Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
11.04.2015

САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ УЧУН

қатъийлик ва ташаббускорлик кўрсатиш талаб этилади

9 апрель куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Халқ ­демократик партияси Марказий Кенгашининг III пленуми бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши аъзолари, масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, минтақавий партия кенгашлари раҳбарлари, фаоллар иштирок этди.

Пленумда мамлакатимизда бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг иштироки, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш жа­раё­нида партия ташкилотлари олдида турган долзарб вазифалар муҳокама қилинди. Мазкур масала юзасидан Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ­раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Ҳотамжон Кетмонов маъруза қилди.

– 2014 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига ҳамда 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтган сайловлар партиямиз учун жиддий сиёсий имтиҳон, шунинг билан бирга, катта тажриба мактаби бўлди, – деди партия етакчиси. – Ушбу сайловлар натижаларидан келиб чиққан ҳолда, демократик ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида партиямиз олдида турган долзарб вазифаларни белгилаб олишимиз зарур.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимизда демократик ислоҳотлар янада чуқурлашаётган, фуқаролик жамиятини ривожлантириш янги босқичга кўтарилаётган ўта масъулиятли жараёнда ўтди.

Ушбу сайлов демократик ислоҳотлар натижасида юртимизда кўппартиявийлик тизими изчил ривожланаётгани, сиёсий партия­ларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳаётидаги иштироки кучайиб бораётганининг исботи бўлди. Сайловолди ташвиқотининг барча бос­қичида сиёсий партияларга, улардан кўрсатилган номзодларга тенг ва кенг шароит яратиб берилди. Сайловда овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларини партиямиздан тайинланган 9003 нафар кузатувчи кузатиб борди.

Партиямизнинг сайловдаги иштироки таҳлили дастуримизда белгиланган вазифалар аҳолининг кенг қатламлари манфаатларини етарли даражада қамраб ололмаганини ҳамда уни такомиллаштириш зарурлигини кўрсатди.

Кейинги йилларда қонунларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар натижасида сиёсий партия­ларнинг давлат ҳокимиятини шакллантиришдаги ўрни мустаҳкамланиб, жамият ҳаётига таъсир кучи сезиларли даражада ошди. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида парламентда кўпчиликни ташкил этувчи Демократик кучлар блоки ташкил топди.

Партиямиз фракцияси эса ҳукуматнинг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган Ҳаракат дас­турида белгиланган қатор муҳим ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилиш йўллари юзасидан ўз нуқтаи назарига эга эканини билдириб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Конс­титуциявий қонуннинг 251-моддасига мувофиқ, ўзини парламентда кўпчиликни ташкил этаётган Демократик кучлар блокига нисбатан мухолифат деб эълон қилди.

Парламентда Демократик блокка нисбатан мухолифат сифатида фаолият юритиш ЎзХДП фракциясидан ниҳоятда қатъийлик ва талабчанликни, унинг аъзоларидан эса фаоллик ва ташаббускорликни талаб қилади.

Юқорида таъкидлаб ўтилганларнинг барчаси партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари фаолиятини тубдан кучайтириш зарурлигини кўрсатиб турибди. Бу Сайловолди дастуримизда белгиланган вазифаларни амалга оширишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга масаладир, деди партия етакчиси.

Маълумки, партиямиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва давлат ҳокимияти маҳаллий вакиллик органларидаги депутатлик бирлашмалари орқали амалга ошириладиган 2015-2019 йилларга мўлжалланган Сайловолди дас­турини қабул қилган. Унда давлат ва жамият томонидан манзилли ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд бўлган, касбий малака, дои­мий иш жойи ва маошга эга бўлмаган ёлланма ишчилар, иқтисодиётда банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли, ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётган инсонлар, пенсионерлар, ногиронлар, кам таъминланган оилалар манфаатларини ҳимоя қилиш асосий мақсад этиб белгиланган.

Ушбу вазифаларни бажариш учун, айниқса, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз ва жойлардаги партия гуруҳлари ўз ҳуқуқ ва ваколатларидан самарали фойдаланиши зарур бўлади.

Аввало, парламентда фрак­ция­миз партиялараро рақобатнинг қонунда назарда тутилган механизмларини тўлиқ ишга сол­ган ҳолда, қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаёти билан боғлиқ муҳим қарорлар қабул қилиш жараёнларида электорат манфаатларининг, албатта, инобатга олинишига эришмоғи лозим.

Шу мақсадда ЎзХДП фракция­си давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мансабдор шахс­ларининг улар тасарруфига кирадиган масалалар юзасидан ахборотини эшитиш амалиётини изчил давом эттиришни режалаштирмоқда.

Партия раҳбари, шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сессиялари, доимий комиссия йиғилишлари муҳокамасига мунтазам равишда таклифлар киритиб бориш, партия электоратини ўйлантираётган муаммолар, ижтимоий соҳага бюджетдан ажратилаётган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши юзасидан депутатлик ҳамда жамоатчилик назоратини изчил йўлга қўйиш масалаларига ҳам эътибор қаратди.

Пленумда ҳудудий ва бошлан­ғич партия ташкилотлари ишини кучайтириш, мурожаатлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, хусусан, битирувчиларни ишга жойлаштириш билан боғлиқ вазифалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Сўзга чиққанлар бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди, келгусидаги чора-тадбирлар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси, ЎзХДП фракцияси аъзоси Ёқуб Умаров партия Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни бажаришда фракция ташаббускорлигини ошириш масаласида маъруза қилди.

