Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
16.04.2015

ЭЛЕКТРОН ТИЖОРАТ

ишлаб чиқарувчига ҳам, истеъмолчига ҳам қулайлик яратади

Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари барча соҳа ва тармоқларга шиддат билан кириб келмоқда. Чунки улар вақтни тежашга, турли англашилмовчилик, бюрократик тўсиқлардан қутулишга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, инсонга қулайлик яратмоқда. Эндиликда савдо-сотиқ ишларига қандай вақт ажратиш ҳақида ўйлаш, керакли маҳсулотни қидириб овора бўлишга, бу ҳақда бош қотиришга ҳожат қолмаяпти. Боиси, кундан-кунга электрон тижорат ривожланаяпти. Ишлаб чиқарувчи, хизмат кўрсатувчи, харидор ва истеъмолчиларга ўзига қулай вақтда, жой ва тезликда маҳсулотни сотиш, сотиб олиш имкониятлари очилмоқда. Электрон тижорат равнақи иқтисодиёт юксалишида муҳим ўрин тутиши дунёда аллақачон исботини топган. Демак, юртимизда ҳам электрон тижорат ривожланиши учун янги ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий техник шароитлар яратиб бериш долзарб масала ҳисобланади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ЎзХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида депутатлар, мутасадди ташкилотлар мутахассислари иштирокида бир нечта қонун лойиҳалари, хусусан, «Электрон тижорат тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси кўриб чиқилди. 

Алоҳида қайд этилдики, қонун лойиҳасининг муҳим хусусиятларидан бири электрон шартномаларни расмийлаштириш ва ижро этиш жараёнларини енгиллаштиришдан иборатдир.

Фракция аъзоларининг фикрича, қонун лойиҳасида электрон тижорат истиқболи билан бирга, ахборот соҳаси ривожланиши масаласи ҳам эътиборга олинган. Жумладан, унда телекоммуникация тизими операторлари, банк, электрон танлов, аукцион ва ярмаркалар ташкил этиш билан шуғулланувчи юридик шахслар фаолиятининг истиқболига оид меъёрлар ўз аксини топмоқда. Шу билан бирга, қонун лойиҳасида тижоратни электрон тармоқлар орқали олиб бориш жараёнида ишлаб чиқарувчи, хизмат кўрсатувчи, харидор ва истеъмолчилар, умуман олганда, барча иштирокчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши назарда тутилган. Электрон ҳужжатлар ва хабарлардан фойдаланган ҳолда товарларни сотиш, хизматлар кўрсатиш фао­лия­тини амалга оширишга ҳуқуқий жиҳатдан тўлиқ шароит яратиш кўзда тутилмоқда.

— Янги таҳрирдаги «Электрон тижорат тўғрисида»ги қонун лойиҳаси парламентда депутатлар, мутахассислар томонидан қизғин муҳокама қилин­япти, турли фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдириляпти, —  дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Нўъмон Акбаров. — Фракциямиз аъзолари ҳам мазкур қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан қатор таклифларни илгари суришди.

Партиямиз Сайловолди дастурида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш, бунда аҳолига ҳар томонлама қулай шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Шу маънода электрон тижорат тизимини ривожлантиришдан партиямиз ҳам, электоратимиз ҳам бирдек манфаат кўради. Масалан, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳалари ривожланади, иқтисодиётнинг бар­қарорлиги таъминланади, корхона-ташкилотларда пул маблағлари айланиши тезлашади. Бу орқали ишчи-ходимларнинг фаровонлиги ошиб, партиямиз электорати вакилларининг иш ҳақи, пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловларни ўз вақтида олиш бўйича имкониятлари кен­гая­ди. Қонун лойиҳасини кўриб чиқишда фракциямиз бу масалаларга алоҳида эътибор қаратди.

Йиғилишда янги таҳрирдаги «Ветеринария тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам атрофлича муҳокама этилди.

Фракция аъзоси ­Зулайҳо Акрамованинг қайд этишича, қонун лойиҳасида ветеринария барқарорлигини таъминлашга йўналтирилган бир қатор янги моддалар кўзда тутилган. Жумладан, ҳайвонот оламига мансуб озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ҳамда хавфсизлигини таъминлашдаги давлат ветеринария назоратининг аҳамияти ва тамойиллари, жавобгарлигининг ҳуқуқий жиҳатлари очиб берилмоқда. Партиямиз Сайловолди дастурида ички бозорни ўзимизда ишлаб чиқарилган сифатли, хавфсиз ва арзон озиқ-ов­қат маҳсулотлари билан етарлича таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш масалаларига эътибор қаратилганини инобатга олсак, қонун лойиҳасида партиямиз дастурий-мақсадларига ҳамоҳанг қатор масалалар ўрин олган.

Депутатлар, шунингдек, йиғилиш давомида «Ўзбе­кис­тон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғ­рисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ло­йиҳасини ҳам кўриб чиқишди. Мазкур қонун лойиҳаси ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш, қулай инвестиция иқлимини яратиш, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишдаги тўсиқларни бартараф этишни кўзда тутиши таъкидланди. Қонун лойиҳасида назарда тутилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашда, барқарор янги иш ўринлари яратилишида муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Фракция аъзоларининг партия электорати манфаатлари нуқтаи назаридан билдирган фикр-мулоҳазалари ва хулосаларига асосан барча қонун лойиҳалари қўллаб-қувватланди. 

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.