11.04.2015

ИШЛАГАН ДЕПУТАТ ҲУРМАТГА САЗОВОР БЎЛАДИ

«Партия дастурий мақсадларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон ХДП депутатлик бирлашмалари фаолиятини самарали ташкил этиш...» Бу ЎзХДПнинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида белгиланган дастлабки вазифа.

Партиянинг жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши кўп жиҳатдан депутатлар, партия гуруҳларининг амалий натижаларга эришишига, шу орқали эл-юрт назарига тушишига боғлиқ. ЎзХДП бу масалага алоҳида эътибор қаратмоқда, сайловчилар, халқимизга берилган ваъдаларни бажаришга ҳаракат қилмоқда. Шундан келиб чиқиб, янги Ҳаракат дастурида партия кенгашлари ва депутатлар зиммасига аниқ вазифалар белгилаб берилди. Улар жойларда одамларни ўйлантириб келаётган масалаларни ҳал қилиш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиё­тини юксалтириш ниятида ишлаб чиқилган.

Дастурда асосий эътибор аҳолининг ижтимоий ҳимоя­сини кучайтириш, турмуш фаровонлигини яхшилаш масалаларига қаратилган. Хусусан, унда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассисликлари бўйича иш билан банд этиш, аҳолининг кам таъминланган қатлами ва ишга жойлашишда қийинчиликка дуч келаётган инсонлар манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларимизга мақбул тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва ижтимоий тенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш каби кенг кўламли чора-тадбирлар режаси тасдиқланган.

Галдаги вазифа уларни изчил амалга ошириш ҳисобланади. Албатта, бу ўз-ўзидан бўладиган жараён эмас. Бунинг учун ҳар бир масалани мутасадди ташкилотлар иштирокида чуқур ўрганиш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларида муҳокама қилиш, хато-камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ тавсиялар ишлаб чиқиш керак бўлади.

— 2011-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурига кўра, ўтган чақириқда биргина 2014 йилда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари 200 дан ортиқ масалани ўрганиши белгиланган эди, — дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири ­Боймурод Юсупов. — Шундан 45 масала маҳаллий Кенгашлар сессияларига киритилди. Қолганлари доимий комиссия йиғилишида, партия гуруҳларида муҳокама этилди. Лекин ҳамма жойда ҳам депутатларимиз зиммасидаги вазифаларни тўлиқ адо этмади. Масалан, ўтган йили Навоий вилоятида Ҳаракат дастури асосида бор йўғи 3 та масала партия гуруҳларида кўриб чиқилган. Аслида, дастурга кўра, 10 та масала ўрганилиши керак эди. Нима қилсак аҳвол яхшиланади? Нима қилинса, партия гуруҳлари жон куйдириб ишлайди, ҳамманинг фикри бир жойдан чиқиб, виждонан ҳаракат қилади? Сайловдан кейин янгидан тузилган партиямиз гуруҳлари ишини самарали йўлга қўйишда шу масалага алоҳида эътибор қаратиляпти. Одамлар амалий ишларимизга қараб, партия­мизга баҳо беради. ЎзХДПнинг жамиятдаги ўрни, мавқеи мустаҳкамланиши ўзимизга боғлиқ.

Биз масалани сессияга олиб чиқишдан олдин уни депутатларимиз билан ўзаро муҳокама қиламиз,дейди ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси ­Саида Жўраева. Ҳар бир депутат ўз ҳудудидаги ижтимоий масалалар юзасидан маълумотларни тақдим этади ва уларни биринчи навбатда округ доирасида, кейин эса туман ва шаҳар миқёсида муҳокамага қўйилади. Масалан, ўтган йили вилоятимиздаги мактабгача таълим муассасалари фаолиятини танқидий ўрганиб, туман, шаҳар ва вилоят Кенгашлари сессияларига масала киритгандик. Дастлабки уринишларимиз негадир кутилган самарани бермади. Бу, албатта, депутатларни қониқтирмади. Орадан вақт ўтиб, яна айни шу масала сессияларга олиб чиқилди. Натижада сессия қарори асосида хато-камчиликларни бартараф этиш чоралари белгиланди, раҳбар ходимларнинг масъулияти кучайтирилди. Менимча, айрим партия гуруҳлари бирор масалани сессияга олиб чиқишдан муайян натижа бўлмаслигидан чўчишади. Аммо мен бундай фикрга қўшилмайман. Ташаббускор депутат, ­қатъиятли одам, албатта, натижага эришади.

Ўтган йили Навоий, Самарқанд вилоятлари, Тошкент шаҳар Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари Ҳаракат дастурида белгиланган вазифалар бўйича масалаларни сессияга олиб чиқа олмади. Демак, бу ҳудудларда одамларни безовта қилаётган ижтимоий масалаларни ўрганиш, таҳлил этиш, амалий таклифлар беришга етарли аҳамият қаратилмади, амалий ишлар қилинмади деганидир. Бундай камчиликдан тўғри хулоса чиқариш, аҳолига ёрдами тегадиган, партия­миз обрўсини оширадиган ташаббусларни кўпайтириш керак бўлади.

Бир нарсани асло унутмаслик лозим. 2015-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури ЎзХДПнинг асосий иш режаси, сайловчиларга, электорат вакилларига берилган ваъдалар жамланмаси ҳисобланади. Депутатларнинг обрўси, партия гуруҳларининг таъсир кучи, партиянинг эл назарида туриши мазкур ҳужжатнинг ижроси қай даражада бажарилишига боғлиқдир.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА



DB query error.
Please try later.