— Партиямиз нуқтаи назари ва сайловчиларнинг фикрларини инобатга олган ҳолда, муқобил қонун лойиҳалари киритиш механизмидан кенг фойдаланишимиз, партиялараро рақобатда, парламентдаги фракциялараро баҳс-мунозараларда ўз позициямизни қатъий ҳимоя қилишимиз зарур, — деди депутат. — Бунинг учун ҳар биримиз фаол бўлишимиз, парламентда муҳокама қилинаётган ҳар бир ҳужжатни электорат манфаатлари нуқтаи-назаридан чуқур таҳлил қилишимиз, шу асосда ўз позициямизни билдиришимиз талаб этилади.

Парламентда фуқароларнинг устувор ҳуқуқлари билан боғлиқ масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинишидан аввал бу борада жамоатчилик маслаҳатлашувларини ўтказишнинг мажбурийлиги тамойилига риоя қилинишини таъминлаш лозим бўлади. Фракциямиз ушбу масалада белгиланган процессуал меха­низм­ларни тўлиқ ишга солишга интилади.

Фракциямиз ташаббуси билан «Касаначилик тўғрисида» қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда Ҳукумат аъзоларининг ҳисоботлари юзасидан иккита парламент эшитувини ўтказишга доир таклифлар парламентда қўллаб-қувватланди. Мазкур таклифлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2015 йилга ва кейинги йилларга мўлжалланган ташкилий-ҳуқуқий тадбирлари, қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил ишлари Дастурига киритилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси бошланғич ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш, шу орқали маҳаллий партия ташкилотлари ишини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор бермоқда.

Пленумда ЎзХДП Уйчи туман кенгаши раиси Равшан Абдуллаев бу ҳақда ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

— Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга реал таъсир кўрсата олсаккина сиёсий майдонда мус­таҳкам ўрнимиз, нуфузимизга эга бўламиз, — деди у. — Бунинг учун кучли бошланғич партия ташкилотларига эга бўлишимиз лозим. Демак, биз партия­мизни кучайтириш ҳақида гапирар эканмиз, биринчи навбатда бошланғич партия ташкилотларига эътибор беришимиз керак. Чунки, аҳоли, сайловчилар, электорат вакилларини ўйлантираётган масалалар, жойлардаги муаммолар кўпроқ бошланғич партия ташкилотларимизга аён бўлади.

Айни пайтда туманимизда 65 та бошланғич партия ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг етакчилари билан тизимли равишда йиғилишлар, давра, суҳбатлари, сиёсий ўқув ва семинар-тренинглар ўтказиш йўлга қўйилган. Аммо биз барча бошланғич ташкилотларни сиёсий ўқувлар билан қамраб ололганимиз йўқ. Баъзи ҳолларда ўқувлар ўтказиш ўз ҳолига ташлаб қўйиляпти. Ўқувларни юқори савияда ўтказишда ҳанузгача тарғибот гуруҳларимиз, маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз имкониятидан етарли даражада фойдалана олмаяпмиз.

Бундай камчиликларни бартараф этиш учун бошланғич ташкилотлар етакчиларининг сиёсий билимини ошириш, аъзолар билан доимий мулоқот муҳитини юзага келтириш, уларнинг пар­тия­миз дастурий мақсадлари ҳақида тушунчаси ва тасаввурини янада бойитиш чораларини кўриш зарур.

ЎзХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти Самарқанд вилоят бўлими етакчиси Ойтўла Абдураимова пленум иштирокчилари эътиборини касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жой­лаштириш масаласига қаратди.

— Бугунги кунга келиб ­бутун дунёда банд­лик, айниқса, ёшлар банд­лигини таъминлаш масаласи жиддий муаммога айланди, — деди у ўз сўзида. — Шу боис мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш устувор вазифа этиб белгиланган.

Бир неча йилдан бери ҳукумат таклифи асосида парламент томонидан иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дас­тури тасдиқланмоқда. Унга кўра, ҳар йили касб-ҳунар коллежларини тамомлаган 500 минг нафарга яқин битирувчи ишга жойлаштирилмоқда.

2014-2015 ўқув йилида Самар­қанд вилоятидaги 161 та касб-ҳунар коллежини 58 минг нафардан ортиқ ёшлар битиради. Уларни иш билан таъминлаш, меҳнат қилиш кўникмаси мустаҳкамланиши учун уларга ёрдам бериш долзарб масаладир.

Менимча, ўз ишини йўлга қўйиш истагидаги ёшларга кредитлар бериш тизимини янада такомиллаштириш, бу борада тижорат банклари мутасаддилари масъулиятини кучайтириш зарур бўлиб турибди. Депутатлар ўз ­фаолиятида шуни ҳисобга олади, деб умид қиламан. 

Иш билан таъминлаш масаласи ўқувчи коллежни битириш арафасида турганида эмас, балки у коллежга ўқишга қабул қилинган вақтдан бошлаб кун тартибига қўйилса, бу бўйича амалий ҳаракатлар бошланса, яхшироқ бўларди. Шунда ўқувчи ўзи учун кафолатланган иш ўрни мавжудлигини ҳис қилган ҳолда, бутун диққат-эътиборини ўқишга, танлаган касби сир-асрорларини пухта ўрганишга сарфлаган бўларди.

Пленумда, шунингдек, Ўзбекис­тон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси Ҳайдар ­Бобохонов Ўзбекистон ХДП Ҳаракат дастури бажарилишида партия гуруҳларининг фаол иштирокини таъминлаш, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Сирдарё вилоят бўлими бошқаруви ­раиси Лазизбек Аҳмедов партиянинг бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Пленумда Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари ­фаолиятини кучайтириш билан боғлиқ бош­қа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва тавсиялари асосида пленумда тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

Бобур ЭЛМУРОДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.