14.04.2015

ЎЗБЕКИСТОН ЙЎЛИ

нақадар тўғри эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда

Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида билдирилган кенг қамровли фикрлар халқимизнинг ўзига, буюк келажагига бЎлган ишончини янада мустаҳкамлади, катта марралар сари илҳомлан­тирди. Бугун Президент нутқи халқимиз, кенг жамоатчилик, хусусан, партиямиз аъзолари, фаоллари томонидан чуқур ўрганилмоқда...

Президентимиз ўз нутқида эришган ютуқларимиз замирида, аввало,  биз танлаган ва дунёда «ўзбек модели» деб ном олган машҳур беш тамойил — принципга асосланган, тадрижий — эволюцион, босқичма-босқич ривожланишнинг Ўзбекистон йўли муҳим ўрин тутганини алоҳида қайд этди.

Комила КАРОМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси:

— Президентимизнинг қўшма мажлисдаги нутқида мамлакатимиз олдида турган стратегик вазифалар ҳақида атрофлича фикр юритилди. Мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, ҳаётимизни демократлаштириш ва энг муҳими юрт тинчлиги масаласи...

Мамлакат тинчлиги — ҳар бир халқ учун энг устувор масала ҳисобланади. Президентимиз ўз нутқида бунга яна бир бор эътибор қаратди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки, ўта таҳликали, тобора кескинлашиб бораётган, турли хавф-хатарларга тўла замонда яшаяпмиз. Шу боис Ватанимиздаги тинчлик-осойишталикни, чегараларимиз дахлсизлигини сақлаш энг муҳим масалага айланмоқда. Бу борада Ўзбекистон йўлини давлатимиз раҳбари яна бир бор таъкидлади.  «Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокка қўшилмайди, ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базаларини жойлаштиришга, бизнинг ҳарбийларимизнинг мамлакатимиз ташқарисида бўлишига мутлақо йўл қўймайди».

Мамлакатимиз раҳбарининг бу даъвати ҳар бир ўзбекис­тонликни, айниқса, биз, оналарнинг қалбини тўлқинлантириб юборди. Чунки барча оналар тинчликни, фарзандлари соғ-омон бўлишини истайди.

Биз депутат сифатида халқ орасида бўламиз. Сайловчилар билан учрашамиз. Одамларнинг кўзларидан, сўзларидан шуни англаймизки, улар тинчлик қадрига, мустақиллик қадрига етишади. Уни кўз қорачиғидай асрашади.

Дарҳақиқат, бугун бутун дунёда юз бераётган воқеалар, қарама-қаршиликлар, сиёсий курашларни таҳлил этган ҳол­да, шундай хулосага келамиз.

Тинчлик осмондан тушмайди. Мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикни сақлаш учун, аввало, атрофимизда бўлаётган воқеаларга нисбатан сергак бўлиш ва ўзимизнинг холис муносабатимизни билдиришимиз керак. Қолаверса, мана шундай таҳликали бир даврда яқин ва узоқ қўшниларимиз билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ҳам ўта муҳим масаладир.

Тарих бизга йўл кўрсатади. Ўтмишда қандай воқеалар бўлганини, улардан қандай хулосалар чиқариш лозимлигини биз биламиз. Президентимиз таъбири билан айтганда, ўзбек халқига тинчлик-омонлик керак. Фақатгина орзу билан эса тинчликка етиб бўлмаслиги ҳаётий ҳақиқат. Унга кураш ва фақат курашлар билан эришилади.

Ҳасан НОРМУРОДОВ, «Нуроний» жамғармаси Самарқанд вилоят бўлими раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Телевизор орқали Президентимизнинг Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқини диққат билан эшитиб, жуда ҳам ҳаяжонланиб кетдим. Ҳам чуқур ўйга чўмдим. Нутқда айтилган ҳар бир гапнинг тагида катта маъно-мақсад ётибди. Масалан, Юртбошимизнинг агарки биз эришган ютуқ ва марраларимиз билан чегараланиб, хотиржамлик, ҳаволаниш ва бепарволик кайфиятларига берилиб кетсак, бундай ҳолат барчамиз йўл қўйган, кечириб бўлмайдиган катта хатога айланиб кетиши мумкин, деган сўзлари маъносига эътибор қаратайлик.

