Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
09.04.2015

ХОТИН-ҚИЗЛАРГА МАСЛАҲАТЧИ ВА КЎМАКЧИ

Сирдарё вилоятида 5 мингдан зиёд хотин-қиз ЎзХДП аъзоси ҳисобланади. Ўтган йили декабрь ойида бўлиб ўтган сайловда уларнинг 32 нафари партия­миздан халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига сайланди.

Партиямизнинг «Фаол аёллар» қаноти вилоят бўлими аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини ошириш, ташаббусларини қўллаб-қувватлашда муайян ишларни амалга ошириб келмоқда.

— Биз қишлоқларда, маҳаллаларда, ўқув даргоҳларида белгиланган режа асосида турли тадбирлар, давра суҳбатлари, ўқув машғулотлари ташкил этиб, вилоятимиз хотин-қизлари билан доимий мулоқотда бўлиб турамиз,— дейди «Фаол аёллар» қаноти вилоят бўлими етакчиси Ҳабиба Тўрақулова. — Бу ишларда бизга яқиндан ёрдам бераётган аъзоларимиз кўп. Масалан, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партиямиз гуруҳи аъзоси Ҳаётхон Ортиқбоева ана шундай жонкуярлардан бири. У ўзининг ташаббуси билан «Аҳиллик» маҳалласида «Оналар мактаби» мулоқот клубини ташкил этди. У ерда кўплаб хотин-қизлар иштирокида «Соғлом бола – саодат бешиги», «Оилавий низолар фарзанд руҳини мажруҳ қилади», «Болангизнинг саломатлиги сизнинг қўлингизда», «Оналарнинг тиббий маданияти қай даражада?», «Уйингизда кутубхонангиз борми?» мавзуларида машғ­улотлар ўтказиб келинмоқда. Депутат Янгиер шаҳрида кўзи ожиз қизи билан яшовчи аёлнинг яшаш шароитини ўрганиб, моддий ёрдам уюштирди. Аёл кўзи ожизлар жамиятига ишга жойлашишига, қизи эса шаҳардаги педагогика касб-ҳунар коллежига ўқишга киришига кўмаклашди.

Сирдарё туманидаги 41-умумтаълим мактаби директори, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Мавлуда Бурхонова ҳам ташаббускор аёллардан. У ўзи раҳбарлик қилаётган мактабда таълим-тарбия ишини намунали йўлга қўйиш билан бирга 8 гектар майдонда боғ яратган. Мана шу боғда етиштирилган мевалар мактаб ошхонасига бериляпти.

Аёллар бандлигини таъминлаш уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишнинг муҳим омили. Ўтган йили вилоятда ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш, ишлаб турган корхоналарни модернизация қилиш ва бошқа соҳаларда кўплаб иш ўринлари яратилди.

Эътиборли томони, бу жараёнларда «Фаол аёллар» қаноти жонкуярлари ҳам ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшяпти. Масалан, Гулистон туманидан тадбиркор Зумрадхон Ризоқулова турли пишириқлар тайёрлашга ихтисослашган кичик корхона ташкил этиб, 15 нафар хотин-қизни, кўчат етиштириш билан шуғулланувчи тадбиркор Муҳаббат Абдукаримова эса 8 нафар маҳалладошини иш билан таъминлади.

Вилоятнинг фаол аёллари фақат тадбиркорлик, йўналишида эмас, бошқа соҳаларда ҳам самарали меҳнат қиляпти. Боёвутлик илғор пиллакор, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Ойхол Мусаева, 13-умумтаълим мактаб директори, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Холнисо ­Шоимова, Мирзаобод туманидаги «Тошкент» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зулфия Қорабоева, тарих фанлари номзоди Ўғилой Эрбўтаева, руҳшунос олима Сабоҳат Шарипова, вилоят «Оила» маркази директори ­Сабоҳат Зунуннова, журналист ­Норинисо Қосимованинг фаоллиги ва ташаббускорлиги ЎзХДП аъзоси бўлган барча хотин-қизларга намуна бўляпти. Улар партиянинг дастурий мақсадларини амалга оширишда фаол иштирок этиб, кўпчилик ҳурматига сазовор бўлмоқда. «Фаол аёллар» қаноти ҳамиша ана шундай жонкуярларга таяниб иш юритаётгани ўтказилаётган тадбирлар таъсирчанлигини оширмоқда.

«Фаол аёллар» қаноти бўлими ташаббуси билан ўтган йили вилоят миқёсида 30 га яқин турли тадбирлар ташкил этилгани ҳақида маълумот олдик. Яъни, ҳар бир туманда йил давомида ўрта ҳисобда иккитадан тадбир ўтказилган. Партияларнинг жамиятда таъсир кучи ошиши тақозо этилаётган ҳозирги ша­роитда бу кўрсаткич кўнгилдагидек эмас, албатта.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, айрим тадбирлар номигагина ташкил этилаётганга ўхшайди. Ўтказилаётган тадбирлар режаси билан танишсангиз, асосан тиббиёт ва оила мавзуларига бағишланганлигини кўрасиз. Тўғри, бу мавзулар ҳам муҳим. Лекин партиямиз дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, мавзулар доираси янада кенгайтирилса мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлаймиз. Масалан, аъзолар ва электорат вакилларининг сиёсий-ҳуқуқий билимини оширишга хизмат қиладиган, ёшлар ўз мустақил ишини йўлга қўйишига кўмаклашадиган мавзуларга бағишланган суҳбатлар уюштирилса, айни муддао бўларди. Ана шунда «Фаол аёллар» қанотининг вилоятдаги хотин-қизлар орасидаги довруғи, таъсир кучи янада ошарди.

 

Ўктам АБДУЛЛАЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: