18.04.2015

ЮТУҚЛАР ЎЗИМИЗНИКИ,

биз кўпроқ камчиликларни бартараф этиш ҳақида ўйлашимиз зарур

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис палата­ларининг 10 апрель куни бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги нутқида мустақиллик йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда эришилган ютуқлар, танланган тараққиёт йўлининг нақадар тўғри эканлиги, халқимизнинг турмуш фаровонлиги юксалиб бораётгани ҳақида муҳим маълумотларни келтириб ўтди. Шу билан бирга, олдимизда турган долзарб вазифалар белгилаб берилди.

Президентимиз ўз чиқишида яна бир бор аччиқ ҳақиқатни эсга солди: «Агарки биз эришган ютуқ ва марраларимиз билан чегараланиб, хотиржамлик, ҳаволаниш ва бепарволик кайфиятларига берилиб кетсак, бундай ҳолат барчамиз йўл қўйган, кечириб бўлмайдиган катта хатога айланиб кетиши мумкин». Қайси соҳада ким бўлиб фаолият юритишимиздан қатъи назар, ҳаммамиз бу даъватдан ўзимизга тегишли хулосалар чиқариб олишимиз, ишимизга тан­қидий баҳо бериб, шу асосда келгуси режаларимизни белгилаб олишимиз зарур.

Бу масала, айниқса, мамлакатимиздаги сиёсий партиялар, уларнинг ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари зиммасига катта масъулият юклайди. Чунки мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришда, жамиятимизда сиё­сий-ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтиришда, ижтимоий-иқтисодий фаолликни оширишда, фуқароларни янгича фикр­лашга ўргатишда сиёсий партиялар фаолияти муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан ўтказилган амалий семинарда шу ҳақда фикр юритилди. Президент Ислом Каримовнинг Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқидан келиб чиқадиган, партия ташкилотлари, депутатлар олдида турган вазифалар бўйича фикр алмашилди.

Тадбирда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъуллари, партия фракцияси аъзолари, партиянинг Тошкент шаҳар ва вилоят кенгашлари ходимлари, мутахассис ва экспертлар иштирок этди.

Семинарда сўзга чиққанлар аҳоли фаровонлигини ошириш борасидаги кенг кўламли ислоҳотлар давлат қурилиши, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий соҳаларда эришилаётган ютуқларда ўз аксини топаётгани, халқимизнинг ҳаёт даражаси муттасил юксалиб бораётгани, мазкур ўзгаришлар ва янгиланишлар аҳолининг ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатлами, яъни ЎзХДП электорати манфаатларини ҳимоя қилишда асосий омил бўлаётганини таъкидлаб ўтишди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавф­сизлик масалалари қўмитаси раиси, ЎзХДП фракцияси аъзоси Рустам Комилов ахборот ва сўз эркинлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш ва ҳимоялаш каби ислоҳотларни янги, юксак босқичга кўтариш, ҳамон сақланиб келаётган маъмурий-буйруқбозлик шаклларидан қутулиш, ушбу масалаларда партиямиз фракцияси ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик бирлашмалари олдида турган вазифалар ҳақида сўз юритди.

— Иқтисодиётнинг барча тармоғини ривожлантириш, унинг рақобатбардошлигини кучайтириш, хусусий мулкнинг кафолатларини янада мустаҳкамлаш аҳолининг реал даромадларини оширишда, барқарор иш ўринлари яратилишида муҳим аҳамият касб этади, — деди у. — Бу партиямиз Сайлов­олди дастурида белгиланган вазифалар амалга ошишида асосий омил ҳисобланади. Шунинг учун фракциямиз, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз гуруҳлари жойларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий дастурлар ижросини чуқур ўрганиши, таҳлил этиши зарур. Бу парламент ва депутатлик назоратининг самарадорлигини оширишда, партиямиз электорати манфаатларини ҳимоя қилишда катта имкониятлар яратади.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева Президентимиз нутқида билдирилган фикр-мулоҳазаларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига кенг тушунтириш, бу борада тарғибот ишларини изчил йўлга қўйиш масалаларига эътибор қаратди.

— Энг аввало, партиямиз томонидан нафақат марказлар, балки олис туман ва қишлоқларда ҳам тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтиришимиз зарур, — деди у. — Партиямизнинг ҳар бир аъзоси   ислоҳотлардан орқада қолмаслиги, замон билан ҳамнафас бўлмоғи лозим.

Тарғибот тадбирларида янги иш ўринлари ташкил этиш, банд­ликни таъминлаш ва аҳолининг реал даромадларини ошириш масалаларига доимий эътибор қаратиб келинаётгани, бу каби ишлар ўз-ўзидан амалга ошмагани, бунинг замирида катта меҳнат ётганини аҳолига етказиш, шу орқали иқтисодий тафаккурни ўстириш, боқимандалик кайфиятини йўқотишга эътибор бериш керак.

Барчамизга маълумки, бандликни таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, айниқса, касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасаларининг битирувчиларини ўз мутахассислигига мувофиқ ишга жойлаштириш партиямизнинг устувор вазифаларига киради. Ўсиб келаётган ёш авлодни юксак маънавий-ахлоқий фазилатлар, ватанпарварлик руҳида тарбиялашга биз ҳам жиддий эътибор қаратишимиз, бу борада партиямиз «Фаол аёллар» ва «Истиқбол» ёшлар қанотларининг ташаббусларини кўпайтириш, хотин-қизлар, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, улар ҳаётда муносиб ўрин эгаллаши учун имконият яратишимизга жон куйдиришимиз керак бўлади.

Айниқса, аҳолининг асосий қисми яшайдиган қишлоқ жойларда муносиб турмуш шароитини яратиш, намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар ва инфратузилма тармоқларини барпо этиш бўйича амалга оширилаётган дастурларнинг ижтимоий аҳамиятини кенг тарғиб этиш, бу борада жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтириш зарур.

Семинарда, шунингдек, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутати, Олий Мажлис Сенати аъзоси Мақсуда Ворисова, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, Олий Мажлис Сенати аъзоси Муҳаммаджон ­Зуфаров сўзга чиқди. Улар ҳар бир партия ташкилоти, депутатлик бирлашмаси ўз фаолиятига кўпроқ танқи­дий-таҳлилий руҳда қараши кераклигини таъкидлашди.

Партия ташкилотлари фаоллигини ошириш, давлат ва жамият бошқарувида иштирокини кучайтириш, жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги мавқеини мустаҳкамлаш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Тадбир якунида партия ташкилотлари ва депутатлар олдида турган долзарб вазифалар белгилаб олинди.

 

Бобур ЎТКИРОВ



DB query error.
Please try later.