Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
04.04.2015

БИТИРУВЧИЛАРНИ ИШГА ЖОЙЛАШТИРИШ БЎЙИЧА

ҳукумат томонидан қўшимча чора-тадбирлар белгиланди

Бирор касб-ҳунарни ўрганиб, ҳаётга катта орзу-ниятлар билан кириб келаётган битирувчининг ишли бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Бундай пайтда ўзига, келажагига ишончи ошган ёш йигит ёки қизнинг кўнглидан ўтадиган кечинмаларни тасаввур қилиб кўринг. Фарзандининг меҳнат фаолиятини бошлаганидан мамнун ота-она қувончининг ўзи бир олам...

2015 йил 10 мартда бу борада яна бир ҳужжат — Вазирлар Маҳкамасининг «Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қў­шимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унда ёшларни иш билан таъминлаш жараёнлари қамровини янада кенгайтириш билан боғлиқ бир қатор муҳим масалалар кўзда тутилган.

Ушбу қарор касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш, уларни ишга жойлаштиришда мутасадди раҳбарларнинг жавобгарлигини ошириш, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 16 январдаги 1-сон мажлиси баёнининг 20-банди ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

Қарорда касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар самара бераётгани қайд этилади. Шу билан бирга, таҳлил натижалари мутасадди раҳбарларнинг касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласига эътиборсизлик билан ёндошиши кузатилаётгани, бунинг натижасида баъзан хато ва камчиликларга йўл қўйилаётгани маълум қилинади.

Жумладан, ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, ишга жойлашган, деб ҳисобот берилган битирувчилардан баъзилари ишга олинмаган, уларга меҳнат дафтарчалари очилмаган.

Қарорда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш, аниқ ташкилотларга – иш берувчиларга бириктириш ва эгаллаган касблари бўйича ишга жойлаштиришни таъминлаш бўйича Республика мувофиқлаштирувчи кенгаши ва ҳудудий мувофиқлаштирувчи кенгашлар тузилиши кўзда тутилган.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ва уларни ишга жойлаштириш бўйича амалга ошириладиган ишлар схемаси тузилди. У беш босқичдан иборат бўлиб, ҳар бирида маълум тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган.

Жумладан, биринчи босқичда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг тўлиқ маълумотлар банкини яратиш, туман (шаҳар)даги корхона ва ташкилотларнинг ўрта махсус маълумотга эга кадр­ларга бўлган эҳтиёжини аниқлаш, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда касб-ҳунар коллежлари директорлари билан бирга битирувчиларни корхона ва ташкилотларга бириктириш тадбирлари кўзда тутилган.

Иккинчи босқичда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг корхона ва ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиёти ўташи ва уларни ишга жойлаштириш бўйича уч томонлама шартнома имзолашни ташкил этиш тадбирлари қайд этилган.

Учинчи босқич битирувчи курс ўқувчилари амалиёт ўтайдиган корхона ва ташкилотларда етарли шарт-шароит яратиш, битирувчиларнинг ишлаб чиқариш ама­лиё­тини ташкил этиш каби тадбирларни ўз ичига олган.

Тўртинчи босқичда ихтисослаштирилган бўш иш ўринлари ярмаркалари ўтказилади, ўз хусусий ишини очиб, бизнес билан шуғулланишга қарор қилган касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига тижорат банкларининг имтиёзли кредитларини ажратиш орқали ишга жойлаштиришни ташкил этиш чора-тадбирлари амалга оширилади.

Якуний – бешинчи босқичда эса битирувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ҳамда уларни ишга жойлаштиришнинг боришини акс эттирувчи ягона шаклдаги маълумотлар базасини юритиш, шу билан бирга, битирувчиларнинг иш билан таъминланганини назорат қилиш тадбирлари белгилаб қўйилган. Бунда ишлаётганлик ҳақидаги маълумотларнинг ҳаққонийлигини шахсий жам­ғариб бориладиган пенсия ҳисоб-варақлари орқали назорат қилиш, кўзда тутилган.

Қарорда туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари касб-ҳунар коллежлари, корхона-ташкилотлар раҳбарлари билан биргаликда ўз ҳудудларидаги ҳар бир битирувчини эгаллаган касби бўйича ишга жойлаштиришни назарда тутиши, уч томонлама (корхона-битирувчи-коллеж) шартномалар тузган корхона ва ташкилотлар тўғрисидаги тўлиқ маълумотларни ҳудудий кенгашларга тақдим этиши кўрсатилган.

Қарорда назарда тутилганидек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда ҳудудий кенгашлар туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан тақдим қилинган маълумотларни умумлаштиради, таҳлил қилади, сўнгра Республика мувофиқлаштирувчи кенгашига тақдим этади.

Республика мувофиқлаштирувчи кенгаши ушбу маълумотларнинг умумий таҳлили асосида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишлаб чиқариш ама­лиё­ти ўташ учун аниқ корхона ва ташкилотларга, яъни иш берувчиларга бириктириш бўйича якуний кўрсаткичларни ҳар бир туман ва шаҳар кесимида тасдиқлайди.

Шундан кейин тасдиқланган якуний кўрсаткичлар ижро учун Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказига, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаларига, касб-ҳунар коллежларига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига, тегишлилиги бўйича Вазирлар Маҳкамаси комплексларига тақдим этилади.

Ҳар бир туман ва шаҳар бўйича касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш билан боғлиқ манзилли тадбирлар ижросининг ҳафталик назорати олиб борилади.

  Қарорга мувофиқ                          йил якуни бўйича касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш борасида энг паст натижа кўрсатган туман (шаҳар) ҳо­кимлик­ларига қонунчиликда белгиланган интизомий чоралар кўрилади.

Ҳукумат қарорига кўра, шунингдек, касб-ҳунар коллежларининг 2014/2015 ўқув йилидаги битирувчиларини аниқ корхона ва ташкилотларга – иш берувчиларга бириктириш кўрсаткичлари ҳамда 2015 йилда тижорат банклари томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун имтиёзли кредит ажратишнинг прогноз параметрлари тасдиқланди.

Қарорда коллеж битирувчиларининг амалиётини ташкил этиш,  уларни иш билан таъминлаш бўйича ҳар бир мутасадди вазирлик ва ташкилотларнинг вазифалари аниқ белгилаб берилган. Жумладан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг билим даражасини ва касбий тайёргарлиги сифатини ошириш, касб-ҳунар коллежларининг ўқув-лаборатория хоналари ва ишлаб чиқариш устахоналарини замонавий жиҳозлар, юқори технологияли ускуналар билан қўшимча жиҳозлаш чораларини кўриши керак.

Шунингдек, қарорда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижросининг доимий мониторингини олиб бориш, туман (шаҳар) марказларида ихтисослаштирилган бўш иш ўринлари ярмаркаларининг самарали ташкил этилишини назоратга олиш каби вазифалар юклатилган.

«Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қў­шимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор ижроси самарали ва белгиланган муддатларда ташкил этилиши ёшларимиз келажаги, ЎзХДП электорати манфаатлари ҳимоясида долзарб аҳамият касб этади. Демак, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига партиямиздан сайланган депутатлар ушбу масалага жиддий эътибор қаратиши керак бўлади.

 

Сарвар РАҲИМОВ



DB query error.
Please try later.