07.04.2015

ХАЛҚ ВАКИЛИ ИЗЛАНИШДАН ЧАРЧАМАСЛИГИ КЕРАК

Жаҳон тажрибаси шу­ни тасдиқлай­дики, кучли вакиллик ҳокимияти шаклланмасдан туриб, жамият ҳаётини демократлаштириш осон кечмайди. Чунки вакиллик ҳокимияти фуқаролар хоҳиш-иродасини ифода этадиган, уларни амалга ошириш имконига эга муҳим инс­титут ҳисобланади. Дунё амалиётида депутатлик фаолия­ти назорат ўрнатиш, сўров юбориш, парламент эшитуви ташкил этиш ва бошқа кўринишларда намоён бўлади. Миллий қонунчилигимизда депутатлик фаолиятини тўлақонли амалга ошириш бўйича қатор қоида ва меъёрлар жорий этилган. Бу жойларда учраётган муаммоларни чуқур ўрганиш ва уларнинг сабабларини бартараф этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Депутат аҳоли томонидан давлат ҳокимиятининг олий, маҳаллий вакиллик органларига сайланган ишончли вакилдир. Шунинг учун унинг зиммасида сайловчилар манфаатларини ифода этиш вазифаси туради. Депутат қайсидир масалада мутасадди ташкилотларга сўров юбориш, ижро ҳокимияти фаолияти устидан назорат ўрнатиш, аниқланган масалани халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш сессиясида кўриб чиқиш учун таклиф киритиш ва бошқа ҳуқуқларга эга. Тўғри, берилган ҳуқуқ ва ваколатлар кенг, лекин улардан самарали фойдаланиш ўзига хос ва мураккаб жараён ҳисобланади.

Бирор масалани чуқур таҳлил этиш, унинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш керак. Шундан сўнг муаммога бевосита алоқадор ва масъул бўлган тегишли ташкилотларга сўров юбориш, унинг натижаларини умумлаштириш, керак пайтда, уни халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш муҳокамасига олиб чиқиш зарур бўлади. Албатта, бу билан масала ҳал бўлиб қолмайди. Мутасадди ташкилот раҳбарининг депутат юборган сўровга жавоби, сессия қарори ижроси устидан депутатлик назоратини ўрнатиш ҳам талаб этилади. Иш шу тартибда изчил йўлга қўйилсагина натижаси ижобий бўлади. Энг муҳими, бирор муаммо ҳал этилади, одамларнинг оғири енгил, сайловчиларнинг эса муроди ҳосил бўлади.

ЎзХДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган семинарда шу масала иштирокчилар диққат марказида бўлди. Сўзга чиққанлар мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашда депутат ваколати ва имкониятларига тўхталиб ўтишди. Хусусан, депутатлик назорати ва депутат сўрови институтидан самарали фойдаланиш механизмлари, бу борада тўпланган тажриба, хато ва камчиликлар таҳлил этилди.  Мазкур йўналишдаги долзарб вазифалар юзасидан таклиф, тавсиялар билдирилди. 

— Халқ депутат­лари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг давлат бошқаруви органлари устидан назоратини, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича аниқ таклиф, муқобил дастурларни илгари суриш борасидаги фаолиятини кучайтириш бугун олдимизда турган энг асосий талаблардан биридир, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева. —  Шу маънода ҳар бир депутатдан ҳаётимизнинг устувор ва долзарб йўналишларини ўз ичига олган ижтимоий-иқтисодий соҳалар ривожини таҳлил қилиб бориш, ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш учун белни маҳкам боғлаб курашиш талаб этилмоқда. Бу борада депутатлик сўрови институтидан фойдаланишнинг аҳамияти катта, албатта.

«Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги қонунида депутатнинг ҳуқуқларидан бири сифатида депутат сўрови билан мурожаат этиш ҳуқуқи белгиланган. Депутат сўрови тушунчасига эътибор қаратадиган бўлсак, депутат сўрови — бу депутатнинг тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви ор­ганларининг мансабдор шахс­ларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби кўрсатилган мурожаати ҳисобланади.

