Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
02.04.2015

ТАБИИЙ ГАЗНИНГ ҲАМ ҲИСОБИ БОР

Бугунги ҳаётимизни «зангори олов» — табиий газсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бир зумда чойимиз қайнайди, овқатимиз пишади. Бошқача айтганда, газ беминнат дастёримизга айланган. Аммо бу табиий бойликдан тежаб-тергаб фойдаланиш, унинг қадрига етиш ўрнига исроф қилаётган, ҳатто фойдаланишга фойдаланиб, ҳақини тўлашга келганда, пайсалга солаётганлар учраб турибди.

Айрим ҳолларда эса истеъмолчилар туман(шаҳар)газ филиаллари билан тузилган шартномавий муносабатларни бажармаслик натижасида қарз­дорлик ошиб бормоқда. Қолаверса, баъзи истеъмолчилар газ ҳисоблагичларини белгиланган муддатда даврий қиёслов кўрикдан ўтказмаётгани ҳам турли муаммоларга сабаб бўлмоқда.

«Ўзтрансгаз» АК инженер — метрологи Баҳодир ­Муллажонов билан суҳбатимиз шу мавзуди бўлди.

— «Википедия» сайтининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотига қараганда, Ўзбекистон Республикаси 101 давлат орасида табиий газ захирасининг кўплиги билан 23 ўринни эгаллаб турибди,— дейди у.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Уй-жой фондини сув ва газни ҳисобга олиш приборлари билан жиҳозлаш, уларни Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқаришни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 1999 йил 1 июндаги қарори билан илк газ ҳисоблагичлар ўрнатиш бошланди ва Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 мартдаги «2002-2004 йилларда уй-жой фондини газни ҳисобга олиш приборлари билан жиҳозлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан эса бу жараён жадаллаштирилди. Натижада аҳолининг истеъмол қилган газ ҳажмига қараб аниқ тўловлар ҳисобланиши йўлга қўйилди. Бундан кўзланган мақсад табиий газимизни тежаб-тергаб оқи­лона ишлатиш ва энг муҳими, аҳолига ортиқча сарф-харажат қилдирмаслик эвазига қулайлик яратиш.

— Бугунги кунда ўрнатилаётган газ ҳисоблагичлар қайси давлатларда ишлаб чиқарилган? Яна қайси русумдагиларга рухсат бор?

— Ҳозирги пайтгача корхона ва хонадонларда ўрнатилган газ ҳисоблагичлар Ўзбе­кис­тон Республикаси Давлат реестрига киритилган ва қабул қилинган бирликларда ифодаланган шкалага эга бўлиши, газнинг турли миқдордаги оқимларини ўлчаш учун зарур ва етарли бўлган градациялар бўйича ишлаб чиқарилган бўлиши ҳамда техника хавф­сизлиги, фойдаланиш, таъмирлашга яроқлилик, ўзаро алмаштирувчанлик бўйича техник регламентлар ёки стан­дарт­ларга жавоб берадиган, индикатор қурилмалари осон кўринадиган бўлиши керак. Шу­нинг­дек, газни ҳисобга олиш прибори панелида қуйидаги ёзувлар бўлиши керак:

приборнинг тартиб рақами ва тайёрланган санаси;

тайёрлаган завод ёки фирма, тайёрланган мамлакат;

приборнинг марка белгиси (фирма ва кодланган номи);

энг кўп газ ўтказиш қуввати;

энг кам газ ўтказиш қуввати;

энг юқори ишлаш босими.

Ҳозиргача шу талаблардан келиб чиқиб, «Ўзстандарт» агентлиги синов лабораториясидан ўтган, асосан Россия ва Хитой давлатларида ишлаб чиқарилган G – 1,6, G – 2,5, G – 4, G – 6, G – 10 русумли газ ҳисоблагичлар ўрнатилиб келинмоқда. Қолаверса, яна «Гранд-SPI», «Принц», «СГК-G», «Вектор-С-1,6(Т)», «РБГ Т» маркаларига ҳам рухсат бор, фақат метрология текширувидан ўтказилиб, ўрнатилиш қоидаларига риоя қилинса бўлгани. Ҳаммамизга маълумки, хонадонни газлаштириш лойиҳасига асосан абонент янги газ ҳисоблагич сотиб олгандан сўнг, уни хонадонга ўрнатиш учун ҳудудий тумангаз филиалига ариза беради. Белгиланган тариф бўйича ўрнатиш тўлови тўлангандан сўнг қолган ишлар тумангаз филиаллари ходимлари томонидан амалга оширилади. Ҳисоблагич унинг техник регламентлари ёки стандартлари ва турига мувофиқ (вертикал, горизонтал) ҳолатда ўрнатилади.

— Газ ҳисоблагич қандай жойда, қайси техник талаблар асосида ўрнатилади?

— Ҳисоблагич газлаштириш лойиҳасига асосан хизмат кўрсатиш ва кўрсаткичини назорат учун қулай бўлган жойга қўйилиши керак. Шунингдек, истеъмолчилар ўрнатилган газ ҳисобдонига эҳтиётлик билан муносабатда бўлиши, унинг сақланиши ва зарур даражада фойдаланилиши учун жавоб беради. Шунингдек, хавфсизлик техникаси талабларига жавоб берувчи жойларга ўрнатилиши лозим. Бу эса абонентнинг ўрнатилган газ ҳисоблагичга қуёш нурининг тўғридан – тўғри тушишига йўл қўймаслиги, ҳар хил ташқи таъсирлардан ҳимояланган ҳолда ундан фойдаланишини талаб этади. Шундай бўлгандагина газ ҳисоблагичи узоқ ишлаши таъминланади.