Бугун дунёдаги вазият, жаҳон миқёсида иқтисодий-молиявий инқироз, қарама-қаршиликлардан келиб чиқиб фикрласак, барча йўналишларда олиб бораётган ишларимизни янада кучайтириш зарурлигини англаймиз. Бунинг учун, аввало, нуронийлар, кексалар, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган инсонлар бошқаларга ибрат бўлиши, ёшларни доимо ҳушёр бўлиш ва олдинга интилишга рағбатлантириши лозим.

Президентимиз дунёда қарама-қаршилик тобора бешафқат тус олаётгани, радикализм, терроризм, экстремизм каби таҳдидлар кучайиб бораётгани барчамиздан аввало бир ёқадан бош чиқариб, сафарбарликни янада оширишни талаб қилади, деди. 

Дарҳақиқат, бирлашиб ички ва ташқи душманларга қарши мардона тура олган халқни ҳеч қандай куч енга олмайди. Бу борада амалга ошираётган ишларимиз қаторида ҳаётимизни ўзгартираётган демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, уларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга тушунтиришда фаол иштирок этишимиз лозим.

Ҳозирда мамлакатимиз раҳбари нутқини тарғибот қилишга қаратилган тадбирлар режасини ишлаб чиқдик. Унга кўра, вилоятимиз нуронийлари, ЎзХДП депутатларидан иборат тарғибот гуруҳлари учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказади. Бундай мулоқотларда асосий эътибор тинчлик, ўзаро аҳиллик масалаларига қаратилади. Унда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, кўпни кўрган отахону онахонлар, эл эътиборидаги инсонлар ёшларга яқин ўтмишда бошимизга солинган мусибатлар, бугунги кунларнинг қадри ҳақида сабоқ беришади.

Урушнинг оғир йилларини бошидан ўтказган, мустабит тузум азобларини кўрган кекса авлод вакиллари ҳар иккала даврни ёшларга таққослаб бериши катта тарбиявий аҳамиятга эга, деб ўйлайман.

Дилором АБДУРАҲИМОВА, ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари:

— Президентимиз ўз нутқида эришган ютуқларимиз замирида, аввало,  биз танлаган ва дунёда «ўзбек модели» деб ном олган машҳур беш тамойил — принципга асосланган, тадрижий — эволюцион, босқичма-босқич ривожланишнинг Ўзбекис­тон йўли муҳим ўрин тутганини алоҳида қайд этди.

Ҳақиқатан ҳам, айниқса, беш тамойилнинг бири бўлган — кучли ижтимоий сиёсат ўтган даврда халқимизни қанча кўнгилсизликлар, хавф-хатарлардан асраб қолди. Бу сиёсат натижасида оғир даврларда ҳам аҳолининг ижтимоий ҳимояси таъминланди. 

Бугун юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ўсиш суръатларини таъминлашга эришилмоқда. Мисол учун, охирги 10 йил давомида мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари 8 фоиздан ошиб келаётгани бунга яққол далил бўла олади. Ушбу кўрсаткич ва рақамлар мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни қанчалик тўғри эканини кўрсатиб турибди.

Президентимиз таъкидлаганидек, бундай ютуқларнинг сабабларини биз аввало мард ва матонатли, кўпни кўрган халқимиз, одамларимизнинг дунёқараши, сиёсий онги ва савияси тобора юксалиб бораётганида кўрамиз. Ва энг муҳими, бунинг сабаби бугунги кунда ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқаётган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, мустақил ва янгича фикрлайдиган, Ватанимизнинг эртанги куни учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган ёшларимизни биз ўзимизнинг ишончимиз, таянчимиз ва суянчимиз деб билганимиздадир.

Албатта, бу борадаги ишларни янада изчил давом эттириш, ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшиш ҳар бир Ўзбекистон фуқароси, жамоат ташкилотлари, хусусан, сиёсий партиялардан ҳам катта масъулият талаб этади. Президент нутқида ёшларга алоҳида эътибор қаратилди. Шундан келиб чиқиб, «Истиқбол» ёшлар қаноти Наманган вилоят бўлими фаоллари нутқда билдирилган фикрлар моҳиятини ёшлар ўртасида тарғиб қиладиган кўплаб тадбирлар ташкил этишни режалаштирган.

Президентимиз томонидан айтилган фикрлар мамлакатимизни тараққий эттириш, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, минтақада тинчлик ва осойишталикни таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Депутатлар, партиямиз фаоллари нутқда билдирилган фикр ва мулоҳазаларни чуқур ўрганган ҳолда, тизимли равишда ҳаётга татбиқ этишда фаол иштирок этишлари лозим...



DB query error.
Please try later.