04.04.2015

МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШ ДЕПУТАТИ,

зиммангизда қандай масъулиятли вазифалар турганини биласизми?

2014 йил декабрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик па­ла­таси ва Халқ депу­татлари маҳаллий вакиллик орган­ларига бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон Халқ демократик пар­тиясидан кўр­сатилган номзод­ларнинг 214 нафари вилоят кенгаш­ларига, 1657 нафари туман ва шаҳар кенгашларига сайланди.

Янгидан шаклланган партия гуруҳлари зиммасида қандай вазифалар турибди? Депутатлик сўрови институти, депутатлик назорати ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарининг ҳисоботини эшитиш қай даражада амалга оширилмоқда? Буни ўтган чақириқда фаолият юритган партия гуруҳлари мисолида таҳлил этишга ҳаракат қиламиз.

Бугун мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳаётида сиёсий партияларнинг ўрни тобора кучайиб бормоқда. Ижро ҳокимияти устидан самарали жамоатчилик назорати ўрнатишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари муҳим ўрин тутмоқда.

Қонунчиликка кўра, партия гуруҳлари сессия кун тартибини тузишда иштирок этиш, сессия кун тартибидаги ҳар бир масала бўйича музокараларда гуруҳ вакилига сўз бериш, тегишли равишда Жўқорғи Кенгеснинг Раисига ва Вазирлар Кенгашига, Қорақалпоғистон Республикасининг вазирларига ва бошқа давлат органлари раҳбарларига, ҳокимларга, ҳоким ўринбосарларига, ҳокимликлар бўлимлари ва бошқармаларининг раҳбарларига, шунингдек, тегишли халқ депутатлари Кенгаши ҳудудида жойлашган корхона, муассаса ва ташкилотларнинг раҳбарларига сўровлар билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Бироқ, 2014 йил давомида маҳаллий Кенгашлардаги ЎзХДП гуруҳи аъзолари депутатлик сўрови институти ваколатларидан тўлиқ ва самарали фойдалана олди, бунинг учун айрим рақамларга мурожаат қиламиз. Жумладан, ўтган йили депутатлар томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларига 3 мингдан ортиқ депутатлик сўрови жўнатилган. Ваҳоланки, бугунги кунда жойларда ўз ечимини кутаётган ижтимоий-иқтисодий масалалар, электорат манфаатларини ўйлантираётган муаммолар оз эмас.

Яна бир масала. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги ЎзХДП гуруҳлари ташаббуси билан маҳаллий Кенгашлар сессияларида мансабдор шахсларнинг соҳага оид масалалар юзасидан ҳисоботларини эшитиш етарли даражада ташкил этилмаяпти. Партия гуруҳлари томонидан 2014 йилда бор-йўғи 50 дан ортиқ ҳисобот эшитилди.

Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш керакки, партия гуруҳлари  депутатлик сўрови институти ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессияларида мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини эшитиш амалиётини янада такомиллаштириши лозим.  

«Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг
7-моддасига кўра, назорат қилиш вазифалари самарадорлигини ошириш мақсадида халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига тасдиқланган шахсларнинг қониқарсиз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига асосланган хулосалар тақдим этиш ташаббуси билан чиқиши белгилаб қўйилган. Бундай ташаббус етакчи партия гуруҳлари томонидан қўллаб-қувватланган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президенти бу ташаб­буснинг халқ депутатлари Кенгашидаги муҳокамасини тайин­лайди ва муҳокама натижаларига мувофиқ қарор қабул қилади.

Афсуски, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари берилган ваколатлардан етарли даражада фойдалана олмаяпти. Айтиш керакки, минтақалар иқтисодиёти, ижтимоий инфратузилмаси ва меҳнат ресурсларини мувозанатли комплекс ривожлантиришнинг ўртача муддатли инвестиция дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш асосида банд­лик борасидаги минтақавий сиё­сат самарадорлигини янада ошириш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳларнинг жойларда таъсирчан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ташкил этиш борасидаги ишлари талаб даражасида эмас.

2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дас­тури бажарилишида, жумладан, касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлашишида бир қатор муаммолар, аниқроғи, расмий маълумотлар билан ҳақиқий ҳолат ўртасида тафовутлар пайдо бўлди.

Шу ўринда савол туғилади: маҳаллий Кенгаш депутатлари зиммасида қандай вазифалар турибди? Энг аввало, давлат ҳокимиятининг сайланадиган вакиллик органлари ишида фаол иштирок этиш орқали партия дастурий мақсадларини амалга ошириш ва Ўзбекистон Халқ демократик партияси электорати манфаатларига хизмат қилувчи қонунлар ва бошқа давлат қарорларини қабул қилиш улар самарали бажарилишига таъсир кўрсатиш механизмидан тўлиқ фойдаланиш лозим бўлади. Шунингдек, мамлакатда амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсатнинг норматив асосини ташкил этадиган давлат қарорларининг жойларда аниқ ижро этилиши юзасидан давлат бошқаруви маҳаллий органлари ходимлари масъулиятини оширишга хизмат қиладиган депутатлик ва жа­моатчилик назорати институти ­фаолиятидан кенгроқ фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Иқтисодиётда банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётган, шунингдек, кам таъминланган ва кўп болали оилалар, жисмоний имкониятлари чекланган одамлар ва пен­сионерлар аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ва гуруҳларини аниқ тарзда ижтимоий қўллаб-қувватлашни назарда тутадиган мақсадли давлат дастурлари бажарилиши борасида мансабдор шахслар ҳисоботларини эшитиб бориш амалиётини такомиллаштириш талаб этилади.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳудудий дас­турларини ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва ижро қилинишидаги фаол иштирокини таъминлаш лозим.

Мазкур вазифаларни ҳаётга самарали татбиқ этиш сайловчилар, электорат вакиллари ишончини оқлашга хизмат қилади.

 

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.