— Бугунги кунда хонадонларнинг қанча фоизи газ ҳисоблагич билан таъминланган?

— Маълумотларга назар ташласак, республика миқёсида газ ҳисоблагичлар ўрнатилган хонадонлар 71 фоизни ташкил қилади.

Янада аниқроғи, жами 3 млн. 281 минг 934 та хонадон газ ҳисоблагичга эга. Шулардан 504 минг 480 та кўп қаватли уйлар ва 2 млн. 777 минг 454 та ҳовли жойни ташкил қилади.

— Газ ҳисоблагичлар ҳар 4 йилда бир бора даврий қиёслов кўригидан ўтказилади. Нега айнан 4 йил муддат белгиланган?

— Сиз айтаётган 4 йиллик даврий қиёслов кўриги муддати фақатгина жисмоний шахсларга тегишли. 2014 йил 7 июлдаги «Ўзбекистон стан­дарт­лаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги» ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш Давлат инспекциясининг қарорида шу муддатлар белгилаб берилган. Шунингдек, ҳужжатда кўрсатилганидек, агар газ ҳисоблагичлардаги қиёслов кўригидан ўтказилганлигини тасдиқловчи «Ўзстандарт» агентлигининг пломбаси ши­каст­ланганда ёки қайта созлаш ишларини ўтказиш зарурати вужудга келганда, эксперт текширувидан – газни ҳисобга олиш приборларининг созлиги ёки уларнинг қўллашга яроқлилиги, метрологик тавсифлар бўйича мунозарали саволлар туғилганда ҳисоблагич муддатсиз, қайта кўрикдан ўтказилиши шарт.

Ўрни келганда таъкидлаб ўтишим керакки, бугунги кунда тез-тез учраб турадиган табиий газ истеъмолидан келиб чиқадиган қарздорлик юқоридаги даврий қиёслов кўригидан ўтишига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Аксарият ҳолларда огоҳлантиришлар берилишига қарамасдан газ истеъмолчилари тумангаз филиаллари билан тузилган шартнома бандларига эътиборсизлик билан қараётганликлари учун бу оралиқ текширув муддатини ўтказиб юборишмоқда. Ёки лоқайд лик билан бунга аҳамият беришмаётганликлари сабабли катта миқдордаги қарздорликлар келиб чиқмоқда. «Ўзстандарт» агентлиги томонидан берилган сертификатнинг муддати ўтган тақдирда газ сарфи ҳисоби белгиланган меъёрлар асосида амалга оширилади.

Технологик янгиланишлар бу соҳага ҳам жорий этилмоқда. Янги турдаги электрон газ ҳисоблагичлар синов тариқасида ўрнатилаётганлигидан хабаримиз бор. Бу ҳисоблагичлар ҳа­қида маълумот берсангиз. Янги технология қў­шимча харажатлар талаб этмайдими? Унинг самарадорлиги нимада?

— Ҳудуд жиҳатидан катта ҳисобланадиган Тошкент вилоятининг Зангиота туманида бу борада бир қатор ишлар амалга оширилди. «Зангиотатумангаз» филиали негизида ташкил этилган 14 та бўлинма ҳудудига кириб келувчи ва ҳудуддан чиқиб кетувчи газ ҳажмларининг ҳисобини юритиш учун газ қувурларига замонавий электрон «СТГ БК» ва «Автопилот» русумли газ ҳисоблагичлари ўрнатилди. Бу ускуналардан куннинг исталган вақтида маълумотлар олиб туриш имкониятини яратиш учун ҳар бир газ ҳисоблагичга модем алоқаси ўрнатилди. Шу йўл билан ҳар бир газ ҳисоблагич газ сарфини автоматик ҳисоблаш тизимига уланди. Натижада газ сарфининг кундалик ва соатлик ҳажми ҳақида аниқ маълумот олиб туриш, филиал томонидан қабул қилиб олинган газ ҳажмини бўлинмаларга тўғри тақсимлаш, газ етиб бормаётган ҳудудларни тезкорлик билан аниқлаш ва газ билан таъминлашни ташкил қилиш, ортиқча газ йўқотилишининг олдини олиш имкониятларини бермоқда.

Синов тариқасида хонадонларга ҳам электрон газ ҳисоблагичлари ўрнатилмоқда. Бу ишлар харажатлар талаб қилиши табиий. Аммо газ сарфи бўйича ортиқча йўқотишлар билан солиштирилганда бу ҳар иккала томон (истеъмолчи ва таъминловчи) учун ҳам фойдалидир.

Хулоса қилиб айтганда, «Ўзтрансгаз» акциядорлик компанияси томонидан олиб борилаётган бу каби ишлар захираси тикланмайдиган табиий газдан унумли ва оқилона фойдаланишга қаратилган саъй-ҳаракат бўлиб, истеъмолчилар ҳам ана шу ҳақиқатни теран англашлари зарур бўлади. Зотан, табиий газ мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтирадиган, хонадонларимизга илиқлик олиб кирадиган бебаҳо бойлигимиз  ҳисобланади. Ундан омилкорлик билан фойдаланиш, беҳуда сарф қилмаслик кўникмасини шакллантириш эса истеъмолчи маданияти даражасини, юртга ва унинг келажагига бўлган муносабатимизни белгилайди.

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.