16.04.2015

МУРОЖААТЛАР ОРТИДА ҲАР ДОИМ ЭЛЕКТОРАТ МАНФААТИ ТУРАДИ

Раимберган САБУРОВ, ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

Ҳар бир сиёсий партия аҳолининг маълум бир қатлами, яъни электорат манфаатларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади. Бунинг учун партия ташкилотлари, депутатлар одамларни ўйлантираётган масалаларни яхши билиши, уларга ечим топишда қатъийлик кўрсатиши талаб этилади.

Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари қошида фаолият юритаётган Жамоатчилик қабулхоналари электорат манфаатларини ўрганиш, аниқланган муаммоларнинг ечимини топишда катта аҳамиятга эга бўлмоқда. Жумладан, ўтган беш йил давомида Жамоатчилик қабулхоналаримизга қарийб 2 минг нафар фуқаро мурожаат қилган. Мурожаатларнинг 80 фоизига ижобий ечим топилиб, қолганларига тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар берилган.

Биргина мисол келтирай, фуқаролар мурожаатлари асосида Янгиариқ туман электр тармоқлари идораси раҳбарига депутат Раҳима Машарипова томонидан аҳолини электр энергияси билан таъминлашдаги камчиликларга чек қўйиш, жумладан, огоҳлантиришсиз узиб қўйишларни бартараф этиш юзасидан депутатлик сўрови юборилди. Натижада ушбу тизимда йўл қўйилаётган аксарият муаммолар ижобий ҳал қилинди.

Биз Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини жиддий кучайтириш чораларини кўраяпмиз. Ҳозирда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партиямиз гуруҳи томонидан вилоятимизда аҳолига автотранспорт хизмати кўрсатишнинг бугунги ҳолати ҳамда уни янада яхшилаш бўйича кўрилиши керак бўлган қўшимча чора-тадбирлар ўрганилмоқда. Жамоатчилик қабулхоналаримизга тушган мурожаатлар таҳлил этилгач, партиямиз гуруҳи ушбу масалани ўрганиб, лозим бўлса, сессияга киритишга қарор қилди.

Шунингдек, вилоятда аҳо­лига автотранспорт хизмати кўрсатиш билан боғлиқ қатор масалалар кўриб чиқилди. Жумладан, автобусларда йў­ловчи ташиш масаласи. Маълум бўлишича, айрим ҳолларда ҳайдовчилар кимўзарга автобусларни бошқариши, белгиланган бекатларда тўхтамай, йўловчининг илтимосига биноан тўғри келган жойда ташлаб кетиши кузатилмоқда. Бу йўл­лардаги транспорт воситаларининг тартибли ҳаракатига салбий таъсир этиб, йўловчиларнинг ҳаётига хавф туғдирмоқда. Шунинг учун бундай ноқонуний ҳолатларга чек қўйиш бўйича таклифлар тайёрланмоқда.

Юқоридагиларни инобатга олиб, «Сиёсий партиялар тўғ­рисида»ги Қонуннинг 14-, 141-моддаларига асосан партиямиз гуруҳи вилоят Кенгашининг нав­батдаги сессияси кун тартибига «Вилоят аҳолисига автотранспорт хизмати кўрсатишнинг бугунги ҳолати ва уни янада яхшилашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги масалани киритишни, сессияда мазкур соҳага масъул бўлган Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Хоразм вилоят ҳудудий бўлими раҳбарининг ҳисоботини тинглашни таклиф этиб, мутасадди ташкилотларга расмий хат билан мурожаат қилди.

Шуни ҳам айтиш керакки, аҳоли, электорат вакилларига қулайлик яратиш мақсадида жойларда кўчма Жамоатчилик қабулхоналари фаолияти ҳам изчил йўлга қўйилган. Вилоятнинг Гурлан, Боғот, Хива туманлари ва Урганч шаҳрида Жамоатчилик қабулхоналари фаол ишламоқда.

Аммо яқинда Шовот, Янгибозор туман партия кенгашлари Жамоатчилик қабулхоналари фаолияти танқид қилиниб, унинг самарадорлигини ошириш масалаларига жиддий эътибор қаратилди.

Жамоатчилик қабулхоналарининг имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш бўйича ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Хусусан, чекка қишлоқ ҳудудларида кўчма Жамоатчилик қабулхоналарини доимий ташкил қилишимиз, энг муҳими, мурожаатларга ечим топиб, одамларнинг депутатлар ва партиямизга ишончини оширишимиз зарур.

Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини такомиллаштириш учун мурожаатларни электрон шаклда ҳам қабул қилишни йўлга қўйиш, бу борада тар­ғибот ишларини янада кучайтиришимиз зарур, деб ўйлайман. Чунки қанча кўп одам Жамоатчилик қабулхонаси ҳақида билса, муаммоларни ҳал қи­лишда ёрдам беришимизга ишонса, партиямизнинг нафақат обрўси, балки таъсир кучи ҳам ошиб боради. Яқин кунларда вилоят кенгашининг махсус интернет сайтида Жамоатчилик қабулхонасини ишга туширишни ният қилганмиз.



DB query error.
Please try later.