16.04.2015

ЎЗБЕКИСТОН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА

бутун халқимиз бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиши лозим

Президентимизнинг Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида ­бил­ди­рилган фикрлар халқимиз томонидан мамнуният билан кутиб олинди. Учрашувлар, давра суҳбатлари, ­мулоқот­ларда мазкур нутқнинг ­мазмун-моҳияти чуқур ­ўрганил­моқда. Таҳририятимизга ­мурожаат­лар бЎлаяпти. Президент нутқига партиямиз фаоллари, депутатларимиз, кенг жамоатчилик вакиллари ўз муноса­батларини билдиришмоқда.

Феруза ЭШМАТОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Президентимиз нутқини эшитиб, биз депутатлар зиммасида ҳам қанчалик долзарб вазифалар турганини, қандай муҳим ишларни амалга оширишимиз лозимлигини янада чуқур ҳис этдим. Биз танлаган ва «ўзбек модели» деб ном олган ривожланиш йўли — бу Ўзбекистон халқининг энг катта ютуғи, десам муболаға бўлмайди. Дунёнинг аксарият мамлакатларида ҳамон давом этаётган молиявий инқироз, ижтимоий кескинликлар, нохуш воқеалардан келиб чиқиб фикрлайдиган бўлсак, биз нақадар тўғри йўлдан кетаётганимизга яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.

«Ўзбек модели»нинг асосий моҳияти миллий-инновацион иқтисодиётни яратиш, миллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, иқтисодиётнинг ҳар бир йўналишида имкон даражада ташқи бозорга қарамликни чеклаш ва уларнинг таъсир доирасини камайтириш ҳисобланади. Бу соҳада амалга оширилган ислоҳотлар дунё ҳамжамия­тида давлатлар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг кескинлашуви жараёнида энг тўғри йўл эканини кўрсатиб турибди.

Бу эса мамлакатимиз раҳбарининг келажакда юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларни олдиндан ҳам илмий, ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан кўра олганлигини англатади. 2008 йилда бошланиб, бутун дунё иқтисодиётини ўз домига торт­ган молиявий-иқтисодий инқирознинг Ўзбекистон иқтисодиётига сезиларли таъсир этмагани, аксинча, миллий иқтисодиё­тимизни ривожлантиришнинг янги йўналишлари очилганлигини бугун нафақат биз, балки, бутун дунё мутахассис-экспертлари эътироф этмоқда.

Барно САНАҚУЛОВА, иқтисод фанлари номзоди, ЎзХДП Марказий Кенгаши эксперти:

— Мамлакатимиз раҳбари ўз нутқида муҳим масала сифатида корпоратив ёки акциядорлик бирлашмалари фаолиятига хорижий фирма ва компаниялар тажрибасини олиб кириш, Ўзбекис­тонда маҳаллий акциядорлар билан бирга, чет эллик инвесторларнинг ҳам акцияларга эга бўлишига шароит яратиш лозимлигини таъкидлади.

Савол туғилади, нега айнан бугун ушбу масала кун тартибига чиқди? Амалга оширилган иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ислоҳотларни таҳлил қиладиган бўлсак, дарҳақиқат бугун биз янгиликка, янгича ёндашувга ҳам маънавий, ҳам иқтисодий, ҳам сиё­сий жиҳатдан тайёрмиз. Чунки, бу соҳада босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилиб, юзага келиши мумкин бўлган ҳолатлар ҳуқуқий-иқтисодий жиҳатдан мустаҳкамланмоқда. Таъкидлаш жоизки, ҳар қандай амалиётга жорий этиладиган янгича ёндашув тезда ўзининг самарасини бермаслиги, инновациялар жорий этилишининг биринчи бос­қичларида иқтисодий танглик кузатилиши мумкинлигини инобатга олсак, бундай ҳолатга фақат мустаҳкам пойдевор бўлгандагина дош бериб, инновацион давр­нинг фойда босқичига етиб келиниши ҳамда ривожланишга эришиш мумкин бўлади.

Бугунги кунда акциядорлик жамиятлари бошқарувида янгича ёндашувга зарурият сезилаётгани уларнинг жаҳон бозорларига ўз маҳсулотлари билан чиқиш жараёнида яққол кўринмоқда. Бизнингча, акциядорлик жамиятлари бугунги кунда ривожланган хорижий компания­ларда кенг қўлланилиб келинаётган молиявий ва солиқ менежменти тадбирларидан кенг фойдаланиши, хусусан, солиқларни режалаштириш ва молиявий режалаштиришларни амалга ошириш орқали ўз фаолиятини қайта кўриб чиқиши мақсадга мувофиқдир.

