14.04.2015

ЮРТ КЕЛАЖАГИ, ҚУДРАТИ

соғлом авлод қўлида

Фарзандини оқ ювиб, оқ тараб вояга етказиш ота-онанинг энг эзгу орзуси. Шунинг учун оила ҳаётнинг негизи ва яратувчиси ҳисобланади. Жамиятда камолотга интилиб яшаётган оилалар, соғлом болалар қанчалик кўп бўлса, мамлакат шунчалик маърифатли, куч-қудратли бўлиб бораверади. 

Мамлакатимизда соғлом авлодни вояга етказиш масаласи ҳар доим эътибор марказида бўлиб келган. Бундан қарийб 22 йил олдин, 1993 йил 23 апрель куни Давлатимиз раҳбари фармони билан «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди ташкил топди. «Соғ­лом авлод учун» ордени таъсис этилди. Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи ордени ва жамғармасига ушбу ном берилиши соғлом авлодни вояга етказиш йўлида қўйилган муҳим қадам эди.

Бугунги кунга қадар фонд давлат ижтимоий сиёсатининг муҳим ва долзарб вазифаларини ҳал қилишда фаол иштирок этиб келмоқда. Фонд дунё миқёсида танилди, айтиш мумкинки, ўз нуфузига эга бўлди.

Фонд томонидан оилаларнинг санитар-гигиеник шароитини яхшилаш, айниқса, аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, муҳтожларга тез ва самарали ёрдам кўрсатиш йўлида муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда. Шу мақсадда фонднинг Тиббий-ижтимоий патронаж кўчма бригадалари ташкил этилди. Уларнинг манзилли хизмати орқали кўплаб оилалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, оналар ва болалар соғлиғи мустаҳкамланмоқда.

Аҳолининг репродуктив саломатлигини яхшилаш, туғиш ёшидаги аёлларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва доимий назоратга олиш, ҳомиладор аёлларни бепул дори воситалари билан таъминлаш, юртимизнинг чекка худудларида истиқомат қилаётган аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида бир қатор хайр­ли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Маълумки, оналик ва болаликни ҳимоялаш соғлом авлодни шакллантиришнинг муҳим шартларидан саналади. Фонд томонидан бу борада самарали тизим яратилди. Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда Корея Республикасининг «Ehwa Womans University» шифохонаси билан шартнома тузилиб, Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги болалар шифохонасида икки мамлакатнинг етакчи мутахассислари иштирокида тиббий кўриклар ўтказилди.

2015  йилнинг биринчи чораги давомида фонднинг 15 та кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаси Тиббий-ижтимоий маркази томонидан Республика бўйича оилаларнинг ижтимоий  шароити, аёллар, болалар  ва ўсмирлар саломатлиги ўрганилди. Бу борада аҳоли ўртасида турли мавзуларда суҳбатлар уюштирилди. Шу билан бирга, амалга оширишимиз керак бўлган лойиҳаларимиз, қиладиган ишларимиз ҳали оз эмас.

Шу ўринда аҳоли саломатлиги текшируви бўйича айрим маълумотларни келтириб ўтиш ўринли бўлади. Кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаларининг маълумотларига кўра, аёлларда аниқланган касалликлар ичида камқонлик нисбатан кўпроқ учрайди.

Бундан ташқари, эндокрин тизими ва организмда модда алмашинуви бузилиши, гинекологик касалликлар ҳам учраб турибди.

Болалар ўртасида эса кўпроқ камқонлик, нафас олиш тизими, эндокрин касалликлар кузатилмоқда. Биз бу масалаларда тегишли чора-тадбирларни амалга оширяпмиз, албатта. Хусусан, кўплаб оилаларга тиббий ва хайрия ёрдами кўрсатилди. Умумий қиймати қарийб 2 миллиард сўмлик дори-дармон, санитария ва гигиена воситалари, шунингдек, кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Касаллик ҳолатига кўра, амбулатория ёки касалхона шароитида даволаниш ишлари олиб борилди.

Бир неча йиллардан буён «Соғлом авлод учун» фонди хал­қаро хайрия жамғармалари билан бирга ногирон болаларга хайрия тиббий хизматини  кўрсатиш бўйича ҳамкорлик қилиб келмоқда. Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Германиянинг «Frien­dendorf International» хал­қаро ташкилоти билан уч томонлама ҳамкорлик шартномасини имзолаган. Унга кўра, 12 ёшгача бўлган бемор ва ногирон болаларни даволаш, реа­билитация қилиш масалалари ҳал этилмоқда. Жумладан, 2002-2015 йиллар давомида 250 нафар бемор бола тери куйиши асоратлари, қўл-оёқ бўғимининг туғма касалликлари ташхиси билан Германия шифохоналарида даволаниб қайтди. Икки юз эллик нафардан ортиқ ногирон бола операция қилинди. Бундай ҳамкорликни янада ривожлантириш чоралари кўрилмоқда.

«Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди дастурида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш етакчи ўрин эгаллайди. Жамғарма ҳукуматимизнинг тиббиёт, таълим, спортга оид дастурлари  ижроси йўлида изчил фаолият олиб бормоқда. Қатор идора-ташкилотлар билан ҳамкорликда турли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Халқ демократик партияси доимий ҳамкоримиз. Хусусан, «Фаол аёллар» қаноти билан бирга жойларда соғ­лом турмуш тарзини тарғиб этиш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш тадбирлари ўтказиб келиняпти.

Фондимиз олдидаги энг муҳим вазифа белгиланган дас­турларимизни мамлакатимизнинг барча ҳудудларида самарали амалга ошириш, бу борадаги масъулиятни янада кучайтириш ҳисобланади. Бизнинг барча саъй-ҳаракатларимиз соғ­лом авлодни вояга етказишга, фарзандларимиз камолига қаратилган. 

 

Светлана ИНАМОВА,

«Соғлом  авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди бошқаруви раиси, ЎзХДП фаоли.



DB query error.
Please try later.