09.04.2015

ОДАМЛАР ИШОНЧИНИ ОҚЛАШ УЧУН

астойдил ишлаш лозим

2014 йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтган сайловда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги, шу билан бирга, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларидаги ҳар бир депутатлик ўрни учун кураш қизғин кечди. Сайловчилар сайлов кампанияси доирасидаги тадбирларда, номзодлар билан учрашувларда фаол иштирок этиб, ўзларини ўйлан­тираётган масалалар юзасидан ҳам фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Хусусан, аҳолини иш билан таъминлаш, тиббий ва коммунал хизматлар кўрсатиш, пенсия ва ижтимоий нафақаларнинг манзиллигини ошириш, қонунлар ижроси устидан назоратни кучайтириш масалаларида жойларда айрим муаммолар келиб чиқаётганини, уларни бартараф этиш долзарб вазифа эканини таъкидлашди. Бу борадаги таклиф-тавсияларини ҳам айтишди. Халқимиз вакилларининг ушбу хоҳиш-истакларини рўёбга чиқариш депутатлар зиммасига улкан масъулиятни юклайди.

Шунинг учун Ўзбекистон Халқ демократик партияси халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги гуруҳлари фаолиятини кучайтиришга, уларнинг электорат манфаатларини ҳимоя қилишдаги ташаббускорлигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу мақсадда партиянинг сайловолди дастуридан келиб чиқиб, 2015-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури қабул қилинди. Унда, хусусан, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари олдида турган вазифалар белгилаб берилди. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами дуч келаётган муаммоларни ўрганиш, энг муҳими, бу борада таклиф бериб, амалий натижаларга эришиш мақсад қилиб қўйилди.

Албатта, электорат манфаатлари билан боғлиқ мазкур ижтимоий масалаларни ўрганиш, уларни ҳудудлар ривожи нуқтаи назаридан таҳлил қилиш осонликча бўладиган иш эмас. Бу йўлда ҳар хил ҳолатларга дуч келинади, вазиятлардан ўтишга, баъзан эса аччиқроқ гапиришга тўғри келади. Лекин депутатнинг олдида ҳар доим одамлар ишончини оқлаш, сайловчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг хоҳиш-истакларини рўёбга чиқариш вазифаси туради.

Уни бажариш учун депутат сайловчилар орасига кириб бориши, аҳоли турмуш тарзи, ҳар бир ҳудуднинг ривожланиш ҳолати, даражаси ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлмоғи керак. Бунинг учун туман (шаҳар)да қандай лойиҳалар амалга оширилаётгани, қайси соҳада қандай ютуқ ёки камчиликлар борлиги, умуман, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва истиқболлари ҳақида ўйлаш, фикр юритиш талаб этилмоқда.

Халқ депутатлари туман ёки шаҳар Кенгашига одатда ўша ҳудудда яшайдиган одам депутат этиб сайланади. Бу бежиз эмас. Чунки одам ўзи истиқомат қиладиган маҳалла, туман ёки шаҳар ҳаётини, у ердаги муҳитни, аҳо­лининг кайфиятини яхши билади, муаммога дуч келса, уни ҳал қилиш учун жон койитади.

Демак, депутат ташаббус билан чиқиб, бирор масала ечим топишига ҳисса қўшаркан, бундан, аввало, унинг маҳалладошлари, яқинлари манфаат кўради. Ўзи туғилиб ўсган, фарзанд­лари вояга етаётган ҳудуддаги эзгу ишнинг ташаббускори бў­лиш, қайсидир муаммони ҳал этиш одамга катта руҳий куч беради, бундан кўнгил кўтарилади. Ҳар бир депутат буни ўзига яхши тасаввур қилса керак, албатта.

Муайян тадбир ёки йиғилишда иштирок этиб, маъруза ўқиш, муҳокама қилинган масалани маъқуллаб қўйиш билан депутатлик вазифаси бажарилди, деб бўлмайди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий комис­сия­ларининг йиғилишлари, сес­сия­лар бўлаётганда, яъни фуқароларнинг устувор ҳуқуқ ва эркинларини таъминлаш, ҳудудларни ривожлантириш билан боғлиқ долзарб масалалар кўриб чиқилаётганда ҳар бир депутат ўз фикри, хулосасига эга бўлиши талаб этилади.