Айни пайтда уларга нисбатан амалдаги қонунчилик ҳам шуни тақозо этиб, нисбатан самарали бўлган ривожланишнинг «махсус стратегик схемалари»дан фойдаланишни талаб этмоқда. Биз­нинг­ча, маҳаллий акциядорлар билан бирга, чет эллик инвесторларнинг ҳам акцияларга эга бўлиши мулкчилик муносабатларини ривожлантиришдан ташқари, компаниялар бошқарув тизимига ҳам янгича ёндашувни, бошқарувнинг инновацион усулларини нисбатан тезроқ ва арзонроқ жорий этишга замин яратади.

Чунки, хорижий инвесторлар  инвестициянинг ҳар бир сўми кейинги бир сўмнинг туғилишига олиб келмаса, бу ­фао­лият билан шуғулланиш мақсадсиз сарф сифатида қараш тезисига амал қилади. Демак, хорижий инвесторнинг иштироки маҳаллий компанияда ҳар бир сўмнинг туғилишини назорат қилинишига, ишлаб чиқариш жараёнидаги барча сарф-харажатларнинг асосли бўлиш тамойилига амал қилинишига, ишлаб чиқариш жараёнидан максимал фойдаланишга эришилишига, маҳсулотлар таннархини турли янги усуллар орқали камайтириб бориш сиёсатига амал қилинишининг муҳим воситаси ҳисобланади.

Президентимиз айнан шу ҳолатларни кўра билган ҳолда, мазкур масалани кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифа сифатида илгари сурмоқда.

Акрам АКБАРОВ, халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Президентимиз нут­қида мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, ҳаё­тимизни янада яхшилашга қаратилган қатор долзарб масалалар ўртага ташланди. Қачон давлат тараққий этади, халқ тўқ яшайди, маъмурчилик бўлади, энг аввало, тинчлик бўлса. Бугун барча соҳаларда эришаётган ютуқларимиз, қўл­га киритаётган марраларимиз замирида тинчлик-осойишталик мужассамлашган. Буни бугун барчамиз янада чуқурроқ англаяпмиз.

Албатта, тинчлик бўл­маган, одамлар эркин нафас олмаган жамият ҳеч қачон ривожланмайди, аҳоли қўрқув ва хавотирда яшайди. Тинч-тотув юртдагина бунёдкорлик бўлади, оламшумул ютуқларга эришилади.

Мустақиллик йилларида нафақат пойтахтимиз, балки, вилоят марказлари ва туманларимиз ҳам бутунлай янгидан бунёд этилди. Таъбир жоиз бўлса, бутун мамлакат қайтадан қурилди. Бугун юртимиз гўшаларини таниб бўлмайди, қишлоқларимиз қиёфаси эса бутунлай ўзгариб кетди. Буни биргина Қашқадарё вилояти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Бунинг асосий омили нима? Биринчидан, юртимиздаги тинчлик, иккинчидан халқимизнинг ҳамжиҳатлиги, якдиллиги, деб ўйлайман.

Юртимиздаги тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, ёшларимизни янги марралар сари сафарбар этиш, юксак чўққилар томон руҳлантириш долзарб аҳамиятга эгадир. Бу борада оила ва маҳалла  ҳамкорлигини мустаҳкамлаш зарур.

Афсус ва надоматлар бўлсинки, ёшларимиз орасида узоқни кўра олмайдиган, айрим ёт ғоялар, қарашлар таъсирига берилиб кетаётганлари ҳам учраб турибди. Агар оилада, маҳаллада соғлом муҳит қарор топса, одамлар бири биридан хабардор, кексалар ёшларга ибрат бўлса, болалар билимли, дунёқараши кенг бўлиб улғаяди.

Бугун биз юртимиз тинч­­лигига раҳна солиши мумкин бўлган барча катта-кичик таҳдидларга, иллатларга қарши муросасиз курашишимиз керак. Ўзбекистон тинчлиги, эл фаровонлиги, мамлакатимиз тараққиёти йўлида бутун ­халқимиз бир ёқадан бош чиқариши лозим.

Президентимиз билдирган фикрлар, ўртага ташлаган мулоҳазалардан ҳар биримиз тўғри хулоса чиқариб олишимиз, фар­занд­­ларимизнинг ёруғ келажаги масъулиятини чуқур ҳис этишимиз, зиммамиздаги вазифаларни сид­қидилдан адо этишимиз керак бўлади.



DB query error.
Please try later.