02.04.2015

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ САЙЛОВИ

очиқлик, ошкоралик тамойиллари асосида ўтди

31 март куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ўзбекистон Респуб­лика­си Президент­лигига бўлиб ўтган сайловнинг дастлабки натижаларига бағишлаб журна­листлар учун брифинг ўтказ­ди.

Унда ЎзХДП Марка-зий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиянинг иштироки бўйича маълумот берди.

— Куни кеча Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси ­Пре­зидентлигига бўлиб ўтган сайлов натижалари эълон қилинди, — деди партия етакчиси. — Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сайлов кампаниясининг барча босқичларида сиёсий партиялар ва улар томонидан кўрсатилган номзодларга тенг имкониятлар яратиш тамойилига қатъий риоя қилинди.

Партиямиз сайловдаги иштироки давомида қонунчилигимизда белгиланган барча имкониятлардан тўлиқ фойдаланишга ҳаракат қилди.

Сайлов кампаниясини уюш­қоқлик билан ўтказиш мақсадида ЎзХДП Марказий Кенгаши ҳузурида Марказий сайлов штаби, партиянинг Қорақалпоғистон республика, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларида ҳудудий штаблар ташкил этилди. Уларга партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиши билан боғлиқ барча ишларни мувофиқлаштириш вазифаси юклатилди.

Номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам бериш, тарғибот ишларини ташкил этиш мақсадида 14 нафар ишончли вакил тайинланди.

Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловолди ташвиқотига рухсат берилган кундан бошлаб қонунчилигимизда белгиланган тартибда номзоднинг сайловолди ташвиқоти олиб борилди. Жойларда пар­тия­дан кўрсатилган номзод ва унинг ишончли вакилларининг сайловчилар билан учрашувлари юқори даражада ўтишида сайлов округлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан барча шарт-шароитлар яратилди.

Бу, ўз навбатида, номзоднинг 14 та сайлов округида уч ярим минг нафардан ортиқ сайловчилар билан бевосита учрашувлар ўтказиш имконини берди. Номзоднинг ишончли вакиллари мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларида 194 та учрашув ўтказди. Уларда қарийб 28 минг ­нафарга яқин сайловчи иштирок этди.

Таъкидлаш керакки, мазкур сайлов кампаниясида барча сиё­сий партияларга оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда кенг имкониятлар яратилди. Сай­лов­олди тарғиботи доирасида республика босма нашрларида мате­риал­лар чоп этилди ҳамда электрон босма нашрларга жойлаштирилди. Хусусан, партия веб-сайтида, бош­қа интернет сайтларда бир қатор материаллар чоп этилди.

Буларнинг барчаси мамлакатимизда сайлов жараёни очиқлик ва ошкоралик каби демократик тамойиллар асосида ўтганидан далолат беради. Шунингдек, сайлов халқимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги юксалиб, одамларда юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси кучайганлигини кўрсатди.

Биз сайловда 2,92 фоиз овоз олдик. Аввало, партиямиздан кўрсатилган номзодни қўллаб овоз берган барча сайловчиларга миннатдорлик билдирамиз.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинган сайлов натижаларини тўлиқ тан олади. Партиямиз таъкидлайдики, сайлов жараёнида Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш тўғрисидаги қонунчилик бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар кузатилмади. Сайловда овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнини партиямиздан тайинланган 9003 нафар кузатувчи кузатиб борди.

Сайлов жараёнларидаги учрашувлар партиямиздан кўрсатилган номзод дастурида белгиланган вазифалар аҳолининг кенг қатламлари манфаатларини етарли даражада қамраб ололмагани ҳамда уни янада такомиллаштириш, янги-янги ташаббуслар билан фаолиятимизни янада кучайтиришимиз лозимлигини кўрсатди.

Биз келажакда мазкур дастурни такомиллаштириш  юзасидан тегишли вазифаларни белгилаб оламиз ва уни амалга ошириш учун мавжуд ваколатлардан фойдаланамиз. Электоратимиз манфаатларига оид масалаларни ҳал этишда фаол иштирок этамиз.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши Матбуот хизмати.



DB query error.
Please try later.