Шу ўринда бир мисолга эътибор қаратсак, 2009 йилда бўлиб ўтган сайловда халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгашига ЎзХДПдан 6 нафар депутат сайланган эди. Депутатлар сони кам бўлишига қарамай, партия гуруҳи аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, шаҳардаги кўп қаватли уйларда иссиқлик тизимини яхшилаш, аҳолининг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, шаҳардаги болалар шифохонасини таъмирлаш ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш масалалари чуқур ўрганилиб, сессиялар муҳокамасига олиб чиқилди. Сессия қарори асосида амалий натижаларга эришилди. Бундан ташқари, депутатлар аҳолини ўйлантираётган қатор масалаларнинг ҳал этилишида ҳам фаоллик кўрсатишди.

Ўтган йили бўлиб ўтган сайловда олмалиқлик сайловчилар кўпроқ ЎзХДПдан кўрсатилган номзодларни қўллаб-қувват­лашди. Ҳозир халқ депутатлари ­Олмалиқ шаҳар Кенгашида ЎзХДПдан сайланган 14 нафар депутат фаолият юритмоқда.

Бундан келиб чиқадики, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш учун ҳаракат қилган пар­тия­нинг аҳоли орасида обрўси, нуфузи, албатта, ошади. Қай­си партиядан сайланган депутат астойдил ишлаяпти, ким кўпни ўйлаб қандай таклиф-ташаббуслар билан чиқяпти, ким номига депутат бўлиб юрибди, бугунги одамлар, сайловчилар буни яхши тушунади, ўзлари сайлаган депутатлар фаолиятини доим кузатиб туради.

«Сайлов ўтди, депутат бўлиб сайландик, ниятимизга етдик, қолгани аста-секин йўлга тушиб кетаверади», деб ўйлайдиган одам қаттиқ янглишади, нафақат одамларни, балки ўзини ҳам алдайди. ­Депутатлик нишонини тақиш билан одам халқ вакили, деган юксак мақомга эга бўлиб қолмайди. Бу номга сазовор бўлиш учун юракдан меҳнат қилиш, жон куйдириш керак бўлади. Ишида натижа кўринган, одамларга ёрдами теккан депутат дарров эл назарига тушади, обрў-эътибори ошиб бораверади.

Ўтган йили таҳририятимизга мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан йўлланган айрим хатларда фуқаролар депутат амалий ёрдам кўрсатгани, газетамиз орқали унга миннатдорлик билдирмоқчи экани ҳақида ёзишди. Халқимиз, катта ёки кичик бўлсин, яхшиликни эсдан чиқармайди, эътиборсиз қолдирмайди, эл-юрт манфаатини ўйлаб қайғурадиган одамнинг ҳурмат-иззатини жойига қўяди. Сайловчиларга, ҳаётга яқин бўлган, ҳар бир масала бўйича ўз фикри, таклифини билдирадиган депутат кун келиб, албатта, обрў қозонади, бошқаларга ҳам ўрнак бўлади. Шундай депутатга қараб одамларнинг демократик онги юксалади, фуқаролик позицияси мустаҳкамланади. Беш йил бир қарашда узоқ муддатдек туюлиши мумкин, лекин кўз очиб юмгунча ўтиб кетади. Шу қисқа вақт ичида ҳар бир депутат хайр­ли ташаббуслар, савобли ишларга бош-қош бўлади, халқимизнинг ишончини оқлайди, деган ниятдамиз.

Ўтган йилги сайловдан кейин Ўзбекистон Халқ демократик партияси мамлакатимиздаги барча туман ва шаҳар Кенгашларида ўз гуруҳларини тузишга эришди. Бу партиянинг ҳар бир ҳудудда ташаббус кўрсатиш, таклиф бериб, сессияга масала киритиш ҳуқуқи кафолатланганини, одамларни ўйлантириб келаётган масалаларни ҳал этиш, тараққиёт йўлини янада кенгроқ очиш бўйича катта имкониятга эга эканимизни англатади. Бу имкониятдан қай даражада самарали фойдаланиш депутатларимизнинг фаоллиги, масъулияти, қолаверса, виждонига боғлиқ масала бўлиб қолади.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ



DB query error.
Please try later.