Асосий масала шундаки, депутат кимдир унга мурожаат қилишини кутиб турмаслиги керак. Нимага десангиз, бир кишининг муаммосини ҳал қилиб бериш бош­қа-ю, катта бир ҳудуд аҳолисини ўйлантираётган муаммони ҳар томонлама чуқур ўрганиб, масала бўйича депутатлик сўрови юбориш, керак пайт­да, уни сессия муҳокамасига олиб чиқиш бутунлай бош­қа масала. Шунинг учун маҳаллий Кенгаш депутати унга мурожаат этилган масалани ўрганиш, уни ҳал этиш иши билан чекланмаслиги керак. Муаммонинг келиб чиқиш сабабини ўрганиш, унинг илдизига етиб бориш лозим. Бугун бир кишини ўйлантирган масала, эртага бошқа бир одамни ҳам ташвишга солиши мумкин. Агар масала ҳудуд миқёсида ўрганилиб, унга мутасадди ташкилотлар эътибори кучайтирилса, эришиладиган ижобий натижанинг салмоғи янада ошади.

— Бугун ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларига қаратилган аниқ таклиф ва ташаббуслар билан чиқишда депутатлар фаоллигини кучайтириш давр талабига айланди, —  дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Дилмурод Саъдуллаев. — Бу борада унинг ҳуқуқи, мақоми кенгайтирилди. Улардан фойдаланиш учун, аввало, сайловчилар билан доимий мулоқотда бўлишимиз, одамларнинг кайфияти ва фикрини ўрганиб боришимиз керак, деб ўйлайман.

Ҳаёт ўзгариб, кундан-кунга ол­димизга янги талаблар қўйилмоқда. Депутат ҳаётни зийрак бўлиб кузатиб бориши, ўйлаши, аҳолини ташвишлантириб ке­лаёт­ган масалаларни ҳал этиш чораларини доимий излаши керак. «Бу муаммо бўйича ҳеч ким мурожаат қилмадику, кимдир мурожаат қилсагина масалани ҳал этишга кўмаклашаман», деган фикрда ишласак, одамларга, тараққиётга нафимиз тегмайди.

— Яна бир масала. Айтайлик, йўл қурилиши билан боғлиқ муаммо бўйича мутасадди ташкилотга сўров юборилди. Жавобда бу масала ҳудудий дастурга киритилгани қайд этилади, — дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Боймурод Юсупов. — Депутат расмий жавоб олдим, вазифамни бажардим, деб уни ўз ҳолига ташлаб қўймаслиги керак. Хўш, масала дас­турда белгиланган вақтда ҳал этилдими, бу аҳоли эҳтиёжига хизмат қиладими? Шу бўйича назоратни кучайтириш зарур. Шундагина сўров ижобий натижа беради, депутатнинг амалий иши кўринади.

Тадбир сўнггида маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг ижросини таъминлашда уларнинг ролини кучайтириш, электорат билан ишлашнинг замонавий усулларидан кенг фойдаланиш бўйича партия кенгашлари ва депутатларга аниқ тавсиялар берилди.

Сўнгги йилларда бир қатор қонунларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар натижасида сиёсий партиялар, депутатларнинг ҳуқуқ ва ваколатлари кенгайди. Ҳар бир депутат яратиб берилган имкониятлардан келиб чиқиб, депутатлик сўрови, ижро ҳокимияти раҳбарлари ҳисоботини эшитиш механизмларидан кенг фойдаланиши зарур. Ҳозир одамлар ислоҳотлар ва уларнинг маъно-мазмуни ҳамда аҳамиятини яхши тушунади, ўзлари сайлаган депутатдан фақат амалий ишларни кутади, керак бўлса, талаб қилишни ҳам билади.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.