14.04.2015

АҲОЛИГА СИФАТЛИ КОММУНАЛ ХИЗМАТ КЎРСАТИЛИШИ — МУҲИМ МАСАЛА

— Эшитдингизми, душанба­дан иссиқ сувни ўчиришар экан.

— Тушунарли. Одатдаги профилактика денг.

— Уй ишларини шунга қараб режалаштиришимиз керак...

Ҳаётда шундай гаплар қулоққа тез-тез чалиниб туради. Совуқ сув, электр энер­гияси, табиий газ каби кундалик эҳтиёжларимиз учун зарур бўлган ман­баларнинг узилиб қолиши уй бекаларига қийинчилик туғдиради. Уйингизда сув, зангори олов, ёруғлик манбаи бор экан, хотиржам бўласиз, яхши кайфият билан ишга отланасиз...

Шунинг учун аҳолига сифатли коммунал хизматлари кўрсатиш тизимини яхшилаш муҳим масала ҳисобланади. ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши ва халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи ҳамкорлигида «Уй-жой, коммунал хўжалиги соҳасидаги муаммо ва ечимлар: унда ЎзХДП ташкилотларининг иштироки» мавзуида ўтказилган семинарда бу масала атрофлича муҳокама этилди. Хусусан, тизимда олиб борилаётган ишлар, аҳоли ва ширкатлар ўртасидаги муносабат кўп қаватли уйларда коммунал хизматлар нархларининг ижтимоий мақбуллик даражасини ошириш ва яна бир қатор дастурий вазифалар ҳа­қида сўз борди.

Айтиб ўтилганидек, пойтахт аҳолисининг асосий қисми кўп қаватли уйларда истиқомат қилади. Аҳолига коммунал хизмат кўрсатувчи ширкатларнинг ишлаш тизими тўғри йўлга қўйилиши одамларнинг турмуш шароити яхшиланишига хизмат қилади. Шунинг учун ЎзХДП депутатлари ширкатлар билан доимий мулоқотда бўлиши, жойларда коммунал соҳада учраётган муаммоларни ўрганиш ва таҳлил этишда улар билан ҳамфикр бўлиши талаб этилади. Шунда муаммолар ечими юзасидан аниқ, ҳаётий таклифлар билдириш имконияти юзага келади.

— ЎзХДП Сайловолди дастури ва 2015-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатишни ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган, — деди ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Ҳайдар Бобохонов. — Чунки коммунал соҳада аҳоли, айниқса, партиямиз электорати манфаатларига дахлдор масалалар кўп. Шунинг учун барча даражадаги партия ташкилотлари ва депутатларимиз бу йўналишда янада жиддий ишлаши, хусусан, Жамоатчилик қабулхоналарига бу бўйича тушган мурожаатларни ҳал этишга эътиборни кучайтириши керак.

Коммунал хизматларнинг доимийлиги ва сифатини таъминлаш кўп жиҳатдан ўзимизга боғлиқ. Бунда юзага келган муаммо бўйича мутасаддиларни ўз вақтида бохабар қилиш талаб этилади. Шу мавзуга тўхталар экан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Аҳад Аҳмедов депутатлар олдида турган вазифалар ҳақида фикр билдирди.

— Мамлакатимизда аҳолининг турмуш даражасини ошириш, яшаш шароитини яхшилашга катта эътибор қаратиляпти. Аммо очиғини айтиш керак, жойларда бу борада айрим муаммолар ҳам учраб турибди, — деди у. — Биламизки, коммунал хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ қонунлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш маҳаллий ҳокимият томонидан амалга оширилади. Депутатларимиз мазкур йўналишдаги қонунлар ижросининг назоратини амалга оширишда бироз камчиликларга йўл қўйишмоқда. Биз ўз ваколатимиздан унумли фойдаланган ҳолда, қонунлар ижроси устидан доимий назоратни йўлга қўйишимиз керак. Муаммолар фақат битта ҳудуд мисолида эмас, аксинча кўпроқ маҳалла ва аҳоли яшаш жойлари мисолида таҳлил этилиши муҳим аҳамиятга эга.

Ҳар бир депутат ўз округи ҳудудида режали иш ташкил этиши керак. Аҳоли томонидан амалга оширилаётган тўловлар манзилига етиб боргандагина, кўп қаватли уйларнинг муаммолари ечим топади. Бу борада тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтириш зарур. Бунинг учун партия­миз тизимида аҳоли, коммунал хизматлар кўрсатувчи субъектлар билан мулоқотга асосланган тадбирларни йўлга қўйишимиз лозим.

Йиғилишда, шунингдек, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, ЎзХДП гуруҳи аъзоси Муқаддас Раҳматуллаева, «Чустий» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Дилфуза Аҳмедова, «Ҳумо юлдузи» хусусий уй-жой ­мулкдорлари ширкати раиси ­Муборак Абдуллаева ҳудудларда коммунал соҳада учраётган муаммоларнинг ечими юзасидан таклифлар билдиришди. Хусусан, имтиёзли, узоқ муддатли кредитлар ажратилишини таъминлаш, уларни тўлашда аҳолидан тушган маблағларни инобатга олиш масаласи кўтарилди. Коммунал тўловлардан доимий бош тортаётган айрим фуқаролардан маблағларни ундириш чораларини кўриш, мақбул тўловларни жорий этиш таклифлари ўртага ташланди. Шу асосда партия ташкилотлари, депутатлар зиммасидаги вазифалар белгилаб олинди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА



DB query error.
Please try later.