ларини топишяпти.

Ҳар йили санаторияларда бепул дам олиб, соғлиғимизни мустаҳкамлаймиз. Маҳалла-кўй, тиббиёт ходимлари, ёшлар тез-тез ҳолимиздан хабар олиб туришибди. Йиғинлар, ёшлар билан учрашувларга таклиф этишади. Ёшларга юртимиздаги тинчлик-осойишталик ҳамма нарсадан қадрли экани, уни асраб-авайлаш жуда муҳимлигини доим таъкидлайман.

Бу йил биз каби нуронийларга бўлган эътибор янада кучайди. Президентимизнинг бизнинг соғлиғимиз, дам олишимизга қаратилган, моддий қўллаб-қувватлаш назарда тутилган қарорлари, фармонлари эълон қилинмоқда. Бундай эътиборни кўриб, кўнглинг тоғдек кўтарилади, ўзингни янада тетик ҳис қиласан...

Яқинда 90 ёшга тўладиган бу табаррук отахоннинг шукроналикка йўғрилган дил сўзларини юртимиздаги барча нуронийлардан ҳам эшитиш мумкин. Энг асосийси, кексаларимизга кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрлик уларнинг ҳаётида ўз ифодасини топмоқда.

